Инсоният 50 миллиондан ошиқ одамнинг ёстиғини қуритган Иккинчи жаҳон урушидан ҳам етарли хулоса чиқармади ва кейин ҳам кўплаб урушларни кўрди. ХХ асрнинг иккинчи ярмида АҚШ–Вьетнам, Ироқ-Эрон урушлари, СССРнинг Афғонистонга бостириб кириши, 1990 йилда Ироқ Кувайтни босиб олиши ортидан келиб чиққан уруш содир бўлди.

1992 йилда собиқ Югославия парчаланиши ортидан Болқон яриморолида ҳам уруш бошланди ва у қарийб 10 йил давом этди.

2001 йил 11 сентябр куни Америкада бир нечта самолёт олиб қочилди ва турли биноларга олиб бориб урилди. Бу АҚШнинг 2001 йилда Афғонистонга, 2003 йилда Ироққа бостириб киришига сабаб бўлди.

АҚШ Ироқда хавфли бактериологик қуроллар ишлаб чиқариляпти деган айблов билан бостириб кирганди. Кейинчалик Ироқдан бирорта ҳам жиддий қурол топилмади.

АҚШ ҳарбийлари Боғдодда

Шундан сўнг Ироқ урушининг ташаббускори бўлган Кичик Жорж Буш танқидлар остида қолиб кетди. Бироқ бу пайтда дунё цивилизацияси бешикларидан бири бўлган Ироқ вайрон бўлиб бўлганди.

Босқиндан олдинги вазият

АҚШ Ироққа бостириб киришидан аввал бу давлатни Саддам Ҳусайн бошқарарди. Америка сиёсатчиларининг азалдан бу одам билан «ўзаро ҳисоб-китоб»лари бор эди.

Гап шундаки, 1980-йилларда Ироқ Эрон билан қарийб ўн йил урушади. 1988 йилда уруш тугайди. Бироқ бу пайтга келиб Ироқ нефтга бой бўлса-да иқтисодий муаммоларга дуч келганди.

Ана шундай вазиятда Ироқ раҳбари Саддам Ҳусайн Кувайтни босиб олишни режа қилади. 1990 йил 2 август куни Ироқ армияси Кувайтга бостириб киради.

Ўша пайтда Кувайтдаги барча нефт конлари АҚШ компаниялари билан ҳамкорликда ишлар, Ироқнинг бостириб кириши уларнинг фаолиятини тўхтатганди.

Шундан сўнг БМТ хавфсизлик кенгаши резолюцияси қабул қилинади. Ироққа ўз қўшинларини Кувайтдан олиб чиқиш талаби қўйилади. Бироқ Саддам писанд қилмайди.

Шундан сўнг АҚШ бошчилигида халқаро коалиция шакллантирилади. 1991 йил 15 январ куни Саддамга берилган сўнгги муддат тугайди ва халқаро коалиция ҳарбий авиацияси Ироқни бомбардимон қила бошлайди.

Ўшанда уруш узоққа чўзилмайди ва тез орада Ироқнинг мағлубияти билан тугайди. Ироқнинг бир қисмини босиб олган халқаро коалиция қўшинлари бу давлатни тарк этади. Саддам Ҳусайн эса Ироқ раҳбари бўлиб қолаверади. Ўша пайтда АҚШда Жорж Буш президент эди.