Ўзбекистон | 22:55 / 31.03.2023
11152
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда қаровсиз қолган 11 мингдан ортиқ бола махсус муассасаларга жойлаштирилди

Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармагани учун 5227 ота-она маъмурий жавобгарликка тортилган. 

Фото: Getty Images

Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан Болалар масалалари бўйича миллий комиссия ҳамраиси 2022 йилда амалга оширилган фаолияти юзасидан ахборот берди. 

Қайд этилишича, болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, уларнинг жисмоний, интеллектуал, маънавий ва ахлоқий камол топишига кўмаклашиш юзасидан муайян ишлар амалга оширилган. 

Жумладан, миллий комиссия ва ҳудудий комиссиялар томонидан 5497 та муҳокама ўтказилиб, уларда болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоялаш бўйича 12 422 та иш кўриб чиқилган. 

Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармагани учун 5227 ота-она маъмурий жавобгарликка тортилган, 2054 нафар болага ҳамда 1306 ота-онага якка тартибда профилактик иш олиб борилиши белгиланган. 

Қаровсиз ва назоратсиз қолган 11162 нафар бола оилалар ва болалар муассасаларига жойлаштирилган. 

Ота-оналик ҳуқуқини суиистеъмол қилгани, болаларни тарбиялашдан, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдан бош тортгани учун 652 нафар боланинг ота-онаси ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган болаларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини камситувчи 29 та ҳолат юзасидан тегишли назорат ўрнатилган. 

Ўз вақтида туғилганлик гувоҳномасини олмаган 412 нафар болага гувоҳнома берилган. Бундан ташқари, 528 нафар бола гувоҳнома олмагани аниқланиб, бу борада тегишли чоралар кўрилмоқда. 

«Меҳрибонлик» уйлари, Болалар шаҳарчаси ва «SOS» болалар маҳаллалари уюшмаси қарамоғидаги етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар оилаларга, яқин қариндошлари тарбиясига ўтказиш натижасида 13 та меҳрибонлик уйига, 4 та болалар шаҳарчаси ва 4 та болалар уйига эҳтиёж қолмагани учун уларнинг фаолияти тугатилган. 

Уй-жойга муҳтож етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун 2022 йилда 397 та уй-жой харид қилинган. Шу мақсадда Давлат бюджетидан 57 млрд сўм маблағ йўналтирилган. 

Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг орзу-истакларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш бўйича «Меҳр дафтари» тизими йўлга қўйилиб, «Меҳр дафтари» жамғармасига 86,1 млрд сўм маблағ ажратилган.

Мавзуга оид