NASA Киевга сунъий йўлдош қулагани ҳақидаги маълумотни инкор қилди
19 апрель оқшомида Киев осмонида ёрқин чақнаш кузатилди. Украина пойтахти расмийлари ҳеч қандай ракета ҳужуми бўлмаганини, ҳодиса сабаблари ўрганилаётганини маълум қилди.
АҚШ Миллий аэрокосмик агентлиги (NASA) ўзининг космик сунъий йўлдоши Киев вилоятига қулаган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги хабарларни рад этди. NASA вакилининг 20 апрель, пайшанба куни AFP’га айтишича, қулагани гумон қилинаётган RHESSI аппарати ҳозирча орбитада. Унинг таъкидлашича, NASA ва АҚШ Мудофаа вазирлиги орбитадан чиқиши керак бўлган ушбу сунъий йўлдошни кузатишда давом этмоқда.
Ўз навбатида, Киев шаҳар ҳарбий маъмурияти раҳбари Сергей Попко 19 апрель куни NASA сунъий йўлдоши ёки метеорит қулаган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги хабар дастлабки маълумот эканлигини, вазият қўшимча ўрганилаётганини айтди. «Текшириш ва аниқлаштиришдан сўнг, душман самолётларидан фойдаланиш эҳтимоли ёки ракета қуроллари билан ҳаво ҳужуми уюштирилгани ҳақидаги маълумотлар тасдиқланмади», — деб ёзди у Telegram’да.
19 апрель оқшомида Киев осмонида ёрқин чақнаш кузатилди. Шундан сўнг Сергей Попко Telegram’да бу ҳодиса NASA космик сунъий йўлдошининг Ерга қулаши оқибати бўлиши мумкинлигини ёзди. Унинг сўзларига кўра, кўп ўтмай эълон қилинган ҳаво тревогаси сунъий йўлдош парчалари қулаши оқибатида қурбонлар бўлишига йўл қўймаслик истаги билан изоҳланган. Ўз навбатида, Украина Қуролли кучлари Ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондонлиги, дастлабки маълумотларга кўра, Киев осмонида содир бўлган портлаш сунъий йўлдош ёки метеорит қулаши билан боғлиқлигини ва бу маълумотлар аниқлаштирилаётганини маълум қилди.
Айни пайтда, коинотга бағишланган Alpha Centauri таълим лойиҳаси, катта эҳтимол билан қулаган объект метеорит бўлганини даъво қилмоқда. 2002 йилдан 2018 йилгача қуёш чақнашларини кузатган эски NASA RHESSI сунъий йўлдоши ҳақиқатан ҳам 19 апрель куни атмосферага кириши керак эди, аммо унинг тушиш траекторияси Украина ҳудудидан жуда узоқда, дея таъкидлади Alpha Centauri.