Жаҳон | 07:43 / 08.05.2023
10473
2 дақиқада ўқилади

WSJ: Киев ва Москва 2023 йил охиригача музокараларни бошлаши мумкин

АҚШ ва Европа Иттифоқидаги сиёсий элита Украина ҳужуми ва Хитой воситачилиги музокаралар учун йўл очади, деб ўйлаяпти. Бу фикрни АҚШ собиқ давлат котиби, 99 ёшли Генри Киссинжер қўллаб-қувватлади.

Фото: chinadaily

Украинанинг яқинлашиб келаётган қарши ҳужуми Россия ва Украина ўртасида 2023 йил охирида Хитой воситачилигида бўлиб ўтиши мумкин бўлган тинчлик музокараларини яқинлаштириши мумкин. Бу ҳақда 7 май, якшанба куни Америка ва Европа расмийларининг фикрига таяниб, The Wall Street Journal (WSJ) ёзди. Нашр таъкидлашича, илгари Хитойнинг воситачилик ролига шубҳа билан қараган Ғарб эндиликда Пекиннинг Киев ва Москва ўртасидаги музокараларда иштирок этишини қўллаб-қувватлашга тайёр.

WSJ томонидан иқтибос келтирилган расмийларга кўра, бу ўзгаришлар ҳеч бир томон урушни чексиз давом эттира олмайди ва Пекиннинг халқаро тинчлик музокараларида рол ўйнашга тайёрлиги синовдан ўтказилиши керак, деган ишончдан келиб чиқади. Бироқ, WSJ суҳбатдошлари Россия президенти Владимир Путин даврида ўт очишни тўхтатиш бўйича музокара олиб борилишига ишонмаяпти.

АҚШ собиқ давлат котиби Генри Киссинжер CBS телеканалига берган интервюсида худди шундай фикрни билдирди. "Энди, Хитой музокараларга киришди, менимча, улар йил охиригача якунланади", деди у ва "ҳақиқий музокаралар"ни назарда тутганини таъкидлади. Киссинжер, шунингдек, Россия билан музокараларда АҚШдан маслаҳатчи сифатида қатнашишга рози бўлишини ҳам таъкидлади.

Мавзуга оид