Жаҳон | 13:40 / 06.04.2023
8461
2 дақиқада ўқилади

ИҲЕСнинг ижро этилмаган қарорлари 38 фоизи Россия ҳиссасига тўғри келяпти

ИҲЕСнинг 2022 йилда ижро этилмаган қарорларининг 38 фоизи Россия ҳиссасига тўғри келди, бу ҳақда суд қарорлари ижросини назорат қилиш бўйича ҳисоботда айтилган.

Фото: Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди биноси

Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судининг (ИҲЕС) ижро этилмаган ҳукмларининг 38 фоизга яқини Россия ҳиссасига тўғри келади. Бу ҳақда 6 апрель, пайшанба куни эълон қилинган 2022 йил учун ИҲЕС қарорлари ижроси устидан назорат бўйича ҳисоботда айтилган. Ҳужжат Европа Кенгаши вазирлар қўмитаси томонидан тайёрланган.

Ўтган йил охирига келиб, ИҲЕСнинг 6112 та қарори ижро этилмаган бўлса, улардан 1299 таси - шов-шувли ишлар бўйича. Шу билан бирга, 880 та, жумладан, 200 та прецедент ҳолатлар бўйича қарорлар ижро этилган.

2022 йилда ИҲЕС 1459 та қарор чиқарган, шундан 413 таси Россияга, 145 таси Украинага ва 137 таси Руминияга қарши. Тўртинчи ўринда 78 та қарор билан Сербия, ундан кейин 77 та қарор билан Туркия жой олди.

Страсбург судьялари даъвогарларга жами 110,8 миллион евро тўлаш ҳақида қарор чиқарди, шундан деярли 80,2 миллион евро россиялик аризачиларга тўғри келди.

Ҳукмлар ижросини такомиллаштириш масаласи 16 ва 17 май кунлари Рейкявикда бўлиб ўтадиган Европа кенгаши саммитида муҳокама қилинади.

Европа Кенгаши бош котиби Мария Пежчинович-Бурич аъзо давлатларни кўпроқ сиёсий ирода кўрсатишга чақирди. Унинг фикрича, бу қонун устуворлигини таъминлаш учун зарур. Европа Кенгаши давлатлари йиллар давомида бу борада барқарор тараққиётга эришган бўлса-да, ИҲЕС «кўпроқ мураккаб ишларни кўриб чиқмоқда», деди Пейчинович-Бурич.

Мавзуга оид