Ўзбекистон | 09:51 / 17.05.2023
18072
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда ЙПХ ходими формаси ва ниқобда одам ўғирлаган жиноий гуруҳ ушланди

Тошкент шаҳрида одам ўғирлаш, босқинчилик ва бошқа қатор жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган бир гуруҳ шахсларга суд ҳукми чиқарилди.

Видеодан кадр

Жиноий гуруҳ аъзоларидан бири ЙПХ инспектори формасини кийиб, фуқарони йўлда тўхтатади ва уни ўғирлайди. Улар жабрланувчидан 7 минг АҚШ долларини босқинчилик йўли билан қўлга киритган ва ундан яна катта пул талаб қилган.

Ушбу шахслар агарда сўралган пулларни бермаса жабрланувчининг бармоқларини кесиб, оила аъзоларини ўлдириш билан қўрқитган. Жабрланувчи ўзини олиб кетаётган машинадан тушиб қолиб, одамларни ёрдамга чақирган.  

Жиноят ишлари бўйича Олмазор туман судининг ҳукми билан 1980 йилда туғилган cудланувчи ЖКнинг 137-моддаси (одам ўғирлаш) 2-қисмининг “б, в” бандлари, 28,164-моддаси (босқинчиликда ташкилотчи) 2-қисмининг “а, б, в” бандлари, 165-моддаси (товламачилик) 3-қисмининг “а” банди, 28,267-моддаси (транспорт воситасини олиб қочишда ташкилотчи) 2-қисмининг “б, в” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилди ва 15 йил озодликдан маҳрум қилинди. 

Қолган уч нафар судланувчилар “одам ўғирлаш”, “босқинчилик”, “товламачилик”, “транспорт воситасини олиб қочиш” жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилди. 

1997 йилда туғилган cудланувчига 13 йил 6 ой,  ва 1981 йилда туғилган судланувчига 13 йил 9 ой, 1994 йилда туғилган cудланувчига эса 14 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. 

Судланувчилардан солидар тартибда жабрланувчи фойдасига 437 139 548 сўм ундирилиши белгиланди.

Мавзуга оид