Республика даражасидаги тиббиёт муассасаларини дорилар билан таъминлаш тартиби эълон қилинди
Соғлиқни сақлаш вазирининг “Давлат тиббий суғурта жамғармаси орқали молиялаштириладиган республика даражасидаги давлат стационар тиббиёт муассасаларини дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш тартибини тасдиқлаш тўғрисида”ги буйруғи лойиҳаси эълон қилинди.
Тартиб Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги муассасалар, жумладан республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари, республика тасарруфидаги муассасалар ҳамда тиббиёт олий таълим муассасалари ва уларнинг филиалларининг клиникалари (муассасалар) фаолиятига татбиқ этилади.
Муассасада дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлашда харажатлар сметаси бўйича ажратилиши кўзда тутилган маблағлар ҳисобидан кафолатланган тиббий хизматлар ва дори воситалари пакети доирасида харид қилинадиган дори воситалари ва тиббий буюмлар бепул, қолган ҳолларда пулли асосда муассасага кирим қилинган нархларда амалга оширилади.
Муассаса дорихонаси меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг 2009 йил 2 июндаги “Дори-дармонларни сақлашда меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини тасдиқлаш ҳақида”ги буйруғи билан тасдиқланган санитария қоидалари ва меъёрлари талаблари асосида, шунингдек соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли буйруқларига мувофиқ фаолият юритади.
Дорихона ишини бошқариш олий фармацевтик маълумотга эга бўлган малакали мутахассис томонидан амалга оширилади.
Муассасаларда дори воситаларига эҳтиёжни аниқлаш Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 18 сентябрдаги 741-сон қарорига кўра Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган амалдаги “Асосий дори воситалар рўйхати” асосида амалга оширилади. Муассасада тиббий буюмларга эҳтиёжни аниқлаш соғлиқни сақлаш вазирининг 2016 йил 29 июндаги 60-сон буйруғи асосида амалга оширилади.
Дори воситалари ва тиббий буюмларга бўлган эҳтиёж ҳар бир воситага алоҳида ҳисобланади.
Муассасанинг гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларга бўлган эҳтиёжи Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 29 октябрдаги 472-cон қарори билан белгиланган тартибга мувофиқ аниқланади.
Муассасаларда дори воситалари ва тиббий буюмларга бўлган эҳтиёжни аниқлаш қуйидаги босқичлардан иборат:
а) биринчи босқичда муассасанинг ҳар бир бўлими ўз фаолият туридан келиб чиққан ҳолда ўтган давр учун сарфланган дори воситалари, тиббий буюмлар ҳамда муассаса формуляри ҳамда тиббий буюмлар рўйхатига мувофиқ белгиланган даврда беморларни таъминлаш учун зарур бўлган истиқболли эҳтиёжни ишлаб чиқади;
б) иккинчи босқичда муассасанинг доимий фаолиятдаги ҳайъати бўлимлардан олинган эҳтиёжни умумлаштиради ва режалаштирилаётган давр учун муассасанинг истиқболли йиғма эҳтиёжини шакллантиради.
Дори воситалари ва тиббий буюмларга эҳтиёжни аниқлаш ҳар бир муассасанинг Доимий фаолиятдаги ҳайъати томонидан ўрин фонди, уларда даволанган беморлар, ўртача даволаниш кунлари, даволаш стандартлари, клиник қўлланмалар, кўрсатилаётган тиббий ёрдам ҳажмидан келиб чиқиб амалга оширилган ретроспектив таҳлиллар ва статистик ҳисоботлар асосида ҳар йил учун алоҳида шакллантирилади ва раҳбар имзоси билан тасдиқланади.
Муассасанинг дори воситалари ва тиббий буюмлар учун тасдиқланган йиғма эҳтиёжи республика миқёсида умумлаштириш учун Соғлиқни сақлаш вазирлигига тақдим этилади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги муассасаларнинг йиғма эҳтиёжи асосида келгуси йил учун дори воситалари ва тиббий буюмларини марказлашган ҳолда харид қилиш бўйича давлат буюртмасини шакллантиради. Бунда ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш учун муассасаларнинг профил формулярларига кирмаган дори воситалари ва тиббий буюмлар эҳтиёжи ҳам инобатга олинади.
Беморларни даволаш учун талаб этиладиган дори воситалари ва тиббий буюмлар тўлиқ муассаса томонидан харид қилинади.
Муассасада давлат бюджети ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан зарурий дори воситалар ва тиббий буюмлар билан узлуксиз таъминлаш ва уларнинг бирламчи захирасини яратиш бўйича мутахассис лавозими жорий этилади.
Мавзуга оид
12:30 / 10.10.2024
Дориларнинг постмаркетинг назорати ўтказилади
14:00 / 04.10.2024
Тўрт ҳудудда кучли дори воситалари савдоси фош этилди
13:30 / 17.09.2024
Урганчда 2,9 млрд сўмлик ноқонуний дори воситалари аниқланди
09:00 / 09.09.2024