«Rayyona Qutlug‘» иши: 200 одамни 15 млрдга “туширган" фирибгарлардан бирига ҳукм ўқилди
Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судида юзлаб фуқароларни катта миқдордаги пулларга чув туширган «Rayyona Qutlug‘» МЧЖ раҳбарларидан бирига оид жиноят иши кўриб чиқилди. Судланувчи 9 йилга озодликдан маҳрум қилиниб, зарарларни қоплаш бўйнига қўйилди. Унинг жиноий шерикларидан бири чет элга қочиб кетган.
22 май куни чиқарилган ҳукм билан, айбланувчи ЖКнинг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисмининг “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этган, деб топилди ва 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Маълум қилинишича, суд ҳукмида жабрланувчиларга етказилган зарар қопланиши ҳам кўрсатилган.
Тошкент шаҳар судлари матбуот хизматининг Kun.uz'га маълум қилишича, фирибгарлар томонидан 2022 йилнинг 10 январь куни тузилган МЧЖ Тошкентда таниқли блогерлари ёрдамида реклама қилинади. Улар “аҳолининг диний эътиқодга нисбатан бўлган ишончидан ғаразли мақсадлари йўлида” фойдаланган.
Масалан, 40 иш кун мобайнида турли русумдаги машиналарнинг бошланғич 30-50%гача тўлов эвазига 2-5 йилгача муддатда, йилига 10% устама ҳаққи билан чиқариб беришни ваъда қилишган. Ёки Тошкент ва шаҳар атрофида уй-жойларни бошланғич 30 дан 50% гача, муддати 2-10 йилгача, йилига 12-13% устама ҳаққи билан олиб беришни ваъда қилишган.
Бундай жозибадор ваъдалар билан 200 дан ортиқ фуқаролардан 15 миллиард сўм миқдорида бошланғич тўловларни олган МЧЖ раҳбарлари ҳисоб рақамига тушган пулларни нақдлаштириб, ўз манфаатлари йўлида ишлатиб юборган.
Ташкилот эгаларидан бири чет элга қочиб кетган. Қолганларига нисбатан иш алоҳида юритувга ажратилган бўлиб, улардан бири, юқорида таъкидланганидек, 9 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.
Эслатиб ўтамиз, «Rayyona Qutlug‘» МЧЖ мансабдорларига жиноят иши очилгани ҳақида Тошкент шаҳар ИИББ 2022 йил август ойида хабар қилган эди.
Дастлаб корхона мансабдорлари фуқаролар томонидан бошланғич тўлов сифатида тўланган 2 миллиард сўмдан ортиқ миқдордаги пулларни ноқонуний равишда ўзлаштириб юборгани маълум бўлган.
Кейинроқ, дастлабки тергов ҳаракатлари давомида компания мижозлар билан 310 та автомобиль, 52 та уй олиб бериш бўйича шартнома тузгани, шундан 42 та транспорт воситаси, 7 та уй эгаларига топширилгани маълум қилинган эди.
Мавзуга оид
18:25 / 13.12.2024
КХДР фуқаролари АҚШ компанияларига ёлланиб, сохта исмлар ортидан пул топгани маълум бўлди
14:08 / 03.12.2024
Ветнамнинг энг бадавлат аёли фирибгарлик бўйича иш апелляциясида ютқазди. Энди 9 млрд доллар топа олмаса, уни қатл этишади
20:49 / 30.11.2024
Навоийда 162 хонадонли “новостройка” 425 кишига сотилган. Жабрланувчилар терговдан норози
17:28 / 27.11.2024