Жаҳон | 11:51 / 24.04.2023
6987
2 дақиқада ўқилади

Украина: Москва бутун дунёда барқарорликни бузди

Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулебанинг фикрича, Россия Украинага ҳужум қилиб, инсонпарварликнинг асосий тамойилларини оёқости қилди. У Москва билан тинчлик музокаралари ўтказиш имкониятини қатъиян рад этди.

Фото: Reuters

Киевнинг фикрича, Россия нафақат Украина ва бутун Европадаги тинчликни, балки уруш бошланишидан олдин мавжуд бўлган дунё тартибини ҳам бузди. Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба 24 апрель, душанба куни Die Welt газетасида чоп этилган мақоласида «Россия ваҳшийлик қилиш орқали инсонпарварликнинг асосий тамойилларини йўқ қилди», деб ёзди.

Кулебанинг сўзларига кўра, Москва барча жиноятлар учун жавобгарликка тортилмагунча, ҳақиқий тинчлик бўлмайди. «Тинчлик белгиси остида 21-асрга бўлган умидлар Россиянинг ҳаракатлари билан барбод бўлди. Бунинг ўрнига Россия бизни мустамлакачилик истилолари билан кечган узоқ 19-асрга қайтарди», деди украиналик вазир. 

«Бу уруш минтақадаги хавфсизлик ажралмас эканлигини кўрсатди. Битта таҳдид - ҳамма учун таҳдид. Евроатлантика хавфсизлиги келажаги Украинадаги жанг майдонида ҳал қилинади», - дейди Дмитрий Кулеба. 

Украина Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Москва ва Киев ўртасида музокаралар ўтказиш имкониятини қатъиян рад этди. «Агар биз ҳозир хатога йўл қўйсак ва Россия президенти Владимир Путинни бошқа барча потенциал тажовузкорлар учун огоҳлантириш сифатида мағлуб этиш ўрнига, тажовузкорлиги учун қандайдир тарзда мукофотлашга қарор қилсак, бу Украина, Европа ва бутун дунё келажагига таҳдид солади», - деб таъкидлади Кулеба. 

Барқарор тинчликка фақат Украинанинг халқаро миқёсда тан олинган чегараларини тиклаш орқали эришиш мумкин. «Ҳақиқий тинчлик халқаро ҳуқуқ ҳомийлигида бирлашган тинчлик демакдир. Ўтган аср тарихидан олинган сабоқлардан кўриниб турибдики, жаҳон ҳамжамиятига муроса эмас, чинакам тинчлик керак», - дея хулоса қилди Украина ТИВ раҳбари. 

Мавзуга оид