Маданият вазири Озодбек Назарбеков ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова лавозимини тарк этиб, депутатликни танлаганликлари ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Бу ҳақда АОКА матбуот хизмати маълум қилди.

«Давлат рўйхатидан ўтган ОАВда Олий Мажлис қонунчилик палатасига депутатликка ЎзЛиДеПдан номзоди қўйилган Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова ҳамда «Миллий Тикланиш» партиясидан номзод, Маданият вазири Озодбек Назарбековларнинг лавозимларидан кетганликлари ва депутатликни танлаганлари тўғрисида ёритилган асоссиз хабар ижтимоий тармоқлардаги каналлар орқали тарқатилмоқда.

Мазкур хабарлар ҳақиқатга мос келмаслигини ҳамда мутасадди лавозимда бўлган депутатликка номзодлар ҳақида тегишли маълумотлар Марказий сайлов комиссияси ёки партияларнинг расмий саҳифаларида хабар берилишини маълум қиламиз», дейилади хабарда.

Шу куни Марказий сайлов комиссиясининг бир мандатли сайлов округи ҳамда ягона сайлов округи бўйича Қонунчилик палатасига партиялар рўйхати асосида сайланган депутатларни рўйхатга олиш тўғрисида қарори қабул қилинди

Бир мандатли сайлов округларида сайланган депутатлар рўйхатида вазирлар йўқ. Бу эса партиялар рўйхатидаги вазирлар ва бошқа раҳбарлар мандатидан ихтиёрий воз кечишганини англатади.

Рўйхатга кўра, бешта партия раислари – ЎзЛиДеП партияси раиси Актам Ҳайитов, «Миллий тикланиш» партияси раиси Алишер Қодиров, Экология партияси раиси Абдушукур Ҳамзаев, Халқ-демократик партияси раиси Улуғбек Иноятов ҳамда «Адолат» СДП раиси Робахон Маҳмудова депутат этиб сайланган. Шунингдек, Қонунчилик палатаси спикери Нуриддин Исмоилов (ХДП), унинг ўринбосари Акмал Саидов («Миллий тикланиш»), Наримон Умаров («Адолат»), Борий Алиханов (Экопартия) ҳам ягона сайлов округи бўйича депутат этиб сайланган. 

Айрим сенаторлар депутатликка ўтган, шунингдек, президент администрацияси ходимлари орасидан ҳам депутат бўлганлар бор. Хусусан, Ўзбекистон президентининг ижтимоий-сиёсий ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари Раҳимжон Ҳакимов ЎзЛиДеп рўйхати бўйича Қонунчилик палатаси депутатлигига сайланган.

Сайлов якунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар кенгашларига сайловларда жами 15 млн 27 минг 529 нафар сайловчи овоз берди. Бу сайловчилар умумий сонининг 74,72 фоизини ташкил этади.