Жаҳон | 14:45 / 26.04.2023
9483
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Конгресси Украинани 1991 йилги чегараларга қайтаришни талаб қилди

Конгрессменлар Украина Россияни мағлуб этиши ва чегараларини тиклаши кераклиги ҳақидаги резолюцияни тақдим этди. Ҳужжатда Украинани НАТОга қабул қилиш ҳам талаб қилинган. 

Фото: Getty Images

АҚШнинг Демократик ва Республикачи партиялари конгрессменлари 25 апрель, сешанба куни Конгресс Вакиллар палатасига Украинадаги уруш бу давлатнинг 1991 йилги чегараларига қайтиши билан якунланиши кераклиги таъкидланган резолюция лойиҳасини тақдим этди. «АҚШ сиёсати шундан иборатки, Украина босқинни енгиб, халқаро тан олинган чегараларини 1991 йил доирасида, яъни Қрим ва Россия Федерацияси томонидан аннексия қилинган бошқа ҳудудлар билан тиклаши керак», дейилади ҳужжатда. 

Шунингдек, резолюция лойиҳасида Украина НАТОга аъзо бўлиши, Россия товон пули тўлаши, Кремль расмийлари эса ҳарбий жиноятларда айбланиб судланиши кераклиги айтилади. 

Ҳужжат Конгресснинг Ҳелсинки комиссияси аъзолари бўлган республикачи Жо Уилсон ва демократ Стив Коэн томонидан тайёрланган. Ҳужжат овозга қўйилишидан олдин Вакиллар палатасининг Ташқи ишлар қўмитаси томонидан кўриб чиқилади. 

Айни пайтда, Конгресснинг Ҳелсинки комиссияси Twitter’даги саҳифасида 25 апрель куни Капитолий яқинида Украинанинг ўнлаб тарафдорлари йиғилгани, улар резолюциянинг Конгрессга киритилишини олқишлагани ҳақида хабар берди. Йиғилганлар орасида Украинанинг собиқ президенти Виктор Юшченко ҳам бўлган. 

Мавзуга оид