Жаҳон | 02:00 / 14.04.2023
14348
2 дақиқада ўқилади

Пентагон махфий ҳужжатларини ошкор қилишда гумонланувчи ҳибсга олинди

У  21 ёшли Жек Тейшейра экани айтилмоқда.

Фото: New York Times

АҚШ Федерал қидирув бюроси (ФҚБ) Массачусетс ҳаво миллий гвардияси разведка бўлимининг 21 ёшли аъзоси Жек Тейшейрани Пентагон ҳужжатларининг ошкор этилишига алоқадорликда гумон қилиб ҳибсга олди. 

Бу ҳақда New York Times разведка хизматига таяниб хабар берди. Ҳибс унинг Шимолий Дейтондаги (Массачусетс штати) уйида амалга оширилган. Жараён тасвирланган видео ижтимоий тармоқларда тарқалди.

Аввалроқ, NYT 21 ёшли Жек Тейшейрани сўнгги бир неча ой ичида АҚШ разведкасининг махфий файллари ошкор этилган кичик онлайн ўйинлар гуруҳи раҳбари бўлгани, у Массачусетс ҳаво миллий гвардиясининг разведка қанотида хизмат қилгани ҳақида ёзган эди.

Қайд этилишича, у Thug Shaker Central номли хусусий интернет гуруҳини бошқарган, у ерда қурол-яроғ, видео ўйинлар ва мемларга умумий қизиқиш туфайли 20-30 га яқин одам йиғилган. 

Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда Америка махфий ҳужжатлари тарқалган, уларда Украинадаги уруш, Яқин Шарқ, Корея ва Хитойга оид маълумотлар борлиги аниқланган эди.

Мавзуга оид