Жаҳон | 15:30 / 03.05.2023
11873
2 дақиқада ўқилади

Зеленский Финландияга борди

Фото: AOP

Украина президенти Володимир Зеленский 3 май куни тушдан кейин Ҳелсинкига ташриф буюрди. У бу ерда Финландия президенти Саули Ниинистё билан учрашган. Хавфсизлик зарурати туфайли ташриф ҳақида олдиндан эълон қилинмаганди.

Икки давлат раҳбари Финландиянинг Украинани қўллаши, мамлакатлар ўртасидаги икки томонлама муносабатлар ва глобал геополитик вазиятни муҳокама қилишган.

Куннинг иккинчи ярмида Зеленский Швеция, Норвегия, Дания ва Исландия бош вазирлари билан учрашувлар ўтказади. Саммитда Украинадаги можаро ва Шимолй Европа мамлакатлари томонидан мамлакатнинг қўллаб-қувватланиш даражаси муҳокама этилади.

АҚШ ва НАТОга қўшилган Финландия мудофаа соҳасида икки томонлама ҳамкорлик бўйича музокаралар олиб бормоқда. Агар келишув тузилса, Қўшма Штатлар қуролли кучлари Финландия ҳудудидан машғулотлар ва техникани жойлаштириш учун эркин фойдаланиши мумкин бўлади.

Президент Саули Ниинистё келишув ҳақида Финландия хавфсизлигини максимал даражада ошириш йўли сифатида гапирди ва Қўшма Штатлар бу масалада муҳим омил эканлигини таъкидлади.

Финландия 4 апрел куни НАТОнинг 31-аъзосига айланди. Шимолий Атлантика иттифоқининг Россия билан умумий чегараси икки баравар кўпайди ва 2600 километрга етди.

Мавзуга оид