Германия Украинани тиклашга ёрдам бериш учун платформа ишга туширди
Германия Иқтисодий ҳамкорлик вазирлиги Берлин «авлодлар вазифаси» деб ҳисоблаган Украинани тиклаш бўйича немис компаниялари ва муассасаларининг саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштирувчи платформани ишга туширди.
Германия ҳукумати Россия босқинидан вайрон бўлган Украинани қайта тиклашда иштирок этаётган немис компаниялари, ташкилотлари ва муассасаларини бирлаштириш учун янги платформани ишга туширмоқда. Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт вазири Свеня Шульце 27 март, душанба куни Украинанинг Берлиндаги элчиси Алексей Макеев билан биргаликда янги платформани тақдим этар экан: «Урушнинг тугаши, афсуски, ҳали содир бўлмаса-да, Украинанинг тикланиши ҳозир бошланмоқда», деди.
Унинг сўзларига кўра, узоқ муддатли режалаштириш ва мамлакатни қайта қуриш истиқболлари Украина жамиятининг барқарорлиги, шунингдек, эркин ва Европага қараган давлатни қайта тиклаш бўйича муваффақиятли ва самарали чоралар учун муҳимдир. Бу «ҳукуматлар ёлғиз ўзи бажара олмайдиган улкан вазифа», деди Шульце.
Германия вазирлиги ғоясига кўра, мувофиқлаштириш платформаси Украинани тиклашда иштирок этишни хоҳлайдиган муниципалитетлар, компания ва ташкилотлар вакиллари алоқада бўладиган жойга айланади. Шунингдек, немис ва украиналик актёрлар билан махсус конференциялар ва маҳорат дарслари ўтказиш, мулоқот форумларини ташкил этиш режалаштирилган. Шу билан бирга, платформа мавзулари ҳам техник, ҳам логистика, ҳам ижтимоий масалаларни қамраб олади.
Фаолият йўналишларидан бири Германия ва Украина шаҳарлари ўртасидаги шериклик алоқаларини ривожлантириш, икки давлат тиббиёт муассасалари ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, шунингдек, сув таъминоти соҳасидаги ҳамкорлик бўлади. Ушбу ҳамкорликни янада қўллаб-қувватлаш ва кенгайтириш учун Германия вазирлиги жорий йилда қўшимча 25 миллион евро ажратади.
Мавзуга оид
22:44 / 13.11.2024
Трамп маъмуриятида Украина бўйича махсус вакил бўлади — ОАВ
21:24 / 13.11.2024
Кураховодаги украин гарнизони қуршовга тушиши мумкин. Фронтдаги энг мураккаб йўналишлардан бирида нималар бўлмоқда?
18:53 / 13.11.2024
Борис Жонсон Украинага британ ҳарбийлари юборилиши шартини айтди
14:54 / 13.11.2024