Ўзбекистон | 21:19 / 29.05.2023
16946
1 дақиқада ўқилади

Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасида аввал беркитилган учта назорат ўтказиш пункти қайта ишга тушади

Қирғиз Республикаси билан чегарадаги «Бекобод — Хонобод» чегара ўтказиш пунктидаги деворни бузаётгани видеотасвирлари тарқалди. Аниқланишича, видео Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти ва Ўзбекистоннинг Андижон вилояти чегарасида суратга олинган.

Қирғизистон чегара хизматига кўра, Ўзбекистон томони мазкур ўтказиш пунктини қайта ишга туширишга тайёргарлик кўрмоқда, деб ёзади Kaktus media.

Мазкур чегара назорат ўтказиш пункти 2010 йилда Ўзбекистон томонидан биртомонлама беркитилган эди. Ўшанда Ўш вилоятига ўтувчи «Қорасув» ва «Қорабағиш» ўтказиш пунктлари беркитилган эди.

Айтилишича, бу чегара назорат ўтказиш пунктларининг барчаси яқин орада очилади. Қирғизистон томони ҳам бу пунктлар орқали фуқароларнинг ўтиб-қайтишини қайта бошлашга тўлиқ тайёр.

Ҳар икки давлат ўртасида қўшимча ўтказиш пунктларини очиш масаласи сўнгги бир неча йил давомида мамлакатлар ҳукуматлари томонидан муҳокама қилиб келинмоқда эди. Бундай пунктларни очишдан мақсад — транспорт юк оқимлари транзитини енгиллаштириш.

Аввалроқ Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукумат делегациялари ўртасида давлат чегарасини демаркация қилиш бўйича музокаралар бўлиб ўтгани хабар қилинган эди.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид