Жаҳон | 16:01 / 04.04.2023
18136
8 дақиқада ўқилади

Ягиднедаги «ўлим ертўласи», Бахмут атрофидаги ҳарбийлар. Уруш суратлари

Украинадаги урушнинг 404-куни ўтди. Асосий маълумотлар:

  • Петербургда «военкор» Владлен Татарский ҳалок бўлган ва яна 33 киши яраланган кафедаги портлашга алоқадорликда гумон қилинаётган Дарья Трепова қўлга олинди. Тергов қўмитаси ишни қайта квалификациялади ва ҳодисани теракт деб баҳолади.
  • Миллий аксилтеррор қўмитаси Татарскийнинг қотиллиги «украин махсус хизматлари томонидан Коррупцияга қарши кураш фонди ходимларини жалб этиш» орқали режалаштирилганини маълум қилган. Фонд вакиллари ҳам, Киев ҳам буни рад этди.
  • Владимир Путин Татарскийни ўлимидан кейин Жасорат ордени билан тақдирлади.
  • Евгений Пригожин Бахмут «юридик жиҳатдан» эгаллангани ҳақида маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, «Вагнер» ХҲК ёлланма жангчилари шаҳар маъмурияти биноси устида Россия байроғини кўтаришган. Украина томони ва «ДХР» раҳбари Денис Пушилин Бахмут маркази учун жанглар давом этаётганини билдирган.
  • Аннексия қилинган Мелитополда автомобил портлаши оқибатида россияпараст мулозим — Акимовка посёлкасининг Кремл томонидан тайинланган раҳбари Максим Зубарев жароҳат олган.
  • Брянск областининг Севский районида ҳарбий комиссариат биноси ва ИИВ бошқармасига иккита дрон ҳужум уюштирди. Маҳаллий расмийларга кўра, жабрланганлар йўқ.

Ягидне қишлоғи озод этилганидан бир йил ўтиб

Ягидне қишлоғи Черниҳивдан 15 километр жанубда, Киевдан тахминан 130 километр шимоли-шарқда жойлашган. Босқинга қадар Ягиднеда 400 нафар атрофида киши яшаган. Россия қўшини Ягиднени 2022 йил 1 март куни босиб олган — бир ой ўтиб, РФ армияси Киев ва Черниҳив областларидан чекингач, Украина қуролли кучлари уни озод этишган. Оккупациянинг бутун даврида россияликлар қишлоқ аҳолиси вакиллари бўлган 360 нафардан ортиқ кишини маҳаллий мактаб ертўласида сақлашган, улар орасида 70 нафар атрофида ёш бола бўлган: ертўладагиларнинг 12 нафари шу ерда вафот этган, шунингдек, қишлоқнинг ўзида яна 17 киши ўлдирилган.

Украина ҳукумати Ягиднеда тинч аҳоли вакилига қарши жиноятларда РФ армиясининг 55-алоҳида мотоўқчилар бригадасини айблаган. Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров BBC учун берган интервьюсида Ягиднедаги ертўла ҳақидаги хабарларни «Ғарб томонидан тарқатилган фейк» деб атаган.

Ягидне қишлоғи озод этилганига бир йил тўлган кунда бу ерга президент Володимир Зеленский ташриф буюрди. «Маҳаллий аҳоли вакиллари, катта ёшлилар ҳам, болалар ҳам бу ерда қийноқларга солинган. Мен уларга тирик қолганлари, бизнинг жангчиларимизни кутишгани, Россия, россиялик ҳарбийлар олиб келган фожиа ҳақида бутун дунёга гапира олганликлари учун катта раҳмат айтаман», деди Украина президенти ва «Россия президентига умрининг қолган қисмини ертўлада, ҳожатхона ўрнига челакдан фойдаланган ҳолда ўтказиш»ни тилади.

Қуйида Ягиднеда Россия қўшинлари чекинганидан бир йил ўтгандаги вазият акс этган суратлар.

Ягиднеда яшовчи 63 ёшли Иван Полгуй мактаб ертўласида, россиялик ҳарбийлар қарийб бир ой давомида қишлоқ аҳолисини шу ерда тутиб туришган.
Sergei Supinsky / AFP / Scanpix / LETA
Ягиднедаги «ўлим ертўласи» деворларида болалар чизган суратлар
Alina Yarysh / Reuters / Scanpix / LETA
Собиқ мактаб ўқитувчиси Валентина Ягиднедаги ертўлада
Alina Yarysh / Reuters / Scanpix / LETA
Ягиднедаги мактаб ертўласи
Volodymyr Tarasov / Ukrinform / ZUMA Press Wire / Scanpix / LETA

Бахмут атрофидаги украин шифокорлари

Феврал ойидаёқ кўплаб ҳарбий экспертлар Украина қуролли кучлари Донецк областининг Бахмут шаҳридан чекинишини тахмин қилган бўлса-да, шаҳар учун жанглар давом этмоқда. Америкадаги Урушларни ўрганиш институти (ISW) навбатдаги ҳисоботида «Вагнер» ХҲК ёлланма жангчилари катта эҳтимол билан шаҳар маъмурияти биносини эгаллагани ва шаҳарнинг марказий қисмига юришда давом этаётганини маълум қилган.

Бахмут «юридик жиҳатдан» эгаллангани ҳақида 2 апрел куни ХҲК раҳбари Евгений Пригожин хабар қилганди. Украина бу маълумотни рад этди. Украина ҚК шарқий қўшинлар гуруҳи расмий вакили Сергей Череватий россиялик ҳарбийлар «ҳеч нарсани эгалламагани, юмшоқ қилиб айтганда, улар бундан жуда узоқдалиги»ни айтган. Шаҳар маркази учун жанглар давом этаётгани ҳақида «ДХР» раҳбари Денис Пушилин ҳам тасдиқлаган.

Украина қуролли кучлари шифокорлари Бахмут атрофида ярадор украин аскарига ёрдам кўрсатмоқда
Diego Herrera Carcedo / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press
Украин ҳарбий шифокорлари ярадор жангчини олдинги чизиқдан дала ҳоспиталига олиб кетмоқда
Diego Herrera Carcedo / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press
Diego Herrera Carcedo / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press
Diego Herrera Carcedo / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press
Украина ҚК ҳарбий врачи ва жангчиси Бахмут атрофидаги дала ҳоспиталида
Diego Herrera Carcedo / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press

Авдийивкадаги ҳаёт

Авдийивка — Донецк атрофидаги шаҳар бўлиб, 2014 йилдан буён фронт чизиғи ушбу шаҳардан ўтади. 2023 йил март ойи охирида Авдийивка Бахмут билан биргаликда фронтнинг энг қайноқ нуқтасига айланди.

РФ мудофаа вазирлиги сўнгги ҳисоботларида Авдийивкадаги вазият бўйича изоҳ бермаган, Украина томони эса Россия қўшинлари Украина қуролли кучлари позицияларига мунтазам равишда ҳужум қилаётгани ва «жиддий йўқотишлар»га учраётганини тасдиқлаган. Бундан ташқари, Украина қўмондонлиги маълумотига кўра, РФ армиясига Авдийивка йўналишида ҳарбий техникалар етишмаяпти — «уларда штурм қилиш учун ўқ-дорилар қўллашда «диета» фурсати келди», дея қайд этган Тавр йўналиши мудофаа кучлари бирлашган матбуот маркази раҳбари Олексий Дмитрашковский.

Қуйида Авдийивкадаги вазият акс этган суратлар.

Вайрон бўлган кўп квартирали уй фонидаги кучук
Andre Luis Alves / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press
«Енгилмас пункти»да сув чиқараётган кўнгилли — Украинада одамлар исиниши, техникаларни қувватлаб олиши, мобил алоқадан фойдаланиши ва сув олиши учун махсус жиҳозланган жойларни шундай аташади.
Andre Luis Alves / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press
Авдийивкадаги кўчалардан бири
Andre Luis Alves / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press
Авдийивкалик аёл ҳуманитар ёрдам солинган пакетлар билан
Andre Luis Alves / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press
Авдийивкадаги бомбапанагоҳга кириш жойи
Andre Luis Alves / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press

Ҳорливка ўққа тутилиши оқибатлари 

Донецк областининг оккупация остидаги Ҳорливка шаҳрида яшовчи 64 ёшли Галина Слепко 2 апрел куни кечқурун украинлар ракетаси келиб тушган квартирасида. Шаҳар мэри Иван Приходькога кўра, шаҳарга зарба оқибатида бир аёл тан жароҳати олган.
Alexander Ermochenko / Reuters / Scanpix / LETA

Мавзуга оид