Жаҳон | 23:53 / 26.04.2023
17994
2 дақиқада ўқилади

«Бу яхши» — АҚШ Зеленский ва Си ўртасидаги суҳбатга муносабат билдирди 

Қўшма Штатлар агар Россия Украинадан ўз қўшинларини олиб чиқса, уруш «дарҳол» тугатилиши мумкинлигига ишора қилди. 

Фото: AFP

АҚШ Украина президенти Володимир Зеленский ва Хитой раҳбари Си Жинпинг ўртасидаги телефон суҳбатини олқишлади. 

«Биз буни яхши деб ҳисоблаймиз. Энди бу қандайдир мазмунли тинчлик учун ҳаракат, режа ёки таклифга олиб келадими, буни ҳозирча билмаймиз», деди Оқ уйнинг миллий хавфсизлик бўйича вакили Жон Кирби. 

«Биз узоқ вақтдан буён бу уруш тугашини хоҳлаётганимизни айтмоқдамиз», деди у ва агар Россия Украинадан ўз қўшинларини олиб чиқса, «дарҳол» тугатилиши мумкинлигини қўшимча қилди. 

«Агар музокаралар орқали тинчлик ўрнатиладиган бўлса, олдин президент Зеленский бунга тайёр бўлиши, буни кучли позициядан амалга ошириши керак. Биз адолатли тинчликка эришиш учун ҳар қандай саъй-ҳаракатларни албатта олқишлаймиз, агар бу тинчлик адолатли, барқарор ва ишончли бўлса. Агар украиналиклар ва президент Зеленский шахсан бунга ҳаракат қилмаса ва қўллаб-қувватламаса, у барқарор ёки ишончли бўлмайди», деди Кирби. 

26 апрель куни Володимир Зеленский ва Си Жинпинг телефон орқали мулоқот қилди. Суҳбатдан кейин Зеленский ҳудудий компромисс эвазига тинчлик ўрнатиб бўлмаслигини айтди. Зеленскийнинг матбуот котиби эса Украина ва Хитой тинчлик режаларининг «кесишиш нуқталари» борлигини маълум қилди.

Мавзуга оид