Ўзбекистон | 11:06 / 19.05.2023
5952
2 дақиқада ўқилади

Дам олиш кунлари айрим ҳудудларда ҳарорат 38 даражагача кўтарилади 

Бугун кундуз куни Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида ҳаво ҳарорати +25...+30 даража, жанубий ҳудудларда +35 даража атрофида бўлган қуруқ ва илиқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. 

Фото: Kun.uz

“Ўзгидромет” хабарига кўра, фақат Қорақалпоғистон Республикасида ва куннинг иккинчи ярмида Тошкент вилояти ва Фарғона водийси вилоятларида баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши кутилмоқда, момақалдироқ бўлиши мумкин. Республиканинг айрим жойларида дўл ёғиши мумкин.

20 майда фақат Тошкент вилояти ва Фарғона водийси вилоятларида қисқа муддатли ёмғир ёғади, тоғолди ва тоғли ҳудудларда баъзи жойларда ёмғир кучли ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Республика бўйича баъзи жойларда шамол 13-18 м/с гача кучайиши кутилмоқда, айрим жойларда чанг-тўзон билан кузатилади.

21 майда Ўзбекистон ҳудуди бўйича ҳаво очиқ ва қуёшли бўлади. Кундузги ҳаво ҳарорати кўтарилади ва +31...+33 даражани, жанубда ва чўл ҳудудларда +35...+38 даражани ташкил этади.

19-20 майда республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин.

Пойтахтда бугун куннинг иккинчи ярмида қисқа муддатли ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин. Шамол 7-12 м/с тезликда эсади. Ҳарорат +25...+27 даража бўлади.

Шанба куни қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Шамол 5-10 м/с тезликда эсади. Ҳарорат кечаси +15...+17 даража, кундузи +27...+29 даража бўлади.

Якшанба куни ёғингарчилик кутилмайди. Шамол 3-8 м/с тезликда эсади. Ҳарорат кечаси +16...+18 даража, кундузи +28...+30 даража бўлади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид