Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Кремлга зарба бериш» оқибатлари ва Украинадаги муаммолар. ОАВ Пентагоннинг сиздирилган ҳужжатларидан нималар топмоқда?
Жаҳон матбуоти интернетга тарқаб кетган ўнлаб махфий файлларни ўрганишда давом этмоқда. Кўпчилик бу қоғозларни ишонч билан «Пентагоннинг махфий ҳужжатлари» деб атаяпти ва улардан янги қизиқарли фикрларни топяпти. Масалан, разведканинг Путин ёки Зеленский ўлиб қолса нималар юз бериши мумкинлиги ҳақидаги тахминлари, АҚШ иттифоқчиси ҳисобланувчи араб давлатларининг Россия билан ҳамкорлигига ишоралар, Украина армиясидаги кучлар етишмовчилиги каби маълумотлар шулар жумласидан.
BBC нашри ошкор қилинган ҳужжатлардаги баъзи маълумотлар, хусусан, Украина урушидаги томонларнинг йўқотишларини баҳолаш, АҚШ разведка агентликларининг иттифоқчи давлатлар раҳбарияти ортидан кузатуви, Украинада Ғарб мамлакатлари махсус кучларининг кичик бўлинмалари мавжудлиги ва Сербиянинг Украинага қурол етказиб беришга тайёрлиги ҳақида олдинроқ ёзганди.
Сизиб чиққан маълумотларга алоқадор расмийлар одатдагидек ҳужжатлар мазмунига изоҳ бермаган. Улар қоғозлардаги маълумотлар ёлғонлиги ёки эскирганини айтган. Охирги марта шундай баёнотни Украина мудофаа вазири Олексий Резников берди. У сиздирилган ахборотлар тўғри ва ёлғон маълумотлар қоришмаси эканини маълум қилди.
Бироқ, журналистлар интернетда тарқалган ўнлаб файллар ичидан янги қизиқарли маълумотлар тавсифларни топмоқда.
Президентлар ўлими ва Кремлга зарба
The New York Times АҚШ разведкаси урушдаги вазиятни тубдан ўзгартирадиган воқеалар – Россия президенти Владимир Путин ва Украина президенти Володимир Зеленскийнинг ўлими, Россия ҳарбий раҳбариятининг давлат ишларига куч билан аралашиши ва украиналикларнинг Кремлга зарбаси юз берган тақдирда таклиф қиладиган ҳаракатлар режаси ҳақида ёзди.
Нашрнинг таъкидлашича, бу сценарийлар олдиндан айтиб бўлмайдиган оқибатларга олиб келадиган воқеалар (инглизча wild card) — зиддиятнинг ўта кескинлашишидан тортиб тинчлик музокараларигача, сифатида белгиланган. АҚШ ҳарбий разведкаси бу ҳодисаларнинг эҳтимоли ва оқибатларини баҳоламайди, балки фақат қўмондонлар ва сиёсатчиларга бундай воқеа содир бўлганда нима қилиш кераклиги бўйича вариантлар таклиф қилади.
Ҳужжатга 24 феврал санаси қўйилган ва унда «Бир йил» белгиси бор, яъни бу қоғоз уруш бошланганининг бир йиллиги муносабати билан махсус тайёрланган.
«Тўрт назарий сценарийдан бирига кўра, Украина Кремлга зарба беради. Потенциал имкониятларнинг кенг доираси аниқланган. Бу воқеа можарони кучайтириши мумкин — Путин жамоатчилик норозилигига ялпи сафарбарлик билан жавоб беради ва тактик ядро қуролидан фойдаланишни ўйлаб кўради. Ёки аҳоли қўрқуви уни тинчлик музокараларига ҳам ундаши мумкин», дея АҚШ расмийларининг мулоҳазаларини келтиради The New York Times нашри.
Африкадан келган савдо мижозлари
The New York Times тафсилотларини ёзган яна бир махфий ҳужжат Мали ва Россия ҳукуматлари ўртасида нефт сотиб олиш бўйича ўтказилган музокаралар ҳақидаги ҳисоботдир.
17 феврал санаси кўрсатилган ушбу ҳужжатга кўра, малиликлар Россия энергетика вазирлиги ҳамда «Вагнер»га (ушбу компаниянинг ёлланма аскарлари Малида жанг қилмоқда) алоқадор фирма билан музокараларда Россия томонидан таклиф қилган нефт нархига рози бўлмаган ва савдолашишда давом этган.
Арабларнинг манёврлари
Британиянинг The Times газетаси АҚШнинг Яқин Шарқдаги иттифоқчилари — Миср ва Бирлашган Араб Амирликлари Россия билан яширин алоқалар ўрнатаётгани ҳақидаги махфий ҳужжатлар маълумотларини эълон қилди.
Сиздирилган ҳужжатларда айтилишича, Миср Россиянинг «Град» тизимлари учун ракеталар ишлаб чиқариш масаласини кўриб чиқиши мумкин. Бу ҳақда аллақачон кўплаб нашрлар хабар берганди.
«Россия расмийларининг ёзиб олинган ўзаро суҳбатларига кўра, Бирлашган Араб Амирликлари АҚШ ва Буюк Британия разведкасига қарши курашда улар билан ҳамкорлик қилишга рози бўлган», деб ёзади Times нашри.
БАА бу айбловларни дарҳол рад этди.
Times газетасининг ёзишича, БАА (шунингдек, Саудия Арабистони ҳам) Путиннинг Россияси ва Хитойга хайрихоҳлигини яширмайди, аммо барибир АҚШ ва камроқ даражада Буюк Британия билан муносабатларни бузишни истамайди.
Шунга қарамай, газетанинг фикрича, сизиб чиққан бу маълумот аниқ белгилар (симптом)га асосланган. «Ушбу ҳужжатлар — араб дунёсининг хавфсизлик архитектурасида ва АҚШ билан муносабатларда тектоник силжиш юз бераётгани ҳақидаги тезиснинг қўшимча тасдиғидир», деб ёзади Times.
Украинада қарши ҳужум учун етарлича куч йўқми?
Британиянинг The Daily Telegraph газетаси АҚШ разведкаси ҳужжатларидаги Украинанинг катта ва муваффақиятли қарши ҳужум операцияси учун етарлича кучга эга эмаслиги ҳақидаги маълумотларга алоҳида эътибор қаратган.
«Ҳужжатлардан шу хулосага келиш мумкинки, АҚШ қарши ҳужум операция режаларининг мақсадга мувофиқлиги ҳақида жиддий саволларга эга ва Вашингтон бу операция фақатгина «ўртача ҳудудий ютуқлар»га олиб келиши мумкинлигидан хавотирда. Ҳужжатда айтилишича, Украина армиясининг етарли даражада тайёргарликка эга эмаслиги қурол-яроғ етишмовчилиги билан биргаликда Украина ҳужуми муваффақиятга эришишига тўсқинлик қилади ва қўшимча йўқотишларга олиб келади», деб ёзади Daily Telegraph.
Бироқ, газета эслаганидек, бу ҳужжатлар феврал ойи бошида тузилган, яъни ўшандан бери вазият ўзгарган бўлиши мумкин.
Украина ҳаво мудофаасининг жанговар самарадорлиги
Қирқ йилдан ортиқ вақт давомида халқаро сиёсат, урушлар ва разведка ҳақида ёзган Washington Post шарҳловчиси Дэвид Игнатиус ҳам Украина армиясидаги етишмовчиликлар ҳақида гапирган. Игнатиус Украинадаги зенит-ракеталар сони ва сарфи баҳоланган 23 февралдаги ҳужжатга алоҳида эътибор берган.
«Бу рақамлар қўрқинчли», деган кузатувчи.
Олти километрдан тепароқда учувчи ҳаво нишонларига қарши курашда Украина 89 фоиз совет типидаги «Бук» ва С-300 тизимларига таянади. Америкаликлар феврал ойида қилган ҳисоб-китобга кўра, ракеталар сарфининг аввалги суръати сақланиб қолса, украиналиклар 31 мартгача «Бук» ракеталарини, 2 майгача эса С-300 ракеталарини тугатиб бўлиши қайд этилган.
«Агар Украина бу тақчилликни тўлдира олмаса, ҳужжатда айтилганидек, Россия охир-оқибат ҳавода устунликни қўлга киритади ва қуруқликдаги нишонларга тўсиқларсиз ҳужум қилиш имконига эга бўлади. Бу эса Украина қуруқликдаги қўшинларини қарши ҳужум учун жамлай олмаслиги ва ўз шаҳарларини ҳимоя қилолмаслигини англатади», деб ёзади Washington Post газетаси шарҳловчиси.
Игнатиуснинг қайд этишича, Ғарб давлатларида Украина армиясининг бу урушдаги эҳтиёжларини тез ва самарали қондириш учун захира ва ишлаб чиқариш қуввати етарли эмас.
Ҳужжатлар ҳақиқийлигини баҳолашда Игнатиус уларнинг мазмуни аллақачон маълум бўлган фактларга мос келишига эътибор қаратишни таклиф қилади. У шунингдек, АҚШ президенти маъмуриятидаги аноним суҳбатдошининг «ҳужжатлар бир қарашда ҳақиқийдек кўринади» деган гапини ҳам исбот сифатида келтиради.
«Украина бўйича тарқалган ҳужжатлар, катта эҳтимол билан вазиятни тўғри ифодалайди ва бу маълумотлар хавотирли картинани ҳосил қилади», дея хулоса қилган америкалик фахрий журналист.
Мавзуга оид
11:58 / 25.05.2026
Пентагон НУЖларга оид ҳужжатларнинг навбатдаги қисмини эълон қилди
21:13 / 12.05.2026
Пентагон АҚШ ва Эрон ўртасидаги урушнинг нархини очиқлади
21:36 / 08.05.2026
Пентагон НУЖ ҳақидаги ҳужжатларнинг биринчи қисмини эълон қилди
16:21 / 24.04.2026