Ўзбекистон | 12:19 / 07.04.2023
5659
3 дақиқада ўқилади

Сенаторлар омбудсман фаолиятидаги камчиликларни санаб ўтди

Сенат ялпи мажлисида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсман) 2022 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи муҳокама қилинди.

Фото: Senat.uz

Мазкур масала юзасидан Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова ҳисобот берди. Таъкидланишича, омбудсман ва унинг минтақавий вакиллари томонидан ҳисобот даврида 10 та асосий йўналиш бўйича ишлар амалга оширилган. Мажлисда фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш, инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича қонунчиликни такомиллаштириш, қийноқлар олдини олиш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш борасида олиб борилган ишлари эшитилди.

Омбудсманнинг миллий комиссиялардаги фаолияти, фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлик, ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни ошириш, болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, фаолиятнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, омбудсманнинг Қорақалпоғистонда юз берган ҳолатлар ва воқеаларни ўрганиш бўйича комиссия фаолиятидаги иштироки кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.

Шу билан бирга, Омбудсман фаолиятида айрим камчиликлар сақланиб қолганлиги сенаторлар томонидан қайд этилди.

2022 йилнинг 2-ярим йиллигида Ягона онлайн платформа орқали келиб тушган мурожаатлар билан ишлаш бўйича омбудсман фаолияти нисбатан паст баҳоланган.

Омбудсман томонидан тегишли давлат органлари ва ташкилотларига киритилган таъсир чораларининг самарадорлиги пасайган.

“Омбудсман мактаби” лойиҳаси доирасида республика бўйича тарғибот тадбирлари айрим вилоятларда ташкил этилмаган. 

Омбудсман томонидан етарлича чоралар кўрилмагани оқибатида 2022 йилда етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган 387 нафар бола оилаларга ва болалар муассасаларига жойлаштирилмагани, уй-жой берилиши режалаштирилган 25 нафар бола эса уй-жой билан таъминланмагани сенаторлар томонидан танқид қилинди.

Мажлисда омбудсманга энг кўп мурожаат йўлланган ҳудудлардаги муаммоларни таҳлил қилган ҳолда такрорий мурожаатларни камайтириш, фуқаролар бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан қонунда белгиланган таъсир чораларидан кенг фойдаланиш зарурлиги қайд этилди.

Етим болалар ва ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг оилаларга ва болалар муассасаларига тўлиқ жойлаштирилиши устидан назорат ўрнатиш, оилаларга берилган болалар ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида уларга яратилган шарт-шароитларни доимий равишда мониторинг қилиб бориш бўйича тегишли вазифалар белгиланди.

Мазкур масала юзасидан Сенат тегишли қарори қабул қилинди.

Мавзуга оид