Полша Forbes рўйхатидаги икки миллиардерга қарши санкциялар киритди
Полша «Технониколь» компаниясининг эгалари, миллиардерлар Сергей Колесников ва Игор Рибаковга қарши санкциялар жорий қилди. Уларнинг санкциялар рўйхатига киритилишини Полша расмийлари Украинадаги «махсус операция» билан изоҳлади. Иккала бизнесмен ҳам Forbes рўйхатига киритилган, ҳар бирининг бойлиги 1,4 миллиард долларга баҳоланган. Полша, шунингдек, Беларуснинг 365 фуқаросига, жумладан, 159 депутатга қарши ҳам санкция киритди.
Полша Ички ишлар вазирлиги россиялик ишбилармонлар Сергей Колесников (Forbes рейтингида 81-ўрин, бойлиги - 1,4 миллиард доллар) ва Игор Рибаков (Forbes рейтингида 84-ўрин, бойлиги - 1,4 миллиард доллар), шунингдек, «Технониколь» компаниясининг Полша тузилмаларига нисбатан санкциялар қўллангани ҳақида эълон қилди. Шунингдек, Россия капитали билан алоқадор яна 14 нафар фуқарога нисбатан санкциялар жорий этилди, улардан 13 нафари Россия фуқароси, бир нафари Беларус фуқароси. Яна 20 та ташкилот (улардан 19 таси Россия билан, биттаси Беларус билан алоқадор) ва 365 Беларус фуқароси санкциялар остида қолди.
Рибаков ва Колесниковни санкциялар рўйхатига қўшиш тўғрисидаги қарорларда улар «иқтисоднинг асосий тармоқларида, хусусан, нефтни қайта ишлаш билан боғлиқ соҳаларда» фаолият юритиши айтилган. Полша Ташқи ишлар вазирлиги фикрича, бу Россия расмийлари учун муҳим даромад манбаи. Санкциялар Полшада Рибаков, Колесников ва Boerner Service, Boerner Insulation, Boerner Synthetics Membranes (собиқ Tekhnonikol, Tekhnonikol-Insulation ва Tekhnonikol-PVC Membranes) компанияларининг активлари музлатиб қўйилиши ва уларнинг давлат харидларида иштироки тақиқланишини назарда тутади. Ишбилармонлар Полшада бўлиши исталмаган хорижликлар рўйхатига ҳам киритилади.
Forbes «Технониколь» компанияси матбуот хизматига ва Рибаковнинг вакилига сўров юборди.
Беларуснинг 365 фуқаросига нисбатан санкцияларга Полшанинг Polonia жамоат телеканали журналисти Анжей Почобутга чиқарилган ҳукм сабаб бўлди, деб хабар берди Полша Ички ишлар вазирлиги. Беларусда у мамлакат миллий хавфсизлигига зарар етказиш ва нафрат уйғотишда айбдор деб топилиб, саккиз йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Rzeczpospolita 2022 йилда Почобутнинг Қизил Армия Ғарбий Беларус ҳудудига кирган 1939 йил 17 сентябрь воқеалари ҳақидаги сўзлари ишни қўзғатишга сабаб бўлганини ёзган. Газета аниқлик киритишича, иш унинг Gazeta Wyborcza газетасида 2020 йил 10 августга ўтар кечаси Беларусда намойишлар бостирилгани ҳақида ёзган хабари билан боғлиқ.
Мавзуга оид
18:09 / 12.11.2024
Полша Бош штаби бошлиғи Россия билан урушга тайёргарлик кўришга чақирди
13:14 / 09.11.2024
Полша: РФ махсус хизматлари АҚШга рейсларда портлашлар тайёрлаган бўлиши мумкин
23:43 / 05.11.2024
Полшада АҚШ ва Канада рейсларида теракт уюштиришни режа қилган «ГРУ» агентлари қўлга олинди
23:56 / 04.11.2024