19:25 / 28.03.2023
38654

Олти яшар қизга тегажоғлик қилган эркакка нисбатан тайинланган жазо муддати узайтирилди

Айбланувчи биринчи инстанция суди томонидан 10 йил муддатга қамалган эди. Прокурорнинг апелляция протестидан сўнг суд жазо муддатини 15 йилга узайтирди.

Фото: Видеодан кадр

2022 йилнинг ёзида Тошкентда катта ёшли эркак олти ёшли қизга тегажоғлик қилган, жамоатчилик бу ҳақда ўтган йилнинг ноябрида хабар топганди.

“Сукут сақлама” лойиҳасининг телеграм-каналида ёзилишича, ўзи яшайдиган кўп қаватли уйнинг ҳовлисида дугонаси билан бирга ўйнаб юрган қизчани кўриб қолган бегона эркак улар қидираётган мушукча шу ерда эканини айтиб, алдаб қизчалардан бирини подъездга чақириб олади. Сўнгра у олти яшар қизчага тегажоқлик қилади, кийимларини ечади, жабрланувчининг ожизлигидан фойдаланиб, жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондиришга уринади.

Эркак қизчани подъездга алдаб чақириб олгани кузатув камераларига тушиб қолган. Ушбу тасвирлар ёрдамида гумонланувчи тезда топилади ҳамда қўлга олинади.

Октябрь ойида Жиноят кодексининг 119-моддаси (Жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) 4-қисми ва 129-моддаси (Ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) 1-қисми билан Р.Ш.га нисбатан қўзғатилган жиноят иши Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судига оширилади.

Иш қонунчиликка мувофиқ судда ёпиқ кўриб чиқилган. Суднинг 2022 йил 22 декабрдаги қарори билан 47 ёшли Р.Ш. 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

“Сукут сақлама” лойиҳасига кўра, 2023 йилнинг 9 январь куни Юнусобод тумани прокурори О.Азимов Тошкент шаҳар судининг апелляция инстанциясига апелляция аризаси юборган, унда Олий суд “Номусга тегиш ва жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондиришга доир ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги пленуми қарорининг 8-бандига кўра номусга тегиш ёки жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш жинояти тегишли жиноят таркибининг объектив томони сифатида назарда тутилган жинсий алоқа ёки жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондиришга қаратилган ҳаракатлар бошланган пайтдан, улар тугатилганлигидан ва келиб чиққан оқибатлардан қатъи назар, тамом бўлган ҳисобланишини инобат олишни сўраган.

Прокурорнинг апелляция шикоятидан сўнг 16 февраль куни Тошкент шаҳар суди Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг апелляция инстанцияси ушбу ишни кўриб чиққан. Кўриб чиқиш натижаларига кўра, Р.Ш.га нисбатан жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг 2022 йил 22 декабрдаги ҳукми бекор қилинган. Вояга етмаган шахсга зўрлик ишлатган эркакка тайинланган озодликдан маҳрум этиш муддати 10 йилдан 15 йилга узайтирилган.

Top