Украиналик спортчилар ХОҚ таклифини кескин танқид қилиб чиқди
Олимпиада чемпионлари Олга Харлан ва Владимир Кличко Халқаро олимпия қўмитасининг россияликлар ва беларусларни мусобақаларга нейтрал мақомда киритиш ҳақидаги таклифини қаттиқ танқид қилди.
Дунёга машҳур украиналик спортчилар Олга Харлан ва Владимир Кличко Халқаро олимпия қўмитасининг (ХОҚ) россияликлар ва беларусларга мусобақаларда нейтрал мақомда қатнашишга рухсат бериш ҳақидаги таклифини, шунингдек, ташкилот раҳбари Томас Бахни танқид қилди.
Украиналик қиличбоз, олимпия чемпиони ва олти карра жаҳон чемпиони Олга Харлан 29 март, чоршанба куни Германиянинг FAZ нашрига берган интервьюсида айтишича, «ҳатто россияликларнинг нейтрал мақоми ҳам ҳеч нарсани ўзгартирмайди», сабаби россиялик спортчилар «Путиннинг ташвиқот қуроли».
«Уларнинг байроғи қонга бўялган, аммо усиз ҳам улар Россияга қайтиб, ғалабаларини нишонлайдилар, ўзларининг кучлари билан фахрланадилар», деди у ва ХОҚ президенти «ҳақиқатни кўришни хоҳламайди», деб қўшимча қилиб ўтди.
Россияликларнинг олимпия ўйинларига қўйилиши Украина вакилларининг уларда қатнаша олмаслигини англатади, деди спортчи: «Биз тинчлик учун террорчи давлат вакиллари билан беллашишни истамаймиз».
Бокс бўйича оғир вазн тоифасида олимпия ўйинлари чемпиони, профессионал бўйича кўп карра жаҳон чемпиони Владимир Кличко ХОҚнинг россияликлар ва беларусларнинг «нейтрал байроқ» остида иштирок этиши ҳақидаги қарори «ёлғон белги» эканини айтди. У Бахни «Россияга хизмат қиладиган шахс» деб атади.
«Томас Бах Россия манфаатларига хизмат қилади. ХОҚнинг бу қарори олимпия руҳини ифлослантиради ва мана шу урушга ўхшайди: бу бемаънилик», - деб ёзди у.
28 март куни, тўрт ойлик маслаҳатлашувлардан сўнг ХОҚ ижроия қўмитаси Парижда 2024 йилда бўлиб ўтадиган олимпия ўйинлари бўйича қарорни кейинга қолдириб, халқаро федерацияларга урушни нейтрал позицияда қўллаб-қувватламаган россиялик ва беларуслик спортчиларга мусобақада иштирок этишга рухсат беришни тавсия қилди. ХОҚ раҳбари айни пайтда Россия ва Беларус жамоаларини халқаро мусобақалар иштирокчиси деб ҳисоблаш мумкин эмаслигини таъкидлади.