Ўзбекистонда 1 майдан бошлаб пул ўтказмаларини (P2P) амалга оширувчи ташкилотлар кўрсатилган хизматлар учун комиссия олиш-олмаслигидан қатъи назар, ўтказмалар учун электрон ҳисобварақ-фактура расмийлаштириб, солиқ органларига тақдим этиши керак.

Бу билан, барча картадан картага ўтказмалар ҳақидаги маълумотлар солиқ органларининг ихтиёрида жамланади. Бу банк сирлари ва тўлов ташкилотларига доир қонунларга зидлиги ҳақидаги танқидларга қарамай, масъул органлар шу вақтгача нега бунга йўлга қўйилаётганига бирор изоҳ бермади. Қонун чиқарувчи органлар ва Марказий банк ҳам сукут сақлаяпти.

Kun.uz шу мавзуда иқтисодчилар Шуҳрат Қурбонов ва Отабек Бакиров билан суҳбатлашди. Интервьюга улар билан бирга, Солиқ қўмитаси вакилларини ҳам таклиф қилган эдик, лекин улар келмаслигини айтишди.

— P2P ўтказмаларга ҳисоб-фактура расмийлаштириш ўзи нима, оддий тилда тушунтирилса?

Шуҳрат Қурбонов: — P2P бир жисмоний шахс иккинчи жисмоний шахснинг картасига пул ўтказма амалга оширишидир. Кундалик ҳаётдаги оддий ўтказмалар. Ўтган йилдан бошлаб тўлов иловалари P2P учун фискал чек ҳам чиқара бошлади. Энди 1 майдан ҳисоб-фактура расмийлаштириш бошланади.

Одатда, ҳисоб-фактура икки юридик шахс ўртасида расмийлаштирилади, яъни жисмоний шахсларга алоқаси йўқ. Шу вақтгача жисмоний шахс нимадир сотиб олса, унга ҳисоб-фактура расмийлаштирилишини кўрмаганман. Одатда фискал чек берилади. Ҳисоб-фактуранинг фарқи шуки, унда томонларнинг тўлиқ маълумоти кўрсатилади. Ҳозирча бу нарса нима учун ва кимга кераклиги ҳақида ҳеч ким айтмади.

P2P ўтказмаларда ҳисоб-фактура қандай расмийлаштирилиши, [унда] қайси маълумотлар бўлиши ҳақида низомни кўрганимиз йўқ. Бу борада очиқ саволлар кўп. Бизнинг ихтиёримизда фақат юридик шахслар ўртасида ҳисоб-фактура тўлдириш низоми бор.

Отабек Бакиров: — Ҳозирги суҳбатимизда солиқ органидан ходим бўлганида, яхши бўлар эди. Умуман, солиқ органи томонидан охирги пайтлар тушунтириш ёки муносабатларни ҳам кўрмаяпмиз.

Тўлиқ низомни кўрмадик. Лекин 13 апрелдаги йиғилишда қатнашган банк ходимларининг айтишича, энди ҳар кунлик ўтказмаларнинг умумий ҳисоботи қўлда тайёрланиб, Солиқ қўмитасига етказиб берилади. Ҳали бу автоматик тизимга ўтса керак. Лекин биз учун техник тарафи эмас, ҳуқуқий ва иқтисодий тарафлари муҳим. Бу ҳақда Kun.uz'да батафсил