Жамият | 11:53
2481
1 дақиқада ўқилади

Тошкентда чўкаётган аёл ва уни қутқаришга уринган Миллий гвардия ходими ҳалок бўлди

Миллий гвардия ходимлари Бўзсув каналида оқиб кетаётган аёлни кўриб қолган. Хизматчилардан бири унинг ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида сувга тушган. Бироқ кучли оқим туфайли аёл ҳам, уни қутқаришга уринган 21 ёшли ходим ҳам ҳалок бўлган.

Фото: suvmap.uz

Тошкент шаҳрида чўкаётган аёл ҳамда уни қутқармоқчи бўлган Миллий гвардия ходими ҳалок бўлди. Бу ҳақда Millar дастурида хабар берилди.

Маълум қилинишича, бир аёл Хотира хиёбони яқинида Бўзсув каналига ўзини ташлаган. Унинг сувда оқиб кетаётганини Миллий гвардиянинг Тошкент шаҳар бошқармаси ҳарбий хизматчилари кўриб қолган. Хизматчилардан бири аёлнинг ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида дарҳол сувга тушган.

Бироқ каналдаги кучли оқим туфайли аёл ҳам, Миллий гвардия ходими ҳам сувга чўкиб, ҳалок бўлган. Хабарда ҳалок бўлган ходим 2005 йилда туғилгани, яқин кунларда унинг тўйи ўтказилиши режалаштирилгани айтилган. 

Аёлнинг жасади воқеа содир бўлган куни топилиб, яқинларига топширилган. Ҳарбий хизматчининг жасади ҳам қутқарув хизматлари томонидан олиб борилган қидирув ишлари натижасида топилган. 

Аввалроқ Чирчиқда Бўзсув каналига тушиб кетган фуқаро қутқариб қолинганди.

Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид