Туркиядаги президентлик сайловларига уч кун қолганида тўрт номзоддан бири, мухолифатга бериладиган овозларнинг бир қисмини ўзиники қилиб, Эрдўғаннинг ғалабасини таъминлаши айтилаётган Муҳаррам Инже пойгани тарк этди.
Инже ниҳоят Ражаб Тоййиб Эрдўғанни ҳокимиятдан четлатиш учун ҳақиқий имконият юзага келганига ҳақли равишда ишонаётган мухолифатдаги бўлинишга сабаб бўлаётгани учун кучли босим остида қолаётганди.
«Мен ўз номзодимни қайтариб оламан», деди Memleket Partisi етакчиси журналистларга.
Ўз номзодини қайтариб олиш сабабларидан бири сифатида у шаҳвоний характердаги сохта суратлари тарқалганини келтириб, бир ярим ой давомида туҳмат ва тайзиқларга учрагани, Туркия ҳукумати эса унинг обрўсини ҳимоя қила олмаганидан шикоят қилган.
«Сохта аккаунтлар, сохта видеолар, фотосуратлар... улар Исроилдаги порносайтдан видео олишган ва унга менинг юзимни монтаж қилишган. Афсуски, Туркиядаги айримлар манфаати учун бу видеоларни тарқатмоқда», деган у.
Инже шунингдек агар Эрдўған ҳокимиятни ўзида сақлаб қолгудек бўлса, мухолиф партиялар алянси томонидан бош айбдор сифатида кўрсатилишини истамаслигини айтган.
Инженинг сайловда иштирок этишдан бош тортиши - амалдаги президент Ражаб Эрдўғаннинг сайловдаги асосий рақиби Камол Қиличдорўғли учун ажойиб янгилик бўлди. Қиличдорўғли мухолифатдаги олти партия тузган алянсга етакчилик қилмоқда ва сўнгги сўровларга кўра, сайловларда у 49 фоиз овоз қўлга киритиши кутилмоқда.
Туркия фонд бозори ҳам бу янгиликка кескин ўсиш билан реакция қилди.
Президент Эрдўған мамлакатни 20 йилдан буён бошқариб келмоқда. Унинг бошқарувидаги сўнгги йилларда Туркия жиддий иқтисодий муаммоларга дуч келди, хусусан, инфляция даражаси 44 фоизга етди. Кўплаб таҳлилчилар бунда Туркия Марказий банки сиёсатига аралашгани учун шахсан президентни айблашмоқда.

Марказий банк амалда мустақилликка эга эмас ва президент ундан кутган қарорларни қабул қилади. Президентнинг эса пул-кредит сиёсати бўйича ўзига хос қарашлари бор.



















