Жаҳон | 10:25 / 16.05.2023
19616
5 дақиқада ўқилади

ОАВ: Зеленский Россиянинг чегарадаги шаҳарларини эгаллаб олишни таклиф қилган

Унинг ўзи Америка разведкаси баёнотларини «фантазия» деб атади, бироқ Украина ўзини тажовузкордан ҳимоя қилаётгани ва турли кураш усулларидан фойдаланишга ҳақли эканини таъкидлади.

Фото: Presidential Office of Ukraine / Picture Alliance / Scanpix / LETA

Американинг The Washington Post (WP) газетаси разведка хизматлари ва АҚШ Мудофаа вазирлигининг тармоққа сиздирилган баъзи махфий ҳужжатларини ўрганиб чиқди. Улардан маълум бўлишича, Украина президенти Володимир Зеленский шахсий суҳбатларида Россия ҳудудига зарба бериш, Россия чегарасидаги баъзи шаҳарларни эгаллаш, шунингдек, Россия нефтини Венгрияга етказадиган «Дружба» нефт қувурига ҳужум қилишни таклиф қилган.

Газетанинг қайд этишича, бу ҳужжатлар Зеленскийни «тажовузкор инстинктларга эга бўлган етакчи сифатида кўрсатади. Бу эса уни Россиянинг шафқатсиз ҳужумига бардош берадиган вазмин ва жасоратли давлат арбоби ҳақидаги оммавий имижига кескин қарама-қаршидир».

Америка разведкаси бундай маълумотларни электрон хабарлардан қўлга киритган. Пентагон маълумотлар ҳақиқийлигига шубҳа қилмаган.

Махфий ҳужжатлардан бирига кўра, Зеленский январ ойи охирида бўлиб ўтган учрашувда «Россияга зарбалар бериш», қуруқликдаги қўшинларни Россия ҳудудига юбориш ва «Россиянинг чегарага яқин шаҳарларини эгаллаш»ни таклиф қилган. Шу орқали Москва билан бўладиган музокараларда таъсир дастагига эга бўлишни истаган.

Яна бир ҳужжатда айтилишича, феврал ойи охирида Зеленский Украина қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужний билан учрашувда Украинада рус қўшинлари жойлашган манзилларга зарба бера оладиган узоқ масофали ракеталар йўқлигидан афсусда эканини билдирган.

Шу билан бирга, у дронлардан фойдаланиб, «Ростовдаги баъзи жойларга зарба бериш»ни таклиф қилган. Бу ҳақда CNN апрел ойида хабар берган эди.

Бундан ташқари, Зеленский Украина бош вазири ўринбосари Юлия Свириденко билан учрашувда Венгрияга нефт етказиб беришни тўхтатиш учун «Дружба» нефт қувурини портлатиш ва шу тариқа президент Виктор Орбанга зарба беришни таклиф қилган. Орбан Россия президенти Владимир Путиннинг Ғарбдаги асосий иттифоқчиларидан бири саналади. АҚШ разведкаси Зеленский «ғазаби туфайли Венгрияга бўрттирилган, бемаъни таҳдидлар қилган бўлиши мумкин» деб ҳисоблаган.

Володимир Зеленский The Washington Post нашрининг Россия ҳудудларини босиб олишни таклиф қилганми ёки йўқми деган саволига жавоб берар экан, Америка разведкаси баёнотларини «фантазия» деб атади, бироқ Украина ўзини тажовузкордан ҳимоя қилаётгани ва турли кураш усулларидан фойдаланишга ҳақли эканини таъкидлади.

«Украина ўзини ҳимоя қилишга ҳақли ва биз буни қиляпмиз. Украина ҳеч кимни босиб олгани йўқ, аксинча. Шунча одам ҳалок бўлгани, оммавий қабрлар бор экани, халқимиз қийноққа солинаётгани туфайли биз ҳар қандай усулдан фойдаланишимиз кераклигига ишончим комил», деди Зеленский.

Украина президентининг айтишича, Украина қуролли кучлари Россияга қарши зарбалар учун узоқ масофали ракеталардан фойдаланиш имкониятини кўриб чиқмаяпти. «Мамлакатимизда ҳеч ким Россия ҳудудига ҳужум қилиш ёки зарба бериш ҳақида буйруқ бермаган», деди у.

Оқ уйдаги манба айтишича, Зеленский АҚШ президенти Жо Байденга Россияга зарба бериш учун Америка қуролларидан фойдаланмасликни ваъда берган ва «ваъдасини бажармоқда».

Зеленский мазкур нашрга берган интервьюсида Қўшма Штатлар Украинага узоқ масофага учувчи ракеталарни бермаётганини таъкидлади, чунки «АҚШ уларни Россия ҳудудида қўллашимиздан қўрқади», деди.

«Аммо мен ҳар доим ҳамкорларимизга айтаман... Биз олган ўқ-дориларни сарфлайдиган устувор мақсадимиз бор ва биз уни фақат Украина ҳудудларини озод қилишга сарфлаймиз», деб қўшимча қилди Зеленский.

Нашрнинг таъкидлашича, махфий ҳужжатлардан бирида Украина президенти «ўз қўл остидагиларнинг амбицияларини жиловлаган». Ушбу материалларга кўра, Украина ҳарбий разведкаси 2022 йилда курдлар ёрдамида Суриядаги рус қўшинларига ҳужум қилиш режасини ишлаб чиққан, бироқ декабр ойида Зеленский номаълум сабабга кўра «Суриядаги рус қўшинларига қарши операцияларни режалаштиришни тўхтатишга буйруқ берган».

Шу билан бирга, дрон ҳужумлари Россиянинг турли минтақаларида, жумладан, Ростов областида ҳам одатий ҳолга айланган. У ерда май ойи бошида дрон нефтни қайта ишлаш заводига ҳужум қилганди. «Транснефт» март ойида «Дружба» нефт қувурида иккита бомба топилгани, май ойида эса улар қувурда теракт уюштиришга урингани ҳақида хабар берган эди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид