Ўзбекистон | 13:48 / 21.04.2023
6632
2 дақиқада ўқилади

Испания Ўзбекистондаги узоқ аҳоли пунктларини тоза ичимлик суви билан таъминлаш лойиҳаларини амалга оширади

Испаниянинг AZUD компанияси, Валенсиядаги Silkway Valensiya ўзбек-испан савдо-инвестиция уйи” ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, мутасадди вазирлик ва идоралари ўртасида видеоалоқа орқали музокаралар ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё”.

Суҳбат чоғида испан компаниясининг бош технологи Пабло Руиз ҳамда минтақавий менежери Луис Альтед Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари, Инвестициялар, савдо ва саноат вазири Азамат Утеулиев ҳамда қатор вазирлик ва идоралар мутасадди раҳбарларига AZUD компанияси томонидан ишлаб чиқариладиган компакт сув тозалаш ускуналари, ичимлик ва қишлоқ хўжалиги учун шўр сувни тузсизлантириш технологиялари ҳамда қуёш энергияси ёрдамида ишлайдиган муқим ва мобил ускуналари тўғрисида тақдимот ўтказишди. Ушбу технологиялар асосида испан компанияси дунёнинг кўплаб мамлакатларида амалга оширган лойиҳалари юзасидан атрофлича маълумот беришди.

Қорақалпоғистон мутасадди раҳбарлари испан компаниясининг технологияларига катта қизиқиш билдириб, ҳудудда сувсизлик ва шўрланиш оқибатида вужудга келган оғир вазият туфайли бу каби технологиялар ёрдамида қўшма лойиҳалар ишлаб чиқиш таклифини беришди.

Эришилган дастлабки келишувларга асосан, Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги ва етиб бориш қийин бўлган аҳоли пунктларини тоза ичимлик суви билан таъминлаш бўйича пилот лойиҳаларни ишлаб чиқиш режалаштирилди. Шу мақсадда Испания компанияси мутахассисларини яқин муддатларда Қорақалпоғистонга ташрифини амалга ошириши ва кейинчалик Қорақалпоғистон Республикаси раҳбарлари бошчилигидаги делегацияни Испанияга ташрифини амалга оширишга келишилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид