Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Европа етакчилари бирин-кетин Хитойга сафар қилмоқда. ЕИ, Путин айтганидек, Хитойга Россиядан кўра кўпроқ боғланганми?
2022 йил ноябр ойи бошида Германия канцлери Олаф Шолц Европанинг коронавирус пандемиясидан бери Хитойга ташриф буюрган илк етакчиси бўлганди. Ундан бироз кейин Европа кенгаши президенти Шарл Мишел ҳам Пекинга сафар қилди. 2023 йилда Испания бош вазири Педро Санчес ва Франция президенти Эммануэл Макрон Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен билан биргаликда Хитойга борди.
Апрел ойида эса Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Хосеп Боррелнинг Хитойга ташрифи режалаштирилган эди. Бироқ Боррелнинг сафари унда ковид аниқлангани туфайли бекор қилинди (лекин худди шу вақтда Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок Хитойга келди). Италия бош вазири Жоржия Мелони ҳам яқин вақт ичида Хитойга ташриф буюришни режалаштирмоқда.
Европа Иттифоқи ва Хитой ўртасидаги бундай алоқалар Владимир Путинга, Хитойга Россия эмас, балки Европа Иттифоқи кўпроқ боғланганини айтиш учун асос бўлди. Meduza нашри европалик сиёсатчиларнинг бу ташрифларидан мақсад нима экани, уларнинг сафарлари Украинадаги уруш билан қандай боғлиқлиги ва нима учун Жинпинг Европага келмай, улар Хитойга бораётганини ўрганган.
Нега ковид пандемияси Хитойни бир муддат ташқи сиёсатни унутишга мажбур қилди? Ва Си Жинпингнинг Хитой раҳбарлигига учинчи муддатга сайланиши дипломатик изоляциядан чиқишга қандай таъсир ўтказди?
2020 йилда SARS-CoV-2 вируси «ватани» бўлмиш Хитойнинг Уҳан шаҳри қаттиқ карантин учун бутунлай ёпилди, унинг ортидан эса бутун Хитойда карантин жорий қилинди. ХХР раҳбариятининг асосий эътибори ички сиёсий кун тартибига қаратилди. Мамлакат пандемияга қарши кураш олиб борди, маҳаллий бюрократия эса 2022 йил октябрига белгиланган Хитой Коммунистик партиясининг (ХКП) ХХ қурултойига тайёргарлик кўрди. Ушбу съездда сиёсий бюро аъзолари тасдиқланди ва Си Жинпинг марказий қўмита бош котиби лавозимига қайта сайланди.
Қурултойдан бир неча ой ўтгач, 2022 йил охирида, коронавирус чекловларининг аксарияти бекор қилинди. Бу билан бирга, янгиланган сиёсий машинани безаш ҳам якунланди: 2023 йил 5 мартда мамлакатнинг олий маслаҳат органи — Хитой халқ сиёсий маслаҳат кенгаши, (ХХСК) Бутунхитой қўмитасининг 14-чақириғининг биринчи сессияси очилди. Ушбу чақириқ давомида Си Жинпинг расман Хитой Халқ Республикаси раислиги ва Марказий ҳарбий кенгаш раҳбарилигига учинчи муддатга тасдиқланди. Шунингдек, ҳукуматнинг янги таркиби, жумладан, янги бош вазир – коммунистик партиянинг Шанҳай қўмитасининг собиқ котиби Ли Сян ҳам ўз лавозимига тасдиқланди.
Ушбу воқеалар фонида Хитой ташқи сиёсат билан фаол шуғуллана бошлади. Агар ковиднинг келиб чиқиши, савдо уруши ва Россиянинг Украинадаги тажовузига нисбатан икки хил позиция АҚШ билан келишмовчиликларни кучайтириб, Пекин ва Вашингтон қарама-қаршилигини янги босқичига олиб чиққан бўлса, Европа, аксинча, узоқ вақтлик оддий дипломатик алоқалардан сўнг Хитой билан яқинлашишга ҳаракат қилишга қарор қилди.
Яъни европалик сиёсатчилар Хитойга фақат карантин тугагани учун кела бошладими? Унда нега Си Жинпинг Европага бормаяпти?
Ҳа, сафарлар кўпайиши сабабининг энг оддий жавоби – пандемия тугаши ва асосий карантин чекловлари бекор қилиниши билан боғлиқ. Хитойнинг ташқи сиёсат билан шуғулланиш вақти келди – европалик сиёсатчилар эса бу вазиятни ўтказиб юборишни истамади.
Европа Иттифоқи раҳбарлари бугунги кунда Хитойга кўплаб сабаблар туфайли қизиқиш билдирмоқда, бу сабаблар уларнинг Пекинга ташрифларини жуда муҳим қилади. Си Жинпинг учинчи муддатга қайта сайланганидан кейин у билан шахсий муносабатлар ўрнатиш, иқтисодий манфаатлар учун лоббичилик қилиш, Пекинни Россия-Украина урушида воситачи сифатида иштирок этишга чақириш – бу омилларнинг барчаси Хитойни европалик сиёсатчилар учун энг машҳур дипломатик йўналишлардан бирига айлантирди.
Шу билан бирга, Си Жинпингнинг Европа Иттифоқига таклиф қилиниши сайловчилар томонидан салбий қабул қилинади. Агар Россияда уни азиз меҳмон ва стратегик ҳамкор сифатида кутиб олишса, европалик сайловчилар бундай ҳаракатларни қабул қилмайди. Улар сайлаган сиёсий вакиллар эса бунинг ортидан ўз рейтингларини йўқотишни хоҳламайди.
2022 йил август-октябр ойларида Шимолий Америка, Европа ва Яқин Шарқнинг 15 та давлатида онлайн тарзда ўтказилган бир қатор ижтимоий сўровномалар натижалари бу мамлакатлар аҳолиси Хитойга нисбатан кескин позицияни қўллаб-қувватлашини кўрсатди. Латвия, Руминия ва Грециядан ташқари барча мамлакатларда респондентларнинг 50 фоизидан кўпроғи Пекинга нисбатан салбий ёки ўта салбий муносабат билдирган. Швейцарияда бундай фикрдаги одамлар 72 фоиз, Финландияда, Австрия ва Германияда 60 фоиздан ошиқроқ бўлган.
Сўнги мисол айниқса эътиборли. Германия Европа Иттифоқининг энг йирик иқтисодиёти ва унинг муваффақияти кўп жиҳатдан Хитой билан яқин алоқаларга боғлиқ. Бироқ Хитой юқоридаги сўровномада немислар салбий муносабат билдирган давлатлар орасида тўртинчи ўринни эгаллаган (Шимолий Корея, Россия ва Эрондан кейин). Германия аҳолисининг катта қисми Пекиннинг геосиёсий экспансиясининг олдини олиш ва Хитойда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни савдо ва инвестицияларни ривожлантиришдан кўра устунроқ вазифа деб ҳисоблаган.
Хўш, бундай ҳолатда европалик сиёсатчилар Пекинга сафарларини сайловчиларга қандай тушунтиради? Ва бу ташрифлардан амалий фойда борми?
Европа Иттифоқи раҳбарларининг Хитойга сўнгги барча ташрифлари учун мақсадни Германия канцлери Олаф Шолц белгилаб берди. Унинг Politico нашрига берган мақоласида баён этилган ғояларни, Пекинга борган деярли барча юқори мартабали меҳмонлар турли усуллар билан қайта такрорлади.
Биринчидан, сафарлар Европа Иттифоқининг сиёсий муаллиф сифатида бирлигини таъкидлайди. Олаф Шолц буни қуйидагича таърифлаган:
«Мен Пекинга Германия федерал канцлери сифатида кетяпман, лекин шу билан бирга, мен буни европалик сифатида ҳам қиляпман. Мен бутун Европа номидан гапирмаяпман — бу ўзбошимчалик ва нотўғри бўлар эди — лекин Германиянинг Хитойга нисбатан сиёсати Европанинг Хитойга нисбатан сиёсати асосига қурилсагина муваффақиятли бўлиши мумкин».
Шолцдан сўнг, Европа Кенгаши президенти Шарл Мишел ҳам дарҳол ўз сафарининг миллатлараро маъносини тасвирлади:
«27 давлат раҳбарлари Европа Иттифоқи ва Хитой ўртасидаги муносабатларнинг муҳим аҳамияти ҳақида келишиб олди. Биз бу алоқаларни Европа ва глобал манфаатлар учун қандай қилиб энг яхши тарзда бошқаришни муҳокама қилдик. Хитой билан муносабатларимизнинг барча жабҳалари бўйича очиқ ҳамкорлик — бу олдинга ягона йўл. Биз 2023 йилда бўлиб ўтадиган Европа Иттифоқи-Хитой саммити доирасида фикр алмашишни давом эттиришга келишиб олдик».
Франция президенти Эммануэл Макрон ҳам ўз ташрифидаги умумевропа характерини таъкидлади. У Хитойга Европа комиссияси раиси – яъни ЕИ ижроия органи раҳбари – Урсула фон дер Ляйен билан бирга боргани ҳам бежиз эмас.
Ташрифларга сабаб сифатида кўрсатилган бу ноаниқ мотивациялар ортида янада амалий компонент— иқтисодий соҳа яширинган. Европа Иттифоқи мамлакатлари етакчилари ташқи сиёсатни қуришда иттифоқнинг бирлиги ва унинг субъективлигига эътибор қаратади, бу билан бир вақтда иқтисодий қарорлар қабул қилишдаги суверенитетни ҳам таъкидлайди.
Бу жиҳатдан, Европа лидерлари инсон ҳуқуқларининг бузилиши ва Тайван муаммоси туфайли Хитойни танқид қилишни «бу биз эмас — бу Брюсселдаги бюрократлар, энди келинг, биз давлатларимиз ўртасидаги икки томонлама савдони муҳокама қиламиз» дейиши мумкин. Яъни «ноқулай» мавзулар билан «Брюссел бюрократлари» шуғулланади — улар Хитой билан дипломатик можаролар учун жавобгар ва айни пайтда Европа фуқаролик жамиятининг Пекинга салбий муносабатини ифодалайди.
Хитой бундай ўйин қоидаларини қабул қилади ва Европа Иттифоқи раҳбарияти билан танқидий фикр алмашиб, бир вақтнинг ўзида алоҳида давлатлар раҳбарлари билан савдо, инвестиция, экология, маданият ва спорт масалалари бўйича ижобий кун тартибини сақлаб қолади.
Пекинга ташрифларнинг амалий натижалари ҳақида гапирилса, шуни айтиб ўтиш керакки, европалик сиёсатчиларнинг ҳар бири Си Жинпинг билан алоқа ўрнатишда ўзининг прагматик манфаатларидан келиб чиқади. Ушбу мулоҳазалардан келиб чиққан ҳолда, Шолц ҳатто Макрон билан қўшма сафар таклифини ҳам рад этди ва Франция президенти Хитой раҳбари билан учрашув санасини ўзгартирмагунча, Пекинга ташрифини норасмий равишда ортга сурди. Бу ажралиш Европа Иттифоқи ва Хитой ўртасидаги муносабатлардаги янги тенденциядир: 2019 йилда, Си Жинпингнинг Парижга ташрифи чоғида Макрон ўша пайтдаги Германия канцлери Ангела Меркел ва Европа комиссияси раиси Жан-Клод Юнкерга иттифоқ бирлигини намойиш қилиш учун музокараларга қўшилишни таклиф қилган эди.
Пекинни ғазаблантирмаслик учун Европа Иттифоқи раҳбарлари намойишкорона тарзда АҚШ ва Хитой ўртасидаги можародан ҳам узоқлашмоқда. Европа эҳтимол алоҳида-алоҳида бўлиб қўллаши ҳам мумкин, бунда у Хитой олдида «айбсиз» бўлиб қолади. Масалан, Европа давлат хизматчиларининг расмий телефонларига ТikТоk’ни ўрнатишни тақиқлаш каби АҚШ санкцияларини қўллав-қувватлайди, аммо Вашингтон технология компанияларидан Хитойга яримўтказгичлар экспортини чеклашни талаб қилганда, Европа сиёсатчилари савдо урушидан четда қолишни афзал кўради. Бунинг ўрнига Пекин учун муҳим бўлган «ягона Хитой» тамойилини қўллаб-қувватловчи ва Тайван бўғозида ҳарбий можаронинг олдини олишни илгари сурувчи декларацияни такрорлайди. Шундай баёнотлар билан Шолц ҳам, Макрон ҳам чиқиш қилди.
Буларнинг бари миллий бизнес манфаатларини ҳимоя қилиш учун жуда муҳим. Европанинг ҳар бир етакчиси Пекинга бизнес ҳамжамиятининг энг йирик вакиллари билан бирга сафар қилди, чунки улар давлат раҳбарлари иштирокида барча муҳим битимларни музокаралар столида муҳокама қилишлари мумкин эди.
Ушбу столда ўзаро ишонч пайдо қилиш учун ташрифлардан олдин рамзий сигналлар юборилади. Масалан, Шолцнинг Пекинга сафаридан бир неча кун олдин Германия ҳукумати муросасоз қарор қабул қилди, унга кўра, Хитойнинг COSCO Shipping Ports Ltd (CSPL) компаниясига Ҳамбургдаги Tollerort контейнер терминалининг дастлаб режалаштирилган 35 фоизи ўрнига 24,9 фоиз улушини сотиб олишга рухсат берилди.
Битим мамлакат ичида Хитойга қарамликнинг кучайиши ва буни рағбатлантиришда канцлернинг шахсий роли ҳақида ҳақидаги кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди. Украинадаги уруш бошланишидан олдин Германия Россия билан муносабатларда қўллаган «савдо орқали ўзгариш» сиёсати, биринчи навбатда, газ таъминоти соҳасида яққол муваффақиятсизликка учради. Аммо Хитой билан муносабатларда, Шолц ҳукумати хавфларни диверсификация қилмоқда. Айнан шунинг учун ҳам CSPL улуши немис компаниясининг операцион сиёсатига таъсир ўтказа олмайдиган даражага туширилди.
Макроннинг ташрифи нисбатан кўп сонли битимлар билан ажралиб турди. Хитой Ташқи ишлар вазирлиги хабар беришича, томонлар авиация, фан ва технология, таълим ва қишлоқ хўжалиги каби турли соҳаларда 40 га яқин ҳукуматлараро битим ва бизнес шартномалари имзолаган.
Хитойнинг урушдаги роли ҳақидаги музокаралар нима бўлди? Макрон ва Шолц Жинпингдан Владимир Путинни «тинчлантириш»ни сўрамадими?
Афсуски, прагматик сиёсатда, биринчи навбатда иқтисодий манфаатлар устунлик қилади. Европалик меҳмонлар ва Си Жинпинг музокараларида Россиянинг Украинадаги уруши мавзуси охирги бўлиб муҳокама қилинди. Эҳтимол, ёпиқ эшиклар ортида Шолц, Макрон ва бошқа юқори мартабали европалик ташриф буюрувчилар Хитой раҳбарини Ғарб чақириқларига эътиборсиз бўлаётган Россия президентига таъсир ўтказишга ундаган.
Аммо чиқишларда Хитойнинг урушдаги фаолроқ позицияси томонлар томонидан тилга олинмади: баёнотлар ядро қуролини ишлатмаслик ва тарқатмаслик ҳақида умумий иборалардан иборат бўлди. Хитой бундай ибораларни Шолц билан муҳокамаларда ҳам, Макрон билан қўшма баёнотда ҳам бажонидил қўллаб-қувватлади. Франция ва Хитой, шунингдек, 2022 йил январ ойида БМТ Хавфсизлик Кенгашининг беш доимий аъзоси томонидан маъқулланган (ўшанда ҳатто Россия ҳам ядро урушида ғолиб бўлмайди ва бундай уруш ҳеч қачон олиб борилмаслиги керак деган тезисга қўшилганди) ядро уруши ва қуролланиш пойгасининг олдини олиш сиёсатига содиқлигини яна бир бор тасдиқлади.
Шу билан бирга, Европа етакчилари, шубҳасиз, Си Жинпингга Украинадаги уруш бўйича ўз позицияларини тушунтирган. Аммо бу ерда тўлиқ таърифлаб бўлмайдиган иккита омил бор:
— Биринчидан, Си Жинпингнинг Россия Федерацияси раҳбариятига реал сиёсий таъсири қандай? Тўғри, таъсир кўрсатишга ёрдам берувчи савдо, иқтисодий ва молиявий воситалар, албатта, мавжуд ва улардан фойдаланиш мумкин. Аммо Европа Москванинг Пекинга қарамлигини ортиқча баҳоламаяптими? Си Путинга қўнғироқ қилиши ва бунинг ортидан жанглар тўхтаб, уруш музокаралар босқичига ўтиши сценарийси ҳозирда фантастик кўринади.
— Иккинчи тахминга кўра эса, ХХР раҳбари ўзининг Кремлдаги «азиз дўсти»га ўз таъсири даражасини эҳтиёткорлик билан баҳолайди ва Жинпингнинг Европа билан музокаралар столида Россияга босим ўтказиш эмас, балки унга ёрдам бермаслик шарти туради. Бу оддий, тушунарли ва Хитой сиёсий раҳбариятига ҳеч қандай қийинчилик туғдирмайди. Лекин шунга қарамай, алоқаларнинг бундай сценарийсига ишонч ҳосил қилиш учун ҳам етарли асос йўқ.
Бундан келиб чиқадики, Путин ҳақ — европалик сиёсатчилар Хитойга уларнинг Пекинга қарамлиги ошиб бораётгани учун ҳам тез-тез сафар қиляптими?
Эслатиб ўтамиз, Путин ВГТРК телеканалига берган интервьюсида «Европа иқтисодиётининг (Хитойга) қарамлиги қайсидир соҳаларда Россиянинг Хитойга қарамлигидан анча тез суръатларда ўсиб бораётгани»ни таъкидлаган ва бунга далил сифатида Хитой ва бирлашган Европа ўртасидаги савдо айланмаси юқори суръатларда ўсиб бораётгани келтирилган.
Ҳақиқатан ҳам савдо айланмаси ўсмоқда. 2022 йилда Хитой ва Европа Иттифоқи ўртасидаги умумий ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 847,3 миллиард долларга етди, бу 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 2,4 фоизга кўпроқ. «Евростат» маълумотларига кўра, ўтган йили Хитой Европа Иттифоқининг экспорт ҳамкорлари орасида 9 фоизлик улуш билан учинчи ўринни эгаллаган (биринчи ўринда – 19,8 фоиз билан АҚШ, иккинчи ўринда – 12,8 фоиз билан Буюк Британия). Шу билан бирга, Хитой 20,8 фоиз улуш билан Европа Иттифоқига энг йирик товарлар импортчиси ҳисобланади (АҚШ ва Буюк Британияда мос равишда 11,9 фоиз ва 7,3 фоиз, Россияда эса 6,8 фоиз).
Аммо бир мамлакатнинг бошқасига иқтисодий қарамлиги нафақат савдо ҳажми, балки унинг структураси орқали ҳам белгиланади. Европа Иттифоқи ва Хитой ўртасидаги савдо муносабатлари ҳамда Россия ва Хитой ўртасида иқтисодий алоқаларнинг асосий фарқи уларнинг диверсификациясидир.
Россия ва Хитой ўртасидаги товар айирбошлаш 2022 йилда рекорд даражадаги миқдорни — 190,27 миллиард долларни ташкил этган (Хитой Бош божхона бошқармаси маълумотларига кўра). Аммо Россиянинг Хитойга экспортининг 70 фоиздан кўпроқ қисмини нефт, қувурлар орқали етказилувчи газ, LNG, кўмир ва мазут экспорти ташкил этган. Агар бу маҳсулотлар қаторига минерал ресурслар ва ёғоч етказиб бериш ҳам қўшилса, Россия Федерацияси Хитойнинг «хомашё базаси»га айлангани ҳақидаги тахминлар асосли экани кўринади.
Ўз-ўзидан энергия ресурсларини етказиб беришда ҳеч қандай ёмон жиҳат йўқ — ҳар бир мамлакат ўзининг савдодаги рақобатбардошлик афзалликларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга. Муаммо шундаки, Россиянинг Хитойга экспортида энергия ресурслари улуши шунчалик каттаки, Хитой томонидан талабнинг ҳар қандай ўзгариши Россия учун жиддий иқтисодий оқибатларга олиб келиши мумкин.
Хитойнинг Европа Иттифоқи мамлакатлари билан савдо структураси бу маънода анча «хавфсиз». 2022 йилда Европа Иттифоқидан Хитойга саноат товарлари экспорти улуши хомашё экспорти улушидан сезиларли даражада юқори бўлди — 87 фоизга 11 фоиз. Энг кўп экспорт қилинган саноат товарлари машина ва транспорт воситалари (52 фоиз) бўлса, иккинчи ўринни бошқа саноат маҳсулотлари (19 фоиз) ва кимёвий моддалар (16 фоиз) эгаллаган. Яъни Европадан Хитойга, асосан, юқори қўшимча қийматга эга бўлган саноат маҳсулотлари боради.
Худди шу қоида тескари йўналиш учун ҳам амал қилади. 2022 йилда Хитойдан Европа Иттифоқига энг кўп импорт қилинган ишлаб чиқариш товарлари машина ва транспорт воситалари (53 фоиз) бўлди, ундан кейин бошқа саноат маҳсулотлари (33 фоиз) ва кимёвий моддалар (11 фоиз) қайд этилган. 2022 йилда икки энг оммабоп тоифалар — телекоммуникация ускуналари ва маълумотларни автоматик қайта ишлаш машиналари савдосида 2021 йилга нисбатан ўсиш кузатилди.
Демак, Путин қисман ҳақ — Европа иқтисодиётининг Хитой иқтисодига қарамлиги, шубҳасиз, ортиб бормоқда. Аммо шуни қўшимча қилиш керакки, бу йўл икки томонлама, яъни, ўз навбатида Хитой иқтисодиётининг Европага боғлиқлиги ҳам ортиб бормоқда. Таққослаш учун, 2022 йилда Хитойдан Россия Федерациясига экспорт 76,12 миллиард долларни, Европа Иттифоқига эса 700 миллиард долларни ташкил этган.
Тўғри, глобал савдо иштирокчиларининг ўзаро боғлиқлиги, Россия мисолида кўрсатилгандек, ҳар доим ҳам барқарорлик кафолати эмас. Берлин Москва билан муносабатларда қўллаган «савдо ёрдамида ўзгариш» сиёсати, уруш бошлаш каби мантиқсиз қарорлар қабул қилиш томонлардан ҳеч бирига фойда келтирмаслигини англатади. Яқин иқтисодий алоқалар доирасида бу душмандан кўра, ўзига қаттиқроқ зарба беришни билдиради. Аммо Путин ҳатто бугунги прагматик дунёда ҳам бу мантиқ ҳар доим ҳам иш бермаслигини исботлади.
Бугунги кунда Европа Иттифоқи ва Хитой ўртасидаги савдонинг асосий муаммоси Европа ҳали ҳам Хитойдан, унга экcпорт қилгандан кўпроқ маҳсулот импорт қилишидир: 2022 йил охиридаги салбий савдо сальдоси 395,7 миллиард еврони ташкил этган. АҚШ ҳам Хитой билан худди шу муаммога дуч келди ва улар буни асосан Хитойдан келувчи турли товарларга божхона тўловларини жорий этиш орқали ҳал қилди. Европа эса музокаралар йўлини танлади.
Бу музокаралар нимага асосланади? Зеро, Европа иттифоқининг Хитойга иқтисодий қарамлиги ҳали ҳам Хитойнинг Европага нисбатан қарамлигидан бир неча баравар юқори.
Бу саволга жавоб бериш учун Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйеннинг сўзларидан иқтибос келтириш мумкин. Ляйен бу сўзларни Пекинга ташрифи якунида бўлиб ўтган матбуот анжуманида айтиб ўтди. Ушбу ташриф доирасида томонлар ўзаро муносабатларнинг асосий тамойилини белгилаб олди — бир-биридан мутлақ ажралиш (decouple) эмас, балки потенциал хавфларни камайтириш (derisking).
«Мен [Европа Иттифоқи раҳбарларини Хитойдан узоқлашишга чақириш] ҳаётий ёки керакли стратегия эканига шубҳа қиламан. Менинг ҳисоблашимча, биз хавфларни камайтириш билан шуғулланишимиз керак. Бу савдо пайтида ушбу хавфларни ўз зиммасига олмайдиган кўплаб товарлар ва хизматлар мавжудлигини тан олган ҳолда, аниқ рискларга эътибор қаратишни англатади. Албатта, турли хавфлар уларни бартараф этиш учун турли хил воситаларни талаб қилади. Биз савдо ва инвестиция муносабатларимизни диверсификация қилиш орқали боғланиб қолиш хавфига қарши курашамиз», деган Урсула хоним.
2023 йилнинг 13 апрелида Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок Берлин Хитойдан иқтисодий ажралишдан манфаатдор эмаслиги, аммо ўз иқтисодий қарамлигини камайтириш йўлида «хавфларни йўқотиш»га ҳаракат қилишини айтди. Россия газ таъминотига қарамликнинг хаёлий оғриқлари, монополист-етказиб берувчи фойдасига аниқ устунлик мавжуд бўлган ҳар қандай иқтисодий муносабатларни шубҳа остига қўйди.
Европа Иттифоқи ва Хитой ўртасидаги музокараларда Си Жинпингнинг 2023 йил 20-22 март кунлари Россияга ташрифи доирасида фаол муҳокама қилинган «вассаллик» ёки «катта ва кичик оға» дискурси мавжуд эмас. Агар айрим Европа давлатлари Хитой билан ўзларининг иқтисодий ва инвестицион лойиҳаларини муҳокама қилаётган бўлса, Европа Иттифоқи савдо муносабатлари ва ташқи сиёсат доирасида ўз обрўсини йирик жаҳон актёри ва музокараларда Пекин томонидан ҳурмат қилинадиган ҳамкор сифатида кўтармоқда.
Хитой онгли равишда ушбу алоқалар доирасида сўнгги йиллардаги изоляция ҳолатидан узоқлашмоқда. Бугунги кунда хорижий раҳбарлар респондент сифатида гапирувчи мамлакатда ҳақиқатан ҳам жамоатчилик фикрини музлатиш ўтказилмоқда. Чет эл етакчиларининг ҳар бири Пекинга келажак ҳақидаги тасаввурларини ҳам, Хитойнинг ундаги ролини ҳам кўрсатади. Ва уларнинг ҳар бирида Хитой кўпинча ҳал қилувчи рол ўйнайдиган иқтисодий, ҳарбий, халқаро, инфратузилма ва молиявий лойиҳаларнинг узун рўйхати мавжуд.
Яқин келажакда Хитой ушбу тўпламини тескари алоқаларда давом эттиради, шундан сўнг у танаффус қилади ва кейин глобал ўзаро муносабатларнинг янги қоидаларини яратишга киришади.
Мавзуга оид
23:16
Европа Иттифоқи Украина ва Молдова аъзолиги бўйича музокараларни бошлайди
20:27 / 09.06.2026
Си Жинпинг Пхенянда: Хитой ва КХДР муносабатларни «янги чўққилар»га олиб чиқмоқда
08:50 / 05.06.2026
ЕИда украиналик қочқинларни ҳимоя қилиш тартиби ўзгариши мумкин
08:58 / 04.06.2026