Ўзбекистон | 23:31 / 05.04.2023
11583
4 дақиқада ўқилади

Мактабгача ва мактаб таълими учун халқаро ташкилотлардан 580 млн доллар олишга умид қилинмоқда

Ўзбекистон расмийлари кейинги 3 йилда мактаб таълими сифатини кўтариш учун халқаро ташкилотлар томонидан 580 млн доллар ажратилишини кутмоқда. 2023-2026 йиллар учун тасдиқланган мактабгача ва мактаб таълимини ислоҳ қилиш бўйича йўл харитасида 18 та халқаро ташкилот билан ҳамкорлик қилиш кўзда тутилган.

Фото: Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги

5 апрел куни мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова ҳамда бир қанча ҳамкор ташкилотлар билан келгуси 3 йил давомида боғча ва мактаб таълимида амалга ошириладиган ишлар тасдиқланиб, йўл харитаси имзоланди.

Вазирликнинг Стратегик ривожлантириш ва халқаро рейтинглар бошқармаси бошлиғи Лазиз Хўжақуловнинг айтишича, йўл харитаси 3 ой давомида ишлаб чиқилган бўлиб, бу жараёнда 42 та ташкилотдан вакиллар қатнашган. Шунинг 18 таси – халқаро ташкилотлар.

"Йўл харитада белгиланган ишлар 5 та йўналишга бўлиб олинган. Биринчи йўналишимиз – мактабларни қайта қуриш, таъмирлаш ва унинг инфратузилмасини яхшилашдир.

Иккинчиси – ўқиш ва ўқитиш материаллари, бунда фақат дарсликлар эмас, ўқитувчи учун методик қўлланмалар ишлаб чиқилиши ҳам тушунилади.

Учинчиси – ўқитувчиларнинг малакасини ошириш ва педагог кадрлар тайёрлаш.

Тўртинчиси – баҳолаш тизими. Ўқувчиларнинг билимини қандай баҳолаймиз? Шулар бўйича ишлар қилинади.

Бешинчи йўналишимиз эса таълим бошқаруви. Оддий мактаб “завучи”, директоридан тортиб, вазирлик ходимларигача таълим қандай бошқарилаётгани кўриб чиқилиши лозим. Яхши ўқитувчини олиб директор қилиб қўйишади, яхши ўқитувчи – яхши бошқарувчи дегани эмас. Келгуси йилларда шу каби масалалар кўриб чиқилади”, – деди у.

Масъулларга кўра, ҳукумат халқаро ташкилотларнинг кейинги 3 йилда Ўзбекистонда мактаб таълимини ривожлантиришга 580 млн доллар инвестиция йўналтиришини кутмоқда.

Тадбирда АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID)нинг Ўзбекистондаги миссияси директори Микаэла Мередит сўз олди.

“Бугун тарихий воқеанинг гувоҳи бўлиб турибмиз. АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги бу борада Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигини қўллаб-қувватлашдан фахрланади. Бунга сармоя киритиш АҚШ ҳукуматининг устувор вазифаси ҳисобланиб, биз бутун Ўзбекистон ҳукумати ва ҳамкорлар билан сифатли ва тенг ҳуқуқли таълимни таъминлаш, қашшоқликни камайтириш, саломатлик, тинчлик, фаровонлик, барқарорликни яхшилаш муҳим эканини тушунамиз.

Агентлигимиз 2019 йилда биринчи марта Ўзбекистон ҳукумати билан таълим соҳасини ривожлантириш мақсадида шартнома тузган эди, шартнома доирасида 55 млн доллар маблағ ажратилиши режа қилинган. Шу кунгача биз бу маблағнинг 35 млн долларини ажратдик. Бу сумма 2 та муҳим ташаббус учун йўналтирилди. Биринчиси – ўқувчиларнинг IT, инглиз тили, ўқиш ва математика кўникмаларини яхшилаш учун ишлатилди.

Иккинчи ташаббусда эса ўтган йили янги 10 млн долларлик лойиҳамиз, яъни ўқувчиларни мактабни тамомлаганидан сўнг, иш билан таъминлаш бошланганди. Бу лойиҳамиз асосан қизларни, ногиронлиги бўлган шахсларни ишга йўналтиришга қаратилган.

Яна бир бор қайд этиш лозим деб ўйлайман. Исталган мамлакат учун таълим энг муҳим соҳалардан бири ҳисобланади. Бу орқали давлатлар ривожланиши, хусусан, соғлиқни сақлашни яхшилаш, болаларни билимли қилиш мумкин”, – деди Микаэла Мередит.

Шунингдек, бир қанча йўналишлар кесимида нималар қилиниши ҳам мисол тариқасида маълум қилинди. Таъкидланишича, дастлабки йўналишда бутун республика бўйича 80 минг ўринли мактаблар қурилиши кутилмоқда. Қайд этилишича, баъзи ҳудудларда умуман янги мактаблар қуришнинг иложи йўқ, чунки “бўш жойнинг ўзи мавжуд эмас”.

Иккинчи йўналишда эса мактаб ўқитувчиларининг дарсга тайёрланиб келиши учун қўлланма қилиниши ҳам айтилмоқда. Бу жараёнда биринчи йил 5 та фан, кейингиларида эса қолган фанлардан ҳам қўлланмаларни жорий этиш режалаштирилган. Аммо ҳозирча буларнинг қандай шаклда (электрон ёки қоғоз) бўлиши аниқ эмас.

Учинчи йўналишда эса ногиронлиги бўлган ўқувчилар билан ишлай оладиган педагогларни ОТМларда тайёрлаш кўзда тутилмоқда. Ҳозирча бошқа йўналишларда айнан қандай ишлар қилиниши очиқланганича йўқ.

Мавзуга оид