Ўзбекистонда умумий майдони 2466,2 гектар бўлган 1145 та иссиқхонани газдан кўмирга ўтказиш белгиланган. Бу тадбирни амалга оширишга қанча маблағ ва вақт керак бўлади? Қолаверса, бу борада қандай муаммолар юзага чиқиши мумкин?

12 минг вагон кўмир

1 гектар замонавий иссиқхона (баландлиги 5-5,5 метр, иситиш қозонлари камхарж, замонавий бўлган тақдирда) кунига тахминан 2,5-3 тонна кўмир сарфлайди. Совуқ ва шимолий ҳудудларда бундан ҳам кўпроқ сарф қилинади. Қиш мавсумини ўртача 120 кун (октябрнинг ўртасидан март охиригача) деб олсак, бир йилга 740 минг тонна кўмир керак бўлади дегани. Бир вагонга 62 тонна кўмир кетишини ҳисобга олсак, бу 11 935 та вагон бўлади. Бунча кўмирни аввал мамлакатга, кейин вилоятларга ва иссиқхоналарга етказиш муаммоси мавжуд.

1 тонна кўмирнинг Ўзбекистонга кириб келиши 60 долларга тушади. Иссиқхоналарга етадиган кўмир импорти учун тахминан 44 млн доллар сарфлаш керак бўлади.

110 млн долларлик қозонлар

Кўмир қозонлари газ қозонларига қараганда мураккаброқ ва каттароқ бўлгани сабабли 2 гектарга 1 та қозон қўйиш мумкин. Демак, 2466 гектар иссиқхонага тахминан 1200 донадан ортиқ қозон керак бўлади. Агар режалаштирилган қозонлар замонавий, камхарж ва атроф-муҳитга кам чиқинди чиқарувчи, яъни филтрли бўлишини хоҳласак, ҳар бир гектарга қозон учун тахминан 45-50 минг доллар сарфлаш керак бўлади. Бу ўртача 110 млн доллар дегани.

Қозонларни алмаштириш учун иссиқхоначиларда 7 ой вақт қолди. Бу вақт ичида қозонлар пули тўланиб, буюртма берилиши, ишлаб чиқарилиши, етказиб берилиши ва эски қозонлар ечилиб ўрнига ўрнатилиши лозим

Замонавий қозонларни ишлаб чиқарадиган корхоналар кам, соҳага керакли бўлган 1200 дона қозонни топиш, сотиб олиш етарлича муаммо туғдиради. Масалан, 2 гектарга мўлжалланган, 4 млн килокалориялик Ijan (Туркия) қозонлари 15 даража совуқда соатига 600 кггача кўмир сарфлайди. Ушбу фирманинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати – 25-35 дона қозон.

Кўмирнинг тури ва сифатига қараб 5 фоиздан 20 фоизгача чиқинди чиқади. Демак, 740 000 тонна кўмирдан 37 мингдан 148 минг тоннагача чиқинди чиқади. Уларни утилизация қилиш масаласи ҳам бор. Қолаверса, кўмирдан чиққан чиқиндиларнинг иссиқхона устки қопламаларига таъсири маҳсулотнинг сифатига ва ҳажмига салбий таъсир кўрсатади.

Кўмир ёқилғисидан фойдаланиш учун иш кучи (кўмир ташувчи), кўмир омбори, чиқинди омбори каби қўшимча ресурслар ҳам керак бўлади.