Жаҳон | 19:40 / 05.05.2023
14009
2 дақиқада ўқилади

Россиядан Марказий Осиё мамлакатларига пул ўтказмалари кутилмаганда яхши даражада сақланиб қолмоқда — ОТБ

Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Россия-Украина ҳарбий можароси туфайли Россиядан Марказий Осиё мамлакатларига пул ўтказмалари даражаси пасаймаганини қайд қилди. 

Фото: ТАСС

Халқаро молия институтларининг Россия-Украина ҳарбий можароси туфайли Россиядан Марказий Осиё мамлакатларига пул ўтказмаларининг қисқариши бўйича кутилмалари ҳозирча ўзини оқлагани йўқ, деди Осиё тараққиёт банкининг Марказий ва Ғарбий Осиё бўйича бош директори Евгений Жуков.

Унинг сўзларига кўра, ОТБ, Жаҳон банки, Халқаро валюта жамғармаси ва бошқа халқаро молия ташкилотлари мутахассислари «Россия иқтисодиёти жуда катта зарар кўришини ва бу трансферлар сезиларли даражада қисқаришини» кутишган.

«Аслида биз бу хатарлар амалга ошмаганини кўряпмиз. Ҳеч бўлмаганда, Россия ҳозирча ўз иқтисодиётини ҳимоя қилишга муваффақ бўлди ва бу Марказий Осиёдан меҳнат мигрантлари оқими бугунги кунгача давом этишига олиб келди. Россиядан Марказий Осиё давлатларига пул ўтказмалари ҳам яхши даражада сақланмоқда», деди у.

Унинг қайд қилишича, можаро давом этмоқда ва бу қанча давом этишини ва ўрта муддатли истиқболда, айниқса узоқ муддатда Россия иқтисодиётига қандай таъсир кўрсатишини ҳеч ким билмайди.

Жуков сўзларига кўра, ОТБ мутахассислари Россия-Украина инқирози шароитида Россиядан Марказий Осиё мамлакатларига пул ўтказмалари ва меҳнат миграцияси билан боғлиқ вазиятни диққат билан кузатиб бормоқда.

Бироқ, унинг таъкидлашича, муаммо шундаки, бу трансферлар энди икки компонентдан иборат - меҳнат мигрантларининг пул ўтказмалари ва Марказий Осиё мамлакатларига вақтинча кўчиб келган Россия фуқароларининг ўтказмалари.

«Иқтисодчиларимиз учун бу икки оқимни ажратиш қийин, аммо биз бу трансферларни кузатиб борамиз», деб қўшимча қилди у.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид