Спорт | 21:59 / 20.04.2023
27949
1 дақиқада ўқилади

«Ювентус»га 15 очко қайтарилди. Клуб турнир жадвалида 7-поғонадан 3-ўринга кўтарилди

Фото: EPA

Италия спорт бошқармаси «Ювентус»ни А Серияда 15 очкодан маҳрум қилиш жарима чорасини бекор қилди. Бу ҳақда Reuters хабар бермоқда.

Қайд этилишича, иш судда қайтадан кўриб чиқилгунга қадар Турин клуби ҳисобидан олиб ташланган 15 очко қайтарилади. FIGC федерал апелляцион суди ушбу ишни қайтадан кўриб чиқишига тўғри келади.

Эслатиб ўтамиз, Турин клуби футболчиларнинг трансфер нархини ошириб кўрсатиш, ходимларнинг харажатларини ҳужжатларда камайтириш ҳамда аксарият футболчиларнинг оладиган маошларини яширганликда айбланиб, январь ойида А Серияда 15 очкодан маҳрум этилган эди. Оқибатда, 37 очкоси бор ва 3-ўринда бўлган «Юве» жазодан сўнг 22 очко билан 10-поғонага тушиб кетганди.

Аввалроқ, ушбу қаллобликлар сабабли клуб раҳбарияти 2022 йил якунида тўлиқ истеъфога чиққанди.

Шу тариқа, «Ювентус» 59 очко (44+15) билан турнир жадвалида ҳозирча 7-поғонадан 3-ўринга кўтарилди.

Усмон Ибодов
Тайёрлаган Усмон Ибодов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид