Спорт | 12:26 / 10.04.2023
42127
15 дақиқада ўқилади

«Ливерпул» «Арсенал»ни тўхтатди. АПЛда чемпионлик учун кимда қандай имконият?

«Энфилд»да «Арсенал»нинг ғалабали сериясига якун ясалди.

Фото: eastnews.ru/Jon Super

Англия чемпионатининг 30-тури марказий учрашувида ақл бовар қилмас 2:2 ҳисоби қайд этилди.

«Ливерпул» – «Арсенал» 2:2
Голлар:
0:1 – 8 Мартинелли, 0:2 – 28 Габриэл Жезус, 1:2 – 42 Салоҳ, 2:2 – 87 Фирмино.
Аниқ ижро этилмаган пеналти: Салоҳ, 54.
«Ливерпул» – Алиссон, Александер-Арнолд, ван Дейк, Конате, Робертсон, Ҳендерсон, Фабиньо (Фирмино, 78), Жонс (Тиаго Алкантара, 60), Салоҳ, Диогу Жота (Нуньес, 60), Гакпо.
«Арсенал» – Рэмсдейл, Уайт, Ҳолдинг, Габриэл, Зинченко (Тирни, 88), Чака, Парти, Эдегор (Кивер, 80), Сака, Мартинелли, Габриэл Жезус (Троссар, 80).
Огоҳлантиришлар: Уайт (23), ван Дейк (31), Чака (41), Александер-Арнолд (41), Робертсон (45), Рэмсдейл (53), Фабиньо (55), Сака (84).

Сўнгги 10 йилликда «Ливерпул» ва «Арсенал» ўйини АПЛнинг энг яхши икки жамоаси тўқнашуви сифатида ёдда қолган ҳолат бўлмаганди. 2010-йиллар бошида икки клуб ҳам энг яхши даврларини ўтказмаётганди, аммо «Арсенал» мерсисайдликлардан фарқли равишда мунтазам равишда ЕЧЛда иштирок этиб, гуруҳ босқичидан ўтар ва плей-оффда ҳам яхши иштирок этарди. Кейин қизиллар жамоасида Клопп даври бошланди, «канонирлар» эса Венгер даврининг охирги йилларида ва у кетганидан кейин қора кунларни бошдан кечирди.

«Арсенал» «Энфилд»да сўнгги бор 2016 йилда очко олган – ўшанда «Ливерпул» сафида бошланғич таркибда Алберто Морено, Жордан Айб ва Коло Туре ўйнаган, голлардан бирини Жо Аллен урган. Лондонликларнинг сўнгги ғалабаси – 2012 йилга тўғри келади (ўша вақтда жамоага энди қўшилган Лукас Подолски гол+пас муаллифи бўлганди). «Арсенал»нинг «Энфилд»да ўтказган сўнгги 6 ўйиндаги натижаси жуда қўрқинчли ҳолатда: 1:3, 0:4, 1:5, 1:3, 1:3, 0:4.

Аммо жорий мавсумга келиб кучлар нисбати яна турлича: «Арсенал» — кутилмаганда чемпионлик пойгасида асосий фаворит, «Ливерпул» эса (бу ҳам кутилмаган ҳолат) ўртамиёна даражасига тушиб қолди, бу тур арафасида жамоа Чемпионлар лигасига йўлланма берувчи тўртинчи ўриндан 13 очкога ортда қолаётганди.

«Ливерпул»да мавсум чиндан ҳам жуда ёмон ўтмоқда, аммо «Энфилд»да қизиллар ўзини ишончли ҳис қилишади — АПЛ ўйинларида сўнгги етти ўйинда олти ғалаба ва бир мағлубиятга учралган, жамоа жорий йил бошидан буён бу стадионда гол ўтказмаганди. Қолаверса, «Ливерпул» «канонирлар»га ўз уйида сўнгги бор 2012 йилда ютқазганди. Етмаганига Клопп ўтган турда «Челси»га қарши ўйинда ротацияга қўл урди ва афтидан «Арсенал» билан жангга куч тежади.

Шунга қарамай, АПЛда қаторасига етти учрашувда ғалаба қозонган меҳмонлар бу учрашувга фаворит сифатида ташриф буюришди. Шуниси эътиборлики, «Арсенал»да керакли паллада турли қаҳрамонлар ўзини кўрсатади — ҳозирда бу ролни жароҳатдан тузалиб сафга қайтган ва ўтган турда дубл расмийлаштирган Габи Жезус, шунингдек Мудрик трансфери барбод бўлганидан кейин ҳужум марказида ўзини кўрсатган ва айни вақтда жамоанинг энг яхши тўпурари бўлиб турган Габриэл Мартинелли бўлмоқда. «Арсенал» учун жамоанинг асосий ҳимоячиларидан бири Уилям Салибанинг жароҳат олиши катта йўқотиш бўлди, унинг ўрнига доим захира ўйинчиси бўлган Роб Ҳолдинг тушмоқда.

Чемпионлик синови

Айнан юқоридаги омиллар туфайли «Ливерпул»га қарши ўйин «Арсенал»нинг чемпионлик менталитети учун синовлардан бири («Сити»га қарши ўзаро ўйин билан бирга) бўлиши кутилаётганди. Шу билан бирга, бу сафар вазифа «уддалаб бўлмас» даражасидан «ҳаддан ташқари қийин» даражасигача тушганди. «Ливерпул» ҳозирда Юрген Клопп давридаги энг чуқур инқирозда, ҳужумчи Дарвин Нуньес эса ўйин бошланиши арафасида кичик жароҳати туфайли бошланғич таркибдан тушиб қолди (унинг тезкорлигига Роб Ҳолдинг улгура олмаслиги тайин эди). 

Икки жамоа ҳам илк дақиқалардан ҳужумга ташланди ва бу оқшомда ташаббусни рақибга бериб қўймоқчи эмаслигини кўрсатишди. Ўйин қарама-қарши курсларда кечди ва 8-дақиқада «Арсенал»нинг омади келди. Бу мавсумда кўп хато қилаётган ван Дейк бу ишни яна бир бор қилди — вазиятлардан бирида у Эдегорнинг Сакага узатмаси йўлига туриб қолди, лекин тўп ундан жарима майдонига кириб борган Мартинеллига бориб тушди, бразилиялик ҳужумчи тўпни Алиссоннинг ёнидан думалатиб ўтказди.

«Арсенал» ўйинни назорат қила бошлади, «Ливерпул» эса дақиқа ўтган сайин ўзига бўлган ишончни йўқотаётгандек кўринарди. Мезбонларнинг ўйини очиқчасига ўхшамади, «канонирлар» эса босимни оширишда давом этди. Меҳмонлар рақиб ҳимоясини турли усулларда тўзита бошлади — Саканинг ҳаракатларидан кейин Жезус иккинчи голни уриши мумкин эди. Аммо Габи кўп ўтмай барибир ўз голини урди — ва бу эпизодда «Ливерпул»нинг жорий мавсумдаги мудофаасининг бор камчиликлари бўй кўрсатди. Мартинелли Трентнинг позиция танлашдаги хатосидан фойдаланиб, чап қанотда юзага келган бўшлиққа ёриб кириб, тўпни жарима майдони ичига узатди, ван Дейк тўпга ета олмади, Робертсон позицияни Жезусга бой берди. Бундай ўйинда 0:2 ҳукмдек эди.

«Арсенал» биринчи голдан кейин ҳам, иккинчи голдан кейин ҳам босим қилишда давом этди, шу қадар кучли прессинг қилиндики, рақиб тўпни жарима майдонигача қайтариб, Алиссон орқали вазиятдан чиқишга уринди. 
Қолаверса, бўлим охирига келиб «Ливерпул»нинг тўрт ҳимоячисидан уч нафарига сариқ карточкалар кўрсатилди.

Аммо «Ливерпул» бу мавсумда АПЛ ўйинларида ўз трибуналари қаршисида жуда яхши ўйнамоқда. Жамоанинг ўйини чиқмаган ўйинда ҳам танаффус арафасида битта жавоб голи уришга эришилди. Бу вазиятда чап қанотда ёш Кертис Жонс яхши ўйнади, комбинацияни эса кутилганидек Салоҳ якунлаб берди.

Бу вазиятда Роб Ҳолдинг ишончли ўйнай олмади, у бундан аввалроқ ҳам қўпол хатога йўл қўйган, 34-дақиқада босимга дош бера олмаган, лекин бу ҳужумни якунлашда Салоҳга аниқлик етишмаганди. Бу эпизод амалда мезбонларнинг уйғониб, ўйинга қайтишини бошлаб берганди.

Танаффусдан кейин «Арсенал» кўпроқ ўз жарима майдони атрофида ҳимояланди, «Ливерпул» эса ташаббусни тўлиқ ўз қўлига олди ва 52-дақиқадаёқ пеналти ишлади — яна Ҳолдинг жарима майдони ичида эҳтиётсизлик қилиб, Диогу Жотани йиқитди. Нуқтага Салоҳ яқинлашди, аммо мисрлик футболчи яхши формада эмаслигини кўрсатиб қўйди — у узоқ тараддудланиб тўпни дарвоза соҳасига аниқ тепа олмади.

Кейин эса майдонда фақат бир жамоа ўйнади. «Ливерпул» босимни кучайтиришда давом этиб, «Арсенал» футболчиларининг олдинги чизиқдаги прессингини узун узатмалар орқали енгиб ўтди. «Арсенал»да юзага келган бир вазиятга (кўпинча тасодифий) «Ливерпул» бешта вазият билан жавоб берарди. Натижада жарима майдони ичидан йўлланган зарбалар сони 19 тага етди (зарбалар бўйича 21:9) – бу шундай ҳисоблаш амалиёти бошланганидан буён «Арсенал»га қарши қайд этилган рекорд кўрсаткич. Фақатгина Аарон Рэмсдэйл ва омад кескинлик ўйин охиригача сақланиб қолишини таъминлади, аммо муқаррар ҳодиса барибир рўй берди.

Артета аввалига футболчиларни алмаштиришга шошилмади, фақат 80-дақиқага келиб, ҳужум чизиғининг икки вакилини алмаштирди – Сака ўрнига Троссар, Эдегор ўрнига ҳимоячи Кивиор тушди (полшалик ҳимоячи тушиши биланоқ қўпол хатога йўл қўйди ва бу вақтда майдонга захирадан тушиб улгурган Дарвин Нуньес бирга-бир вазиятга чиқиб кетди, Рамсдэйл яна қутқарди). 

Кўпчилик Артетани ўйин охирида уч марказий ҳимоячи схемасига ўтгани учун танқид қилмоқда. Аммо мураббий майдондаги вазиятдан келиб чиққан ҳолда яна бир ҳимоячига эҳтиёж сезди, бу вақтга келиб «Арсенал» ҳолдан тойган ва ортиқ прессинг уюштира олмасди. Мураббий ҳисобни сақлаб қолиш учун автобус қўйишни маъқул кўрди – бу бурилиш нуқтаси эмас, кўпроқ ўйиндаги муаммолар натижаси эди. Артета бу орқали Клоппнинг алмаштиришига жавоб қайтарганди, германиялик мутахассис бир неча дақиқа олдин Фабиньо ўрнига Роберто Фирминони туширганди.

Ўйин охирида эса Трент Александер-Арнолд ҳимоядаги хатолари учун қанча танқид қилишмасин, ҳужумда ажойиб ҳаракат қилишини яна бир бор намойиш этди. 87-дақиқада у қанотда Зинченкони алдаб ўтиб, жарима майдонига кирди ва тўпни Фирминога узатди — жамоада охирги мавсумини ўтказаётган фахрий футболчи осонлик билан дарвозани ишғол этди.

Ўйин охирида «Ливерпул» сенсацион равишда ғалабани илиб кетишга жуда яқин келди — Салоҳ учун бор ўта қулай позициядан зарба берди, аммо биринчи ҳолатда дарвозабон ҳудудидан туриб аниқ зарба бера олмади, қолган икки ҳолатда Рамсдэйл аъло даражада ўйнади. Ушбу дарвозабон ўйин охирида, Конате кўкраги билан тўпни дарвозага олиб кираётганида яна бир ақл бовар қилмас сейв амалга оширди ва «Арсенал»нинг дурангини сақлаб қолди.

2:2. «Ливерпул» тишларини кўрсатди ва бой берилгандек кўринган ўйинда очко олди. «Арсенал»нинг ғалабали серияси эса жамоа учун «лаънатланган» «Энфилд»да тўхтатилди. «Манчестер Сити» билан орадаги фарқ — 6 очко, аммо «шаҳарликлар»да захира ўйини бор, қолаверса, апрел ойи охирида ушбу икки жамоа «Этиҳад»да чемпионлик учун ҳал қилувчи жангда майдонга тушишади.

Чемпионликка даъвогар икки жамоада тақвим қандай?

Англия премьер-лигасида чемпионлик пойгаси қизигандан қизимоқда. «Арсенал» мавсум якунига саккиз тур қолганида «Манчестер Сити»ни олти очкога ортда қолдирмоқда, аммо «шаҳарликлар» битта кам ўйин ўтказган. Хосеп Гвардиола жамоасида тақвим «канонирлар»никидан қийинроқ – «Сити» чемпионатдан ташқари, Англия Кубоги ва Чемпионлар лигасида курашни давом эттирмоқда. Қуйида «Арсенал» ва «Манчестер Сити»нинг мавсумнинг қолган қисмидаги тақвими кўриб чиқилади ва «шаҳарликлар»нинг АПЛда ғолиб чиқиш имкониятлари баҳоланади.

«Арсенал»

«Арсенал» 30 турдан кейин 73 очко жамғарди. Микел Артета жамоаси 23 ўйинда ғолиб бўлган, тўрт бор дуранг ўйнаб, уч ўйинда ютқазган (биринчи даврада «МЮ» ва «Сити»га 1:3 ҳисобларида ҳамда «Эвертон»га 0:1 ҳисобида). Олдинда «Арсенал»ни тўртта уй ва тўртта сафар ўйини кутмоқда. Биринчи даврада «канонирлар»нинг қолган рақибларга қарши натижалари қуйидагича бўлган: «Вест Ҳэм» (3:1), «Челси» (1:0), «Брайтон» (4:2), «Ноттингҳем Форест» (5:0), «Вулверҳэмптон» (2:0) мағлуб этилган, «Саутҳемптон» (1:1) ва «Нюкасл» (0:0) билан очколар бўлишиб олинган, «Манчестер Сити»га мағлуб бўлинган (1:3).

Five Thirty Eight суперкомпютери «Арсенал»нинг Англия чемпионлиги учун имкониятини 42 фоизга баҳолаган. Тизимнинг ҳисоблашича, «канонирлар» 87 очко жамғарган ҳолда иккинчи бўлишади. «Манчестер Сити», суперкомпютер фикрича, 88 очко билан биринчи ўринни эгаллайди («Ливерпул»га қарши ўйин арафасида суперкомпютер бунинг аксини кўрсатаётганди – «Арсенал»нинг чемпионлик имконияти 51 фоизга баҳоланаётганди).

«Арсенал»нинг мавсум охирига қадар тақвими:

  • 16 апрел, «Вест Ҳэм» (сафар);
  • 21 апрел, «Саутҳемптон» (уй);
  • 26 апрел, «Манчестер Сити» (сафар);
  • 29 апрел, «Челси» (уй);
  • 7 май, «Ньюкасл» (сафар);
  • 14 май, «Брайтон» (уй);
  • 20 май, «Ноттингҳем Форест» (сафар);
  • 28 май, «Вулверҳэмптон» (уй).

«Манчестер Сити»

«Манчестер Сити» учта турнирда иштирок этаётгани туфайли «Арсенал» билан орадаги фарқни йўққа чиқариши осон бўлмайди. Қолаверса, «шаҳарликлар» Чемпионлар лигасидаги иштирокини давом эттиришига қараб, АПЛда навбатдаги ўйинлар яна кўчирилиши ва турнир жадвалида жамоа янада ортда қолиб кетиши мумкин.

«Манчестер Сити»нинг мавсум охирига қадар тақвими:

  • 11 апрел, «Бавария» (уй), Чемпионлар лигаси;
  • 15 апрел, «Лестер» (уй);
  • 19 апрел, «Бавария» (сафар), Чемпионлар лигаси;
  • 22 апрел, «Шеффилд Юнайтед» (уй), Англия Кубоги яримфинали;
  • 23 апрел, «Брайтон» (сафар), кўчирилади;
  • 26 апрел, «Арсенал» (уй);
  • 30 апрел, «Фулҳэм» (сафар);
  • 3 май, «Вест Ҳэм» (уй);
  • 7 май, «Лидс» (уй);
  • 14 май, «Эвертон» (сафар);
  • 20 май, «Челси» (уй);
  • 28 май, «Брентфорд» (сафар).

«Ман Сити» биринчи даврада «Саутҳемптон» (4:0), «Лестер» (1:0), «Брайтон» (3:1), «Арсенал» (3:1), «Фулҳэм» (2:1), «Вест Ҳэм» (2:0), «Лидс» (3:1) ва «Челси»ни (1:0) мағлуб этган, «Эвертон» билан дуранг (1:1) ўйнаб, «Брентфорд»га ютқазган (1:2). 

Opta Analyst суперкомпьютери эса «Арсенал»нинг чемпионлигини башорат қилмоқда — 56,4 фоизлик эҳтимол билан, «Сити»нинг имконияти 43,6 фоизга баҳоланмоқда.

Мавзуга оид