Жаҳон | 12:45 / 22.05.2023
7595
2 дақиқада ўқилади

Georgian Airways Гуржистон президентини персона нон грата деб эълон қилди

Georgian Airways авиакомпанияси Москвага парвозлар тикланиши муносабати билан авиаташувчига бойкот эълон қилган Гуржистон президенти Саломе Зурабишвилига хизмат кўрсатишдан бош тортди. Давлат раҳбаридан Гуржистон халқидан кечирим сўраш талаб этиляпти.

Фото: Georgian Airways

Гуржистоннинг Georgian Airways авиакомпанияси президент Саломе Зурабишвили Москва билан парвозларни тиклаган авиакомпанияни бойкот қилишга чақирганига жавобан уни персона нон грата деб эълон қилди. Компания асосчиси Тамаз Гаиашвили 21 май, якшанба куни Зурабишвилини Georgian Airways самолёти бортига киритилмаслигини айтди.

"Саломе хоним миллий авиакомпанияга бойкот эълон қилди, биз уни персона нон грата деб эълон қиламиз ва у Гуржистон халқидан кечирим сўрамагунча, биз уни бортга киритмаймиз", - дея Гаиашвилининг баёнотидан иқтибос келтирган маҳаллий ОАВ.

Бир кун аввал, Georgian Airways Россия билан ҳаво қатнови тикланганидан кейин Тбилисидан Москвага биринчи рейсни амалга оширгандан сўнг, Саломе Зурабишвили "борт Georgian Airways қўлида экан, компанияни янада бойитмаслик мақсадида самолётдан фойдаланмасликка" ваъда берди. У ватандошларини бойкотга қўшилишга чақирди.

2019 йилдан бери Москва томонидан Россиядан Гуржистонга тўғридан тўғри рейслар тақиқланганди. 2023 йил 10 майда Россия президенти Владимир Путин ушбу тақиқни бекор қилди. Шу куни Гуржистон фуқаролари учун виза режими ҳам бекор бўлди.

Мавзуга оид