Жаҳон | 23:41 / 28.04.2023
11466
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Украинага ядровий портлашларни аниқлайдиган ускуналарни беради — ОАВ 

Бу Россияни «Украинада ядро қуролидан хуфёна фойдаланиш имкониятидан» маҳрум қилади. 

Фото: Getty Images

АҚШ Федерал миллий ядро хавфсизлиги бошқармаси Украинага ядро қуроли ёки ифлос бомба портлашидан тарқаладиган радиацияни аниқлай оладиган ускуналарни совға қилади. Улар ҳужумни ким амалга оширганини ҳам тасдиқлаши мумкин. 

The New York Times газетасининг ёзишича, бу ҳақдаги қарор агар Россия Украинада ядро қуролидан фойдаланса, унинг изини аниқлаш ва Кремлнинг айбини исботлаш учун қабул қилинган. 

АҚШ Федерал миллий ядро хавфсизлиги бошқармасининг таъкидлашича, ускуналар «бутун минтақа бўйлаб» ўрнатилади ва улар «ҳар қандай ядровий портлаш ҳажми, жойлашуви ва оқибатларини тавсифлаш» имкониятига эга. Натижада, бу Россияни «Украинада ядро қуролидан хуфёна фойдаланиш имкониятидан» маҳрум қилади. 

Россия ядро қуролидан фойдаланиш билан дунёга таҳдид қилишда давом этмоқда. Хусусан, Россиянинг собиқ президенти Дмитрий Медведев Қримни деоккупация қилиш «қизил чизиқ» экани ҳақида Украинани огоҳлантирди. 

Украина Мудофаа вазирлиги разведка бошқармаси бошлиғи Кирилл Буданов сўзларига кўра, Қримни озод қилиниши босқинчилар учун оғриқли бўлади, аммо душман ядро қуролидан фойдаланмайди. 

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид