Жаҳон | 09:01 / 29.04.2023
6337
2 дақиқада ўқилади

ЕИ Германия фуқаролигига эга бўлган эронликка чиқарилган ўлим жазосини қоралади

Эрон Олий суди терроризмда айбланган Жамшид Шармаҳдга нисбатан чиқарилган ўлим жазосини ўз кучида қолдирди. Европа Иттифоқи дипломати Жозеп Боррел Теҳронга Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясини эслатди.

Жамшид Шармаҳд / Фото: Koosha Falahi/Mizan/dpa/picture alliance

Европа Иттифоқи 28-апрел, жума куни Эрон Олий судининг Германия фуқаролигига эга бўлган Ислом Республикаси фуқароси Жамшид Шармаҳдга нисбатан ўлим ҳукмини ўз кучида қолдирган қарорини кескин қоралади. Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел Теҳронни ҳукмни ижро этишдан тийилишга ва маҳкумнинг кечиктирмасдан асосий ҳуқуқлардан фойдаланишини таъминлашга чақирди.

Эркак 2020 йилдан бери ҳибсда ва шу вақт ичида ўзи танлаган адвокатдан фойдалана олмаган, дея билдирди Европа Иттифоқи. Бундан ташқари, Эрон ҳукумати унинг Германия фуқаролигига эга бўлишига қарамай, Шармаҳднинг ёнига консуллик ходимлари киришига рухсат бермади, деб таъкидлади Брюссел.

Ўлим жазоси Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида мустаҳкамланган ажралмас яшаш ҳуқуқини бузади ва шафқатсиз, ғайриинсоний жазо ҳисобланади, деди Боррел. Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбари Теҳронни ўлим жазосини бекор қилиш бўйича изчил сиёсат олиб боришга ва ўзининг халқаро мажбуриятларига, жумладан, 1963 йилдаги Консуллик муносабатлари тўғрисидаги Вена конвенциясига қатъий риоя қилишга чақирди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид