Жамият | 20:48 / 04.05.2023
35600
3 дақиқада ўқилади

“Бу лавозим вакант эмас-ку” — фуқаро вилоят ҳокимидан вазир бўлишига ёрдам беришини сўради

Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаевнинг қабулига борган фуқаро вазир бўлиш ниятида эканини айтиб, икки йилдан бери аризаларига қониқарли жавоб берилмаётганидан шикоят қилди. У вилоят раҳбаридан ўзини алоқа вазири лавозимига даъвогар сифатида президентга тавсия этишини илтимос қилди.

3 май куни Бўка туманида бўлиб ўтган сайёр қабулда фуқаролардан бири Тошкент вилояти ҳокимига вазир бўлиш истагида эканини айтиб, бу борадаги мурожаатларидан натижа бўлмаётгани, шу сабабли президент билан учрашганда уни вазир лавозимига тавсия қилишини сўради.

“Президентга икки йилдан бери алоқа вазири лавозимига даъвогар эканим тўғрисида мурожаат қилиб келаман. Ҳар сафар ёзганимда вазирлик фаолиятига қандай ўзгартиришлар киритмоқчи эканимни изоҳлаб берганман”, дейди Сайдулла Жўраев исмли мурожаатчи.

Зойир Мирзаев эркакнинг сўзларини тинглар экан: “Бу лавозим вакант эмас-ку” дея таъкидлаган. Вазир бўлиш истагидаги фуқаро бунга қандай жавоб бергани номаълум, чунки Тошкент вилояти ҳокимлигининг Facebook'даги саҳифасида эълон қилинган видеодан мурожаат муаллифининг сўзларини эшитиб бўлмади.

“Ўзи амалпараст эмасман. Мен билан ҳеч бўлмаса суҳбат ҳам қилинмаяпти. Мен алоқа вазирлиги бўлмоқчиман деб ёзган аризаларимни вазирликнинг ўзига жўнатишяпти. Ёки ГИСга (Давлат алоқа инспекциясининг рус тилидаги қисқартмаси – таҳр.) жўнатадими-ей. Нуқул шунақа сансалор бўлиб ётибди”, дейди мурожаатчи.

Сайдулла Жўраев
Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Фуқаро билан мулоқот давомида вилоят ҳокими ундан президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ҳақида маълумотга эгами ёки йўқ, унинг манзилини билиш-билмаслигини сўраган. У ташкилот ҳақида маълумотга эга эканини билдирган.

Шундан сўнг Зойир Мирзаев вилоят ҳокимлигининг Ташкилий-кадрлар гуруҳи раҳбари Музаффар Ориповни ёнига чақирган.

“Агентликка Отабек Ҳасанов исмли йигит раҳбарлик қилади. Миллий кадрлар захирасини у шакллантиради. Номзодларни ўқитади, тайёрлайди, тақсимлайди. Ҳозир вилоят ҳокимлиги Ташкилий-кадрлар гуруҳи раҳбари Музаффар Орипов сизга керакли йўл-йўриқ кўрсатади”, деган Тошкент вилояти ҳокими.

Зойир Мирзаев сайёр қабул жараёнида
Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Бироқ фуқаро ушбу жавобдан қониқмасдан, Зойир Мирзаевдан президентга ўзини вазирликка тавсия қилишни сўраган.

“Сиздан битта илтимосим бор, бу – шахсий илтимос. Ука сифатида. Президент билан учрашасиз-ку, мени тавсия қилинг, илтимос. Алоқа вазири бўлишга  битта даъвогар йигит бор деб айтинг. Мен бемалол вазир бўла оламан. Қанча суҳбат бўлса тайёрман”, деган у.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг 1 январидан Рақамли технологиялар вазирлиги деб номланган давлат органи 1955–1997-йилларда Алоқа вазирлиги сифатида фаолият кўрсатган. Ушбу муассаса 1997–2002 йилларда Почта ва телекоммуникациялар агентлиги, 2002–2012 йилларда Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги, 2012–2015 йилларда Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси, 2015–2022-йилларда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги деб юритилган.

Бугунги кунда Рақамли технологиялар вазирлигига Шерзод Шерматов раҳбарлик қилмоқда.

Мавзуга оид