Жаҳон | 16:02 / 13.04.2023
9513
3 дақиқада ўқилади

WP: Пентагон махфий ҳужжатларини ҳарбий базада ишлаётган шахс сиздирган

Фото: AP

Ҳарбий базалардан бирининг ёш ишчиси Discord платформасида махфий ҳужжатларни тарқатган. Ёпиқ гуруҳ аъзоларини «қуролга муҳаббат» бирлаштиради, деб ёзади The Washington Post

АҚШ разведкасининг кўплаб махфий ҳужжатлари, жумладан, Украинадаги урушга оид ҳужжатлар Қўшма Штатлардаги ҳарбий базада ишловчи ёш қурол ишқибози томонидан ошкор қилинган бўлиши мумкин. Бу ҳақда 12 апрель, чоршанба куни кечқурун The Washington Post (WP) нашри ушбу махфий материаллар жойлаштирилган Discord онлайн платформаси икки иштирокчисига таянган ҳолда хабар берди.

Нашр суҳбатдошларига кўра, OG никига эга йигит уларга бу махфий ҳужжатларни ишдан уйига олиб келганини айтган. Суҳбатдошларнинг қўшимча қилишича, у аввалига коронавирус пандемияси шароитида изоляция шароитида видеоўйинлар бўйича фикр алмашиш учун мўлжалланган платформага ҳужжатларни мунтазам жойлаштирган. 

WP маълумотларига кўра, ёпиқ, фақат ичкаридан таклиф қилинадиган Discord гуруҳи тахминан 24 кишидан иборат бўлиб, уларни «қурол, ҳарбий жиҳозларга муҳаббат» бирлаштиради. OG гуруҳ аъзоларига иш кунининг бир қисмини мобил телефонлар ва бошқа гаджетлардан фойдаланиш тақиқланган ёпиқ муассасада ўтказиши ҳақида айтган. 

The Washington Post суҳбатлашиш имконига эга бўлган гуруҳ аъзолари сўзларига кўра, улар OG’нинг ҳақиқий исмини, шунингдек, у яшаётган ва ишлаётган штатини билишади, бироқ бу маълумотни баҳам кўришдан бош тортишган. Улар фикрига кўра, бу одам нима қилаётганидан хабардор бўлган: «У ақлли, бу ҳужжатларни эълон қилганда нима қилаётганини тушунган. Бу ҳеч қандай тасодифий сизиб чиқиш эмас», - деб ҳисоблайди гуруҳ аъзолари.

Аввалроқ АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин маълумотлар сизиб чиққан манба аниқланмагунча тергов давом этишини маълум қилганди. Discord платформаси раҳбарияти, ўз навбатида, баёнот эълон қилди, унда тергов олиб бораётганлар билан ҳамкорликка тайёр эканликлари эълон қилинди, бироқ қўшимча изоҳ берилмаган.

Аксарияти тармоқдан ўчириб ташланган Америка разведкаси махфий ҳужжатларининг сизиб чиқиши кенг резонансга сабаб бўлди. Улардан, бошқа нарсалар қаторида, Қўшма Штатлар ўз иттифоқчилари устидан жосуслик қилмоқда деган хулоса чиқариш мумкин. Ҳужжатларда, шунингдек, Украина томонидан режалаштирилган қарши ҳужум муваффақиятига шубҳа билдирилган ва Украина Қуролли кучларида ўқ-дорилар ҳамда ўқитилган кадрлар етишмаслиги ҳақида хабар берилган. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид