Жаҳон | 16:02 / 03.05.2023
5620
2 дақиқада ўқилади

Немис ОАВ: Володимир Зеленский 13 май куни Берлинга келади

Фото: AP

Берлин полицияси Украина президентининг бўлажак ташрифига ҳозирлик кўрмоқда. Кутилишича, Зеленский Германия пойтахтидан ташқари Ахенга ҳам ташриф буюради ва у ерда унга Буюк Карл номидаги мукофот топширилади.

Украина президенти Володимир Зеленский 13 май куни Берлинга келади. 3 май, чоршанба куни ОАВдаги ушбу маълумот Берлин полицияси томонидан Der Tagesspiegel сўровига жавобан тасдиқланди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари Украина президентининг ташрифига ҳозирданоқ тайёргарликни бошлаб юборган, идора матбуот котиби тегишли хавфсизлик чоралари тафсилотларини ошкор қилмади.

Унинг айтишича, Зеленскийнинг самолёти Берлиндаги BER аэропортининг ҳарбий секторига қўнади. B. Z. газетасининг ёзишича, Украина раҳбари Ritz-Carlton меҳмонхонасида қолади. Газета қайд этишича, Берлин марказида Потсдам майдони ҳудудида кучайтирилган хавфсизлик режими жорий этилган. Украина президенти "шубҳасиз, бутун дунёда таҳдид остида турган одамлардан бири", дея ташрифни режалаштирган полициячилардан бирининг сўзларидан иқтибос келтирган B. Z. Ушбу маълумотларга кўра, ташриф давомида кучайтирилган хавфсизлик чоралари кўрилади, жумладан ҳужжатларни текшириш кузатилади, снайперлар ва сапёр итлар жалб этилади.

14 май куни Зеленский Германия канцлери Олаф Шольц томонидан расман қабул қилинади, сўнгра Германия ғарбига – Ахенга вертолёт парвози режалаштирилган, у ерда унга нуфузли Буюк Карл номидаги мукофот топширилади. Маросимда Зеленский ва Шольцдан ташқари Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен ва Полша президенти Матеуш Моравецкий ҳам иштирок этиши кутилмоқда.

Россиянинг Украинага кенг миқёсли бостириб кириши бошланганидан бери Володимир Зеленский мамлакатни бир неча марта тарк этган. Хусусан, у Вашингтон ва Брюсселга сафар қилди. Украина раҳбари 3 май куни эълон қилинмаган ташриф билан Финландияга келди.

 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид