Ўзбекистон | 23:11 / 08.04.2023
11169
4 дақиқада ўқилади

“Ўзбекистонда ислоҳотларнинг самара бериши тинимсиз меҳнат ва кучли сиёсий ирода талаб қилади” — Cotton Campaign

Cotton Campaign халқаро коалицияси етакчиси Беннетт Фриман ҳукуматини “ислоҳотларга қайтиш”га чақирди. Унинг сўзларига кўра, ҳукумат олдида икки йўл бор. “Бири – репрессив тузум бўлиш. Иккинчиси – очилишда давом этиш ва ёшларга мамлакатни фаровон юртга айлантириш учун имкониятлар бериш”, – дейди у.

Беннетт Фриман / Фото: Reuters

АҚШ Миллий демократия фонди қошида ўтган маслаҳатлашув учрашувида Cotton Campaign халқаро коалицияси аъзолари, мутахассислар, расмийлар ва дипломатлар Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга қарши курашишда олиб борилаётган ишларни муҳокама қилди. Бу ҳақда “Америка овози” хабар бермоқда.

15 йиллик курашдаги ютуқлар, хусусан, бугунга келиб, ҳукумат одамларни мажбурлаб пахтага олиб чиқмаётгани, қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлар, меҳнат шароитини яхшилаш йўлида қабул қилинган қарорлар ва қонунлар, 2017 йилдан бошлаб республиканинг дунёга очила бошлагани, халқаро ҳамжамият билан ҳамкорлик кенгайгани салмоқли прогресс дея баҳоланган.

Cotton Campaign халқаро коалицияси асосчиларидан бири Беннетт Фриманнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон ҳукуматида ўзгаришлар ва ислоҳотлар зарурлигини биладиган мутахассислар анчагина бўлса-да, охирги бир йилда, бойкот бекор қилинганидан буён кутилганидек ҳаракат қилинмаяпти.

“Биламизки, Ўзбекистонни бошқараётган одамлар давлат глобал иқтисодиёт билан уйғунлашишини, унинг муҳим қисмига айланишини истайди. Халқаро меҳнат меъёрларини ҳурмат қилиш, инсон ҳуқуқлари нормаларига амал қилиш – бирламчи вазифалар. Уларни эъзозлаймиз, деб сўздагина қутулиб кета олмайсиз. Хориждан бизнеслар сизга сармоя қилиши, сизга ишониши учун ҳали кўп ишлашингиз керак”, – дея таъкидлаган Фриман Ўзбекистон ҳукуматига қарата.

Унинг қўшимча қилишича, Cotton Campaign Ўзбекистонда ислоҳотлар самара беришига ишонади, чунки бунга гувоҳ бўлган. Аммо, бу – тинимсиз меҳнат ва кучли сиёсий ирода талаб қиладиган жараён.

“Республика катталар ва болаларнинг мажбурий меҳнатига қарши курашда намуна сифатида тилга олина бошлаган, аммо бу нуфуздан айрилиш осон, агар шу кунгача эришилган прогрессни сақлай олмаса, эркинлик ва адолат мезонларига бош эгилмаса. Ўзбекистон меҳнат ҳуқуқлари ва умуман инсон ҳуқуқлари борасида жиддийроқ қадамлар ташлаб, реал аҳволни яхшиламас экан, орзулар қоғозда қолаверади, режалар ва йўл хариталари сафсатага айланади. Халқаро меҳнат ташкилоти меъёрлари бўйича ҳаракат қилиш керак, бу борада ёрдамга тайёр томонлар, хусусан ноҳукумат ташкилотлар ва фаоллар учун муҳитни осонлаштириш лозим.

Ўзбекистон ҳукумати ислоҳотларга қайтсин ва ўзи учун яратган тарихий имкониятни бой бермасин, деймиз. Мамлакат бўйлаб мажбурий меҳнатга қарши кураш тинмасин, муаммоларга эътибор берилсин. Ўзбекистон ҳукумати олдида икки йўл бор. Бири – репрессив тузум бўлиш. Иккинчиси – очилишда давом этиш ва ёшларга мамлакатни фаровон юртга айлантириш учун имкониятлар бериш. Сармоя ва иш ўринлари керакми? Тошкент қай йўл маъқул эканини билиши керак”, – деган Фриман.

Cotton Campaign вакиллари Ўзбекистоннинг АҚШдаги янги элчиси Фурқат Сиддиқов билан ҳам суҳбатлашиб, қийинчиликларга қарамасдан, умидга тўла эканини айтган.

Сиддиқов эса уларга президент Мирзиёев маъмурияти мажбурий меҳнатга тамоман барҳам беришга бел боғлаганини ва саъй-ҳаракатлар тўхтамаганини билдирган.

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид