09:22 / 16.05.2023
6552

NYT: Россияга самолёт эҳтиёт қисмлари санкцияларни четлаб ўтиб олиб кирилган

Икки россиялик Россия авиакомпанияларига миллионлаб долларлик эҳтиёт қисмлар етказиб бериш схемасини тузган бўлиши мумкин. Улар АҚШда ҳибсга олинган.

Фото: Сергей Бобылев / ТАСС

Россия Федерациясининг Украинага кенг кўламли бостириб кириши ортидан жорий этилган санкцияларга қарамай, 2022 йилда Россияга Boeing ва Airbus самолётлари учун эҳтиёт қисмлар олиб кирилган, деб ёзади The New York Times 15 май, душанба куни. Нашр маълумотларига кўра, етказиб бериш сохта компаниялар орқали амалга оширилган ва самолёт қисмларини якуний олувчилар "Аэрофлот", "Победа", "Урал", "Россия", UTair ва S7 Airlines авиакомпаниялари бўлган.

2022 йил май ойидан бери Россия Федерациясига 14,4 миллион доллардан (12,8 миллион евро) ортиқ қийматдаги самолёт эҳтиёт қисмлари билан беш мингдан ортиқ юк жўнатилди. Етказиб бериш асосан БАА, Хитой, Туркия ва Малдив ороллари орқали амалга оширилди.

11 май куни АҚШда экспорт назоратини бузиш ва пул ювишда айбланаётган икки россиялик ҳибсга олинди. NYT маълумотларига кўра, улар Россия авиакомпаниялари учун эҳтиёт қисмлар етказиб бериш схемаси ташкилотчилари бўлиши мумкин.

Украинада уруш бошланганидан кейин жорий қилинган санкциялар туфайли Россия авиакомпаниялари Европа ва Америка ишлаб чиқарувчиларининг самолётлари, эҳтиёт қисмлари ва техник хизмат кўрсатишисиз қолди. Бундан ташқари, 2022 ва 2023 йилларда расмийлар минтақавий парвозлар дастурини давлат томонидан молиялаштиришни қисқартирди. Шу муносабат билан авиакомпаниялар ҳам Россия Федерацияси ҳудудидаги парвозларни бекор қилишга мажбур.

Top