Жаҳон | 12:50 / 18.04.2023
13497
3 дақиқада ўқилади

G7 Россиянинг Украинадаги уруши тарафдорларига огоҳлантириш билан чиқди

Японияда бўлиб ўтган G7 ташқи ишлар вазирлари йиғилишидан сўнг учинчи давлатлар томонидан Россияга қурол етказиб беришга қарши ишларни кучайтиришга қарор қилинди. Вазирлар Россияга қарши санкцияларни кучайтиришга ваъда берди. 

Фото: Reuters

«Еттилик гуруҳи» давлатлари Япониянинг Каруизава шаҳрида бўлиб ўтган йиғилишда Россия ва Хитой агрессив ҳаракатларига қарши аниқ позициясини эълон қилди. G7 ташқи ишлар вазирлари томонидан 18 апрель, сешанба куни қабул қилинган якуний баёнотга кўра, Россиянинг Украинага бостириб киришини қўллаб-қувватловчи давлатлар бунинг учун «юқори нарх» тўлайди. Учрашув иштирокчилари «Россияга учинчи давлатлар томонидан қурол етказиб берилиши олдини олиш бўйича мувофиқлаштиришни кучайтиришга» ваъда берди. 

Саноати даражаси юқори бўлган давлатлар Ташқи ишлар вазирликлари раҳбарлари Москванинг Беларусда тактик ядро қуролини жойлаштириш таҳдидини кескин қоралаб, уни «қабул қилиб бўлмайдиган» деб атади. «Россия томонидан кимёвий, биологик ёки ядровий қуроллардан ҳар қандай фойдаланиш даҳшатли оқибатларга олиб келади», дейилади ҳужжат матнида.

Шу билан бирга, G7 Украинадаги уруш учун санкцияларни янада кучайтиришга тайёрлигини билдирди. «Биз Россияга қарши санкцияларни янада кучлироқ қилишда қатъиймиз», — дейилади баёнотда. Йиғилиш иштирокчилари Россияни Украинадан барча қўшинларини зудлик билан ва сўзсиз олиб чиқиб кетишга чақирди ва Киевни мамлакатни қайта тиклашда қўллаб-қувватлашни давом эттиришга ваъда берди. 

G7 вакиллари Пекин расмийларини Жануби-Хитой денгизида кескинликни қўзғатаётганликда айблади. «Хитойнинг Жануби-Хитой денгизидаги кенг кўламли даъволари учун қонуний асос йўқ ва биз Хитойнинг минтақадаги милитаристик фаолиятини қоралаймиз», деди улар икки кунлик учрашувлардан сўнг. Баёнотда, шунингдек, G7 давлатларининг Тайванга нисбатан асосий позицияси ўзгармаслиги таъкидланади. 

G7 ташқи ишлар вазирлари, шунингдек, баёнотида Шимолий Кореяни ядровий қурол ёки баллистик ракеталарни ҳар қандай синовдан ўтказишдан тийилишга чақирди. Улар Шимолий Кореянинг янги ракета синовларига «тезкор, бирлашган ва ҳал қилувчи халқаро жавоб» билан таҳдид қилишди. 

«Катта еттилик» ташқи сиёсат идоралари раҳбарларининг учрашуви Хиросимада май ойида бўлиб ўтадиган G7 саммити олдидан ўтказилди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид