Жамият | 19:17 / 02.05.2023
37130
5 дақиқада ўқилади

Самарқандда икки аёлнинг бачадони олиб ташланди: бу уларнинг қисматими ёки шифокорнинг хатоси?

Паст Дарғом туманида икки аёлнинг бачадонини олиб ташлашга тўғри келган. Икки ҳолатга ҳам бир шифокорнинг алоқаси борлиги айтилмоқда.

Kun.uz’га маълум қилинишича, туман тиббиёт бирлашмасида акушер-гинеколог бўлиб ишлаб келаётган Хайринисо Пармонова 2023 йилнинг 17 апрел куни Паст Дарғом туман тиббиёт бирлашмасига ётқизилган Гўзал Муҳаммадиевага тиббий хизмат кўрсатган. Аёлнинг фарзанди кесарча кесиш йўли билан дунёга келган. Бироқ операциядан сўнг онанинг аҳволи ёмонлашган.

Маълум бўлишича, Муҳаммадиеванинг ўзи ҳам ушбу шифохонада ҳамшира бўлиб ишлаб келган. Бола операция йўли билан дунёга келгач, унда қон кетиш кузатилган. Натижада у яна операция столига ётқизилган. Бу сафар бутунлай аёлнинг бачадони олиб ташланган. Ҳозир у шифохонанинг жонлантириш бўлимида, аҳволи оғир.

Гўзал Муҳаммадиеванинг қариндошлари нега бир йил аввал Пармонованинг хатоси билан шундай ҳолат содир бўла туриб ҳам унга бу вазифа ишониб топширилаётганидан норози. Шифокорга хизмат текшируви тайинланиши, унинг хатти-ҳаракати ва амалиёти тўғри ёки нотўғри бўлганини билишни исташмоқда.

Муҳаммадиева шифохонанинг жонлантириш бўлимида ётгани сабабли у билан суҳбатлашишнинг имкони бўлмади. Аёлнинг яқинларига кўра, у шу вақтга қадар уч марта она бўлган ва операцияга эҳтиёж сезмаган. Бу сафар ҳам фарзандини ўзи дунёга келтирмоқчи бўлган.

Маълум бўлишича, акушер-гинеколог Хайринисо Пармонова 2021 йилда ҳам жарроҳлик амалиётида иштирок этади. У масъул бўлган бемор – Л.Алиеванинг ҳолати оғирлашиб, натижада ҳомила она қорнида нобуд бўлади. Шундан сўнг жарроҳлик амалиёти ўтказилиб, аёлнинг бачадони олиб ташланади.

Жабрланувчининг опаси Мақсуда Пармонованинг айтишича, синглисининг биринчи ҳомиласи бўлган. У шифохонада операция қилингач, аҳволи оғирлашган ва бачадони олиб ташланган. Ҳомила ҳам нобуд бўлган. Натижада аёл бир умр фарзанд кўролмайдиган ҳолатга келиб қолган. Ушбу воқеа ортидан оилада ҳам жиддий муаммолар пайдо бўлган, турмуш ўртоғи билан зиддият юзага келган.

Л.Алиеванинг яқинларига кўра, акушер-гинеколог Х.Пармонова ҳолатни бости-бости қилишга ҳам уриниб, пул таклиф қилган.

Жиноят ишлари бўйича Паст Дарғом туман судининг 2022 йил 15 декабрдаги қарори билан Пармонова ушбу ҳолат учун бир йил муддатга тиббиёт муассасаларида моддий жавобгарлик ва мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилади. Шунингдек, ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ундириш шарти билан икки йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланади.

Умуман, қандай ҳолатларда онанинг бачадонини олиб ташлашга тўғри келади?

Паст Дарғом туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг оналик ва болалик бўйича ўринбосари, олий тоифали акушер гинеколог Комила Муқимованинг айтишича, она бачадонини олиб ташлаш ҳолати тиббиётда кузатилиб туради. Режали ҳолатларда беморнинг яқинлари доим огоҳлантирилади ва уларнинг розилиги олинади. Бироқ шошилинч ҳолатлар ҳам бўлиб турадики, беморнинг ҳаёти хавф остида қолиши мумкин. Мана шундай вазиятларда беморнинг яқинларини огоҳлантиришнинг имконияти бўлмайди баъзан.

Муқимова ҳамкасби ҳақиқатан ҳам хато қилган-қилмагани бўйича якуний хулоса қилишга ҳали эрталиги, асл ҳолат суд-тиббий экспертизаси ёки гестологик текширувдан сўнг тўлиқ маълум бўлишини қўшимча қилди. 

Муассаса бош врачи Дилфуза Камолова акушер-гинеколог Пармонованинг бундай операцияларни ўтказишга салоҳияти етарли, деб ҳисоблашини билдирди.

Хайринисо Пармонова айни пайтда муассасада акушер-гинеколог бўлиб ишлаш баробарида никоҳланувчи ёшларни тиббий кўрикдан ўтказиш учун ҳам масъул ҳисобланади. У ушбу бўлимда “бўлим бошлиғи” вазифасида ишлаб келяпти. 2022 йил декабр ойидаги суд қарорига кўра, Пармонова бир йилгача мансабдорлик лавозимида ишламаслиги керак. Бош врач Камолованинг изоҳ беришича, Пармоновага юклатилган бўлим бошлиғи вазифаси лавозим ҳисобланмас экан.

Пармонова билан боғлиқ бу икки ҳолат тасодифми ёки икки онанинг аччиқ қисмати. Ҳарқалай, жабрланувчилардан бири акушер-гинеколог Пармонова аёлларни операция қилаётганидан норози бўлса, бошқаси унинг амалиётлари нечоғлик малака билан амалга оширилганига шубҳа билдиряпти. Шифокорнинг хатти-ҳаракати юзасидан хизмат текшируви тайинланишини талаб қилмоқда.

Мазкур ҳолат бўйича юқори турувчи муассасалардан муносабат кутиб қоламиз.  

Исомиддин Пўлатов,

Kun.uz мухбири.

Тасвирчи ва монтаж устаси: Фахриддин Ҳотамов.

Руслан Сабуров
Муаллиф Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид