Жаҳон | 21:07 / 18.04.2023
5126
2 дақиқада ўқилади

G7 Швейцарияни рус олигархларига қарши етарлича курашмагани учун қоралади 

Гуруҳнинг фикрига кўра, руслар ўзларининг миллиардлаб пулларини оффшорларда яшириш учун Швейцариянинг шахсий ҳаёт дахлсизлиги тўғрисидаги қонунлари ва бошқа «бўшлиқлар»дан фойдаланмоқда. 

Фото: Reuters

«Катта еттилик» давлатлари Швейцарияни санкциялардан қочган россиялик олигархларга қарши курашда етарлича ҳаракат қилмаётгани учун танқид қилди. Берн айбловларни асоссиз деб ҳисоблайди. Бу ҳақда Financial Times ёзди. 

Журналистлар Берндаги G7 элчилари ва Европа Иттифоқи элчиси томонидан имзоланган мактуб нусхасини олдилар. Унинг ҳақиқийлигини G7 давлатларининг юқори мартабали дипломатлари тасдиқлаган. Швейцариянинг Handelszeitung ишбилармонлик нашри илк бор ҳужжат ҳақида хабар берди. 

5 апрелдаги мактуб Швейцария Федерал кенгаши - ҳукуматига юборилган. «Катта еттилик» унга мамлакат Россия пуллари учун «хавфсиз бошпана»га айланмаслиги йўлида қилган саъй-ҳаракатлари учун миннатдорчилик билдирган, бироқ санкциялар режимини қўллаш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтириш зарурлигини қайд этган. 

Гуруҳнинг фикрига кўра, руслар ўзларининг миллиардлаб пулларини оффшорларда яшириш учун Швейцариянинг шахсий ҳаёт дахлсизлиги тўғрисидаги қонунлари ва бошқа «бўшлиқлар»дан фойдаланмоқда. 

Швейцариянинг Иқтисодий масалалар бўйича давлат котибияти (SECO) маълумотларига кўра, мамлакат Россиянинг 7,5 миллиард Швейцария франкига тенг активларини музлатиб қўйган, бироқ G7 элчилари бу миқдор анча юқори бўлиши мумкин, деб ҳисоблайди. 

Бошқа нарсалар қаторида, улар Швейцарияда икки фуқаролик, қонуний резидентлар, Швейцария юридик шахслари билан юридик алоқалари бўлган шахслар ва билвосита бенефициар мулкка эга бўлган шахслар учун мамлакатда мавжуд ҳимоя воситаларига ишора қиладилар. G7 ушбу «бўшлиқлар» Швейцарияни обрў-эътиборга хавф солиши ҳақида огоҳлантирган. 

FT шарҳида SECO вакили G7 даъволарини «асоссиз» деб атаган ва Швейцария ҳукумати Ғарб санкцияларига «зудлик билан қўшилганини» эслатган. Шунингдек у G7 элчилари Швейцария қонунчилигининг тегишли меъёрларини нотўғри тушунган бўлиши мумкинлигини, санкциялардан бўйин товлашга ёрдам бериш жиноий жавобгарликка тортилишини таъкидлаган. 

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид