Чилонзор тумани Чилонзор кўчасидаги пиёдалар йўлаги қилинганига ҳали тўлиқ 3 йил бўлмасдан, аллақачон уваланиб, яроқсиз ҳолга келиб қолган. Пиёдалар ва велосипед юриши учун ташкил қилинган 1 кмдан ортиқ масофадаги йўлдан юрсангиз, оёқ кийимингиз тупроққа бурканади. Велосипедлар юрса, шу қисқа масофада ҳам ғилдирагига зарар етиши ҳеч гапмас.

Бу Тошкентдаги ягона шундай ҳолат эмас. Сирғали тумани 6-даҳа, Янги Бунёдобод маҳалласи ва унга ёндош Бунёдобод маҳалласида ҳам 2 ойдан ошибдики, аҳоли кўчаларида уваланиб кетган цементдан чиқаётган чангни ютиб яшамоқда.

Ечимга келинганда, кунига 1 маҳал сув сепиб қўйиш ва цемент-шағал аралашмаларини супуриб, кўча четига тўплаб қўйиш билан кифояланиляпти.

Мазкур маҳалла кўп эмас, 6 йил олдин янгидан бунёд этилган. Бу йилги қаҳратондан сўнг йўллар совуққа дош беролмай, шу аҳволга келган.

“Ҳурматли масъуллар, илтимос сизлардан, маҳалламиз экологиясига бефарқ бўлманг. Бу икки маҳаллада 12 мингдан ортиқ аҳоли яшайди. Чанг киради деб деразаларимизни ҳаво алмаштириш учун очолмаяпмиз. Кунига 2 маҳал сув сепиб кетиляпти, лекин бу сув дарров қуриб қолиб, ҳаммамиз чанг-тўзондан азият чекяпмиз. Бу чанг ҳам эмас. Уваланган цементдан чиқаётган ғубор. Бу соғлигимиз учун зарарли.