Жаҳон | 19:20 / 20.05.2023
47459
8 дақиқада ўқилади

«Бу ерда кўча қонунлари амал қилади»: дунёнинг энг хавфли шаҳарлари

Кўпчилик хорижга саёҳат қилишдан аввал борадиган давлатидаги хавфсизлик масаласига алоҳида қизиқади. Албатта, ҳамма хавфсиз, тинч, ривожланган масканларга сафар қилишни истайди. Бежиз кўпчилик давлатлар аҳоли ва меҳмонлар учун “Хавфсиз шаҳар” концепциясини илгари сурмайди. Аммо дунёда шундай шаҳарлар ҳам борки, уларда бир куннинг ўзида юзлаб жиноятлар юз беради, ўнлаб одамлар қурбон бўлади.

«Шаҳарнинг катта қисмида полицияни деярли учратмайсиз...»

Жаҳондаги истеъмол маҳсулотлари нархлари, жиноят кўрсаткичи ҳақидаги статистик маълумотларни тақдим этувчи Numbeo портали Венесуэла пойтахти Каракасни жаҳондаги энг хавфли шаҳар дея топган.

Каракасда 2 миллиондан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Аҳолининг миллий ва ирқий таркиби ўта хилма-хил. Кўпчилик қисми испанлар ва ҳиндулар аралашувидан таркиб топган метислардир. Шунингдек, европаликлар авлодлари, қора танлилар ҳам истиқомат қилади.

Айтилишича, Каракасда жиноятчилик билан вазият шу даражага келиб қолганки, бу шаҳарда ёлғиз ва қўриқчисиз саёҳат қилиш, ўз жонини катта хавфга қўйиш билан тенг.

Венесуэла бир неча йиллардан бери кучли иқтисодий инқирозни бошдан кечирмоқда. Жаҳондаги энг катта нефт захираларини ўзида жамлаган давлат эпсиз бошқарув ва тутуриқсиз сиёсат оқибатида жар ёқасига келиб қолди. Натижада аҳвол жуда ёмонлашиб, жиноятчилик даражаси кескин ошиб кетди.

Охирги беш йилда Каракасда ҳар минг кишига ўртача битта қотиллик тўғри келади. Шаҳарда ҳар куни ўнга яқин киши қотиллик ва бандитлар ҳужуми сабаб қурбон бўлади.

Каракасда аҳолининг 70 фоизи хароба уйларда истиқомат қилади. Мутахассисларга кўра, шаҳарда жиноятчиликнинг кескин ортиб кетишига уч асосий сабаб бор: молиявий инқироз, ишсизлик ва тушунарсиз иқтисодий-ижтимоий сиёсат.

Каракаснинг катта қисмида шунчаки кўча қонунлари амал қилади. Бу ерларда полицияни айтарли учратмайсиз. Жуда улкан жиноятлар ёки йирик операциялар вақтидагина уларни кўришингиз мумкин. Ижтимоий муносабатлар ўз ҳолига ташлаб қўйилган.

«Аксарият маҳаллаларга электр етиб бормаган. Айниқса кечқурун чироқ йўқ хароба маҳаллалардан ўтиб бораётганда, сизга биров ҳужум қилмаслигига ёки тирик қолишингизга биров кафолат бера олмайди», – дейди Каракасга ташриф буюрган россиялик блогер Иля Варламов.

«Уго Чавес даврида тартиб-интизом бор эди. Мадуро иқтисодий инқироз фонида полициядаги штатларни қисқартирди. Аҳоли ҳам полицияга ишонмай қўйди. Энди Каракасда кўчада, метрода, бекатда — қаерда қулай бўлса сизни тунашга ёки ўлдиришга уринишади. Ҳукумат фақат бой кварталлар, ташкилотлар бинолари жойлашган ҳудудларни назорат қила олади», дея ёзади блогер.

Сўнгги маълумотларга кўра, бошбошдоқлик ва оғир аҳвол туфайли олти миллиондан ошиқ киши Венесуэлани тарк этган. 28 миллондан ошиқ нуфусга эга давлат аҳолисининг қарийб 20 фоизи хорижда сарсон-саргардон бўлиб юришга мажбур...

ЖАРдаги “жар”ликка қулаган кўчалар

Жанубий Африка республикасининг бирйўла уч шаҳри — Йоханнесбург, Дурбан ва пойтахт Претория нафақат мамлакатнинг, балки дунёнинг энг хавфли манзилларидан саналади.

ЖАР дунёда жиноятчилик энг кўп тарқалган мамлакатлардан биридир. Статистикага кўра, давлат ҳудудида бир кунда 50 дан ошиқ қотиллик содир этилади. Бир йилда бу рақам 18 мингдан ошиқни ташкил этади. Бундан ташқари яна 18 мингдан ошиқ суиқасдлар бўлади.

Мамлакат Африка қитъасидаги нисбатан ривожланган давлатлардан бири саналса-да, сайёҳлар у ерга боришдан аввал хавфсизлик ва эҳтиёткорлик масаласига алоҳида эътибор беришса зиён қилмайди.

ЖАРда жиноятчилик 1980-йиллардан кейин кескин кўпая бошлади ва янги аср бўсағасида ўзининг чўққисига етди. Шаҳарларда асосан қотиллик, ўғрилик ва зўрлаш ҳолатлари кўп тарқалган. Сайёҳлар кўп ташриф буюрадиган минтақаларда эса молиявий қаллоблик ва чўнтаккесарлик кўп учрайди.

Travel Ask маълумотларига кўра, ЖАР пойтахти Претория мамлакат маркази, сайёҳлар учун қулай маскан бўлишига қарамасдан, дунёнинг энг хавфли манзилгоҳлари рейтингида юқори ўринларда туради. Шаҳар оқ танли ирқчилар уяси ҳам саналади. Апартеид оқибатида юзага келган нотенглик ва ирқлараро келишмовчилик ҳануз кузатилади.

Апартеид ва ижтимоий адолатсизлик оқибатлари

Жамиятшунослар фикрича ЖАРдаги мазкур нохуш статистика сабаби йиллар давомида юритиб келинган адолатсиз ижтимоий сиёсат ва ирқий ажратув сиёсати (апартеид) маҳсули ҳамдир.

Республикада кўпинча оқ танли озчилик яхши шароитларда яшайди, аммо қора танлилар орасида қашшоқлик, гиёҳвандлик кўп тарқалган. Ижтимоий нотенглик одамларни жиноят қилишга ундайди, дейилади маълумотларда.

Жанубий Африка хавфсизлик муаммоларини ўрганиш институти вакили Йохан Бургерга кўра, мамлакатда сўнгги йилларда жиноят олами жиловланяпти, масалан 2010-йилларга келиб, қотилликлар 1995 йилга нисбатан 44 фоизга камайди.

Шундай бўлса ҳам, мамлакатга келаётган туристлар маълум хавфсизлик чораларини кўриши мақсадга мувофиқ.

Бургер сайёҳларга қатор огоҳлантиришлар бериб ўтишни лозим топган. Жумладан, кўчага чиққанда одамларга қимматбаҳо буюм ва ҳамёнларни кўрсатмасликка ҳаракат қилинг, уларнинг эътиборини тортмасликка урининг. Жиноий тўдалар мавжуд ҳудудларга ёлғиз борманг. Иложи борича маҳаллий аҳолидан яхши таниш орттирган маъқул. Қаергадир боришдан аввал у билан маслаҳатлашиб йўлга отланиш керак.

Мазкур қоидаларга амал қилмаслик ЖАРда кўнгилсиз воқеалар қаҳрамонига айланишга олиб келиши мумкин. ЖАРнинг нисбатан хавфсиз ва тинч шаҳарлари Кейптаун, Блумфонтейн ва Кимберлидир.

Рио-де-Жанейро: усти чиройли, ичи хавфли...

Бразилиянинг энг йирик шаҳарларидан бири бўлган Рио-де-Жанейро ўзининг гўзаллиги ва туристик салоҳияти билан сайёҳларнинг эътиборини тортиб келади. Аммо...

Рио-де-Жанейро хавфлилик даражаси бўйича биз юқорида айтган Каракас, Претория каби шаҳарлардан қолишмайди. Шаҳарда ҳатто 2010 йилда ҳукумат кучлари ва наркотик савдоси билан шуғулланувчи кучлар ўртасида чинакам уруш юз берган.

Натижада 40 киши қурбон бўлган, 2 мингдан ортиқ киши ҳибсга олинган, 181 дан ошиқ машина ва автобуслар ёқиб юборилган. Бундан ташқари жиноятчилик сабаб, 2018 йил Бразилия сенати шаҳарга армияни киритишга мажбур бўлган, шаҳарда амалда ҳарбий ҳолат жорий этилганди. Шаҳарда истиқомат қилувчиларга кўра, ҳали-ҳануз полиция ва жиноий тўдалар ўртасида тўқнашувлар юз бериб туради.

Бразилияда истиқомат қиладиган, асли келиб чиқиши россиялик бўлган Татяна Торресга кўра, нафақат Рио, балки бутун Бразилияда бир йилда 5 мингдан ошиқ аёллар зўравонлик ортидан ўлдирилади. Бу бир кунда деярли 12 бразилиялик дегани.

«Мен хавфсизроқ туманда истиқомат қиламан. Умуман олганда кўчага чиқишда ўз қоидаларим бор. Тақинчоқлар ва қимматбаҳо буюмлар билан кўчага чиқмайман. Фақат ишончли ва расмий такси хизматларидан фойдаланаман. Кўпроқ туристлар бор жойларда тўхташга ҳаракат қиламан, чунки у ерларда полиция ишлаётган бўлади. Шаҳарнинг ярим аҳолиси хароба уйларда истиқомат қилади. У тарафларга бормаган маъқул», – дейди Татяна Торрес.

Кўпчилик шаҳарлар каби Рио-де-Жанейрода табақавий бўлиниш ва синфийлик жуда кучли. Аҳолининг катта қисми камбағал ҳудудлар – фавелаларда яшашади. Ҳар бир фавелалар ҳатто ўз жиноий тўдаларига эга, бу жойларда ҳатто мактаб, шифохона каби ижтимоий объектлар ҳам йўқ.

Марказий Осиёда вазият қандай?

Crime Index by Country тақдим этган маълумотларга кўра, Марказий Осиёда Афғонистон пойтахти Кобул жаҳоннинг энг хавфли шаҳарларидан биридир.

Афғонистонда ярим асрдан бери давом этаётган талотўпларни ҳисобга олсак, бунда сиёсий омил юқори эканини кўрамиз.

Постсовет Марказий Осиё ҳудудида Қирғизистон жиноят даражаси юқорироқ давлат саналади, ундан кейинги поғонани эса Қозоғистон эгаллаган.

Numbeo рейтингида Қозоғистоннинг энг йирик мегаполиси Олмаота анчагина ёмон натижани қайд этган, у ҳатто Бағдод, Байрут, Теҳрон каби шаҳарларидан кўра хавфлироқ дея эътироф этилган.

Ўзбекистон эса умумрейтингда Венгрия, Норвегия каби Европа давлатлари билан бир қаторда хавфсиз мамлакатлар қаторидан жой олган.

Аброр Зоҳидов 

Аброр Зоҳидов
Тайёрлаган Аброр Зоҳидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид