Фан-техника | 20:02 / 20.05.2023
78530
6 дақиқада ўқилади

10,8 минг доллардан сотувга чиққан Geely Coolray кроссовери ва экрансиз ноутбук – ҳафта технодайжести

Kun.uz якунланаётган ҳафтадаги технология ва илм-фанга оид энг қизиқарли хабарларни жамлади.

Geely Coolray 2023

Greely компанияси Coolray кроссоверининг 2023 йил учун рестайлинг версиясини тақдим этди. Янгиланган кроссовер аллақачон Хитой бозорида сотувга чиқарилган.

Фото: autostat.ru

Автомобиль конфигурацияга қараб 75,8 минг юандан 95,8 минг юангача(10800 доллардан 13700 долларгача) бўлган нархларда баҳоланган.

Фото: autostat.ru

Кроссовердаги асосий ўзгариш Geely Coolray’нинг техник имкониятларига тааллуқли: 3 цилиндрли турбодвигатель 1,5 литр ҳажмга эга, 181 от кучини берадиган 4 цилиндрли турбодвигателга алмаштирилган. Автомобилнинг максимал тезлиги – 200 км/соат.

Motorola Razr 40 Ultra

Motorola компанияси ўзининг янги смартфони Razr 40 Ultra’ни оммага тақдим этишга тайёр. Razr 40 Ultra букланадиган смартфон бўлиб, унинг хусусиятлари, имкониятлари ва нархи ҳақида ҳозирча расмий маълумот мавжуд эмас.

Фото: GSM Arena
Фото: GSM Arena

Инсайдерларга кўра, смартфон Snapdragon 8+ Gen1 чипида ишлайди. Оператив хотира эса 12 гигабайтгача бўлади. Аккумулятори сиғими – 3640 мА/соат. Тезкор қувватлаш имконияти мавжуд. Қора, кулранг ва қизил рангда сотувга чиқиши айтилмоқда.

Қозоғистон ўзининг алоқа сунъий йўлдошларини ишлаб чиқмоқчи

Қозоғистон Франция космик саноати етакчилари билан ҳамкорликда ўзининг алоқа сунъий йўлдошларини ишлаб чиқаришни режалаштиряпти.

Уч йилдан сўнг маҳаллий дизайнерлар Қозоғистонда йиғилган қурилмани ишга туширишга ваъда беришяпти. Франция дунёдаги космик аппаратларни ишлаб чиқаришнинг тўлиқ циклига эга бўлган иккита саноатдан биридир – концепция ва технологиядан тортиб, ишга тушириш ва техник хизмат кўрсатишгача.

«Қозоғистонда сунъий йўлдош йиғувчи корхонамиз бор. Шу сабабли, ишлаб чиқариш имкониятларимизни Airbus каби бозор етакчилари билан бирлаштиришни истаймиз. Бизнинг асосий мақсадларимиздан бири - ана шундай ҳамкорликдаги ишлар натижасида Қозоғистонда тўлиқ йиғилган ўз қозоқ сунъий йўлдошимизни яратиш. Ташриф давомида ушбу масалаларни ҳал қилиш бўйича барча техник ва ташкилий масалаларни фаол муҳокама қилдик», - деган Қозоғистон Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноати вазири Бағдат Мусин.

Экрансиз ноутбук

Исроилнинг Sightful стартапи Spacetop дея номланган ноутбукни тақдим қилди. Инновацион қурилмада одатий экран мавжуд эмас, фойдаланувчи AR-кўзойнак таққанида қаршисида 100 дюймли виртуал экран пайдо бўлади.

Фото: tomshardware

Spacetop'нинг пастки қисми классик ноутбуклардан фарқ қилмайди: сенсорли панель, клавиатура, бармоқ излари сканери ва улагичлар мавжуд. Юқори қисмида эса кўзойнак учун чуқурча ва бошни кузатиш учун махсус датчиклардан бошқа ҳеч нарса йўқ. АR ноутбукининг асосий афзаллиги экранга қандай тасвирлар чиққани ва сиз нима билан шуғулланаётганингизни ташқаридан ҳеч ким кўролмайди.

Фото: tomshardware
Фото: tomshardware

Ноутбук Android операцион тизимида ишлайди ва Qualcomm Snapdragon 865 чипи билан жиҳозланган. Хотираси 8+256 ГБ, оғирлиги 1,5 кг.

Асосий камчилиги — фақат веб-илова орқали ишлай олади. Spacetop тақдимотида май ойининг охирида бўлиши ва 2000 доллар билан сотувга чиқиши кутилмоқда.

Exeed’дан 3та премиум модель

Шавкат Мирзиёевнинг Хитойга давлат ташрифи чоғида бир қатор шартномалар имзоланди. Хусусан, Сирдарёда Хитойнинг Exeed бренди остида автомобиллар ишлаб чиқариш бошланиши кутиляпти.

Фото: EXEED
Фото: EXEED

Заводда учта премиум Exeed модели — LХ ихчам кроссовери, ТХL ўрта ўлчамли кроссовери ва VХ тўлиқ ўлчамли йўлтанламасини ишлаб чиқариш режалаштирилган. Уларнинг сотуви июнь ойида бошланади ва ўша вақтда нархлар маълум бўлади.

Лойиҳа бутловчи қисмлардан йиғиш (SKD) босқичида йилига 20 мингтагача ва тўлиқ ишлаб чиқариш цикли (СKD) босқичида йилига 150 минг донача автомобиль ишлаб чиқаришни ўз ичига олади.

Dubai Reefs

Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида яна бир футуристик объект қурилaди. Dubai Reefs номи билан аталган турар жой майдони сув устида жойлашади. 

Дастлаб, миллиард маржондан иборат дунёдаги энг катта сунъий риф қурилади. Унинг устида ҳашаматли виллалар, савдо марказлари, истироҳат боғлари, денгиз тадқиқоти лабораториялари ва турли хил сайёҳлик объектлари бўлади. 

Бундан ташқари, ўн миллионлаб мангров кўчатлари экилади. Лойиҳа муаллифларининг фикрича, Dubai Reefs ноёб экотизимга айланиши лозим.

Объектнинг асосий хусусияти экологик тоза озиқ-овқат ишлаб чиқариш технологияси бўлган регенератив денгиз деҳқончилиги бўлади. Қайд этилишича, турар-жой майдони Дубайни глобал исиш ва денгиз сатҳининг кўтарилишидан ҳимоя қилишнинг муҳим элементига айланиши керак. 

Redmi’нинг энг кучли смартфони

Redmi’нинг энг кучли смартфони мақомини олиши кутилаётган Redmi K60 Extreme Edition (Redmi K60 Ultra) июл ойида тақдим этилади.

Фото: shiftdelete.net

Смартфон MediaTek Dimensity 9200+ чипида ишлайди. Бу чип ўйинларнинг ишлашида юқори самарадорликни таъминлаб беради.

Қурилма 1,5 К текис экранга эга ва у жуда ингичка рамка билан ўралган ҳамда ўта юқори бўлган 144 герц частотани қўллаб-қувватлайди. 

Смартфон 5000 мА/соат қувватга эга аккумулятор билан жиҳозланган. Тезкор қувватлантириш имконияти мавжуд. Асосий камера 50 мегапикселли (IMХ8 сериясидаги камера) бўлиши кутилмоқда. Шунингдек, у флагманларга хос суратларни қайта ишлаш хусусиятини ҳам ўзида жамлайди.

Мавзуга оид