Швеция парламенти НАТОга аъзо бўлиш учун овоз берди
Риксдагдаги овоз беришда Швециянинг НАТОга киришига фақат Сўл ва «яшиллар» партияси қарши чиқди.
Швеция парламенти мамлакатнинг НАТОга киришини қўллаб-қувватлади. 22 март, чоршанба кунги овоз беришда бу қадам учун 269 депутат овоз берди, 37 нафари қарши чиқди. Овоз беришда 349 депутатдан 43 нафари иштирок этмади.
Швециянинг Svenska Dagbladet газетасига кўра, Риксдагдаги овоз беришда НАТОга қўшилишга фақат Сўл партия ва «Яшиллар» партияси қарши чиққан.
«НАТОга аъзолик Швеция хавфсизлигини таъминлаш ва бутун Евроатлантика ҳудуди хавфсизлигига бирдамлик ҳиссасини қўшишнинг энг яхши йўлидир», деди Қироллик ташқи ишлар вазири Тобиас Биллстрём овоз беришдан олдинги олти соатлик парламент муҳокамаси чоғида.
Швеция ва қўшни Финландия бетарафлик сиёсатидан воз кечиб, 2022 йил май ойида Россиянинг Украинага кенг кўламли ҳарбий бостириб кириши фонида Шимолий Атлантика альянсига қўшилиш тўғрисида қарор қабул қилди. Ушбу мамлакатларга тўлиқ аъзолик бериш учун уларнинг аризалари Туркия ва Венгрия томонидан тасдиқланиши керак.
17 март куни Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Финландия президенти Саули Ниинистё билан қўшма матбуот анжуманида унинг мамлакат парламенти Финландия аризасини ратификация қилиш жараёнини бошлашини айтди. Швеция билан вазият бошқача, дея қўшимча қилди Туркия раҳбари.
Анқара, биринчи навбатда, Стокҳолмнинг унга Туркия курд фаоллари, шунингдек, 2016 йилги давлат тўнтаришига уринишда алоқадорликда гумон қилинганлар деб ҳисоблайдиган «террорчиларни» экстрадиция қилишни истамаслигидан норози.
Шу билан бирга, Швеция ташқи ишлар вазири Биллстрём 2023 йил июль ойида Вилнюсда бўлиб ўтадиган НАТО саммитидан олдин ўз мамлакати Шимолий Атлантика альянсига қабул қилинишига ишонч билдирди.
Венгрия 27 март куни Финландия аризасига овоз бериши керак. Швеция бўйича қарор мамлакат томонидан кейинроқ қабул қилинади.
Мавзуга оид
20:43 / 12.11.2024
НАТО бош котиби Украинадаги можаро «траекториясини» ўзгартиришга чақирди
16:07 / 12.11.2024
Greenpeace: НАТО ҳарбий жиҳатдан Россиядан сезиларли даражада устундир
01:18 / 10.11.2024
Россиялик ўқитувчилар «НАТОдан ҳимояланиш учун» фолгадан қалпоқлар ясади
10:09 / 09.11.2024