Ўзбекистон | 22:00 / 05.05.2023
26396
4 дақиқада ўқилади

“Экологик оқибатлари жиддий бўлади” — экологлар “Толибон” қураётган канал ҳақида

Kun.uz Ўзбекистон давлатчилиги олдида турган ва яқин йилларда янада долзарблашиб, катта муаммога айланадиган уч вазият – сув етишмовчилиги, кўмирга фаол ўтиш оқибатлари ва чўлланиш мавзуларида интервю ўтказди.

Интервю меҳмонлари иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов ва экология масалалари бўйича эксперт Фаррух Сатторов бўлди.

Суҳбат давомида, шунингдек, Афғонистонда толиблар қураётган Қўштепа канали ва у тўла қуриб битказилганда келиб чиқадиган экологик муаммолар ҳам таҳлил қилинди.

— Интервюга киришда бугун уч экологик муаммони таҳлил қилишимиз ҳақида айтдим. Улардан биринчиси – Афғонистонда ҳокимият тепасига толиблар келар экан, Амударё орқали ўзининг уч вилоятига сув олиб бориш учун Қўштепа канали лойиҳасига старт берди. У тўлиқ қуриб битказилса, Ўзбекистоннинг қайси ҳудудлари сувсиз қолиши-ю, қишлоқ хўжалиги учун қандай муаммолар пайдо бўлиши ҳақида ирригатор олимлар билан бир неча бор интервюлар қилдик. Хўш, эколог сифатида бу канал қурилишида сизлар қандай оқибатларни кўряпсиз?

Фаррух Сатторов:

— Амударёнинг қуйи оқимида жойлашган ҳудудлар қўриқхона ҳисобланиб, Бухоро буғусининг асосий яшаш жойи ҳисобланади. Ушбу қўриқхона ЮНЕСКО рўйхатига ҳам киритилган. Экологик томондан энг катта талафот кўрадиган жойлардан бири шу қўриқхона бўлади. Бундан ташқари, сув камайиши ўсимликларга ҳам таъсир қилиб, чўлланиш янада тезлашиб кетиши мумкин. Нафақат дарёнинг атрофлари, балки бошқа катта ҳудудларга ҳам таъсири бор, чунки Амударёдан кўплаб каналлар, суғориш тармоқлари чиққан. Қуйи оқимдаги вилоятларнинг қишлоқ хўжалигига таъсир ўтказади. Дарахтлар, ўсимликлар — умуман, флорага салбий оқибатлар олиб келади.

Фаррух Сатторов

Эркин Абдулаҳатов:

— “Толибон” Афғонистонда ҳокимиятга келганда марказлашган бошқарувни кўзлаган эди. Шимолдаги вилоятларни бирлаштириш учун сув омили керак, албатта. Ўтган йилги Амударё сувидан фойдаланиш лимитига қарайдиган бўлсак, 40 фоиз Туркманистон, 35 фоиз Ўзбекистон, 12 фоиз Тожикистон ишлатган. Ҳозирги келишувларда ҳар йили Қўштепа канали 10 куб километр сув олиши режалаштирилган. Қурғоқчилик даврларида дарёнинг 1/3 сувини ташкил қилади бу.

Эркин Абдулаҳатов

Ўтган йилги кўрсаткичга қўра ҳисобласак, 1/4, яъни 25 фоиз сувни олади дегани. Шундоқ ҳам бизда охирги пайтлар қурғоқчилик, иқлим ўзгариши кузатиляпти. Айни суғориш — вегетация пайтида ҳаво ҳарорати кўтарилиб кетяпти йилдан йилга. Бизнинг минтақада бу ҳолат буғланишни кучайтириб юборади. Суғоришга эҳтиёж ортаверади эндиликда. 2030 йилда юзага келиши мумкин дейилаётган сув етишмовчилигида бу омил ҳисобга олинмаган эди.

Амударёдан сув олиш масаласида Туркманистон 22 куб километрдан кўп сув олиши кўрсатилади ҳар йили. Нега фоизлар бўйича аниқ келишувга эришилмайди, деган савол бор менда. Қурғоқчилик пайтларда Афғонистон 10 куб километр, Туркманистон 22 куб километр сув олса, ўз-ўзидан Ўзбекистонга сув қолмайди. Ҳозирдан, баҳор ойидан сув етишмовчилиги бошланган ўзи. Амударё қуйи оқимидаги Туркманистоннинг бир вилоятида 0,5 куб километр сув етишмаслиги кузатилмоқда айни кунларда. 

Интервюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Абдуқодир Тўлқинов.

Илёс Сафаров
Муаллиф Илёс Сафаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид